Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:38

Наманганда ўқитувчилар "Навбаҳор" стадионига пул ўтказишга мажбурланмоқда


Навбаҳор стадиони
Навбаҳор стадиони

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари вилоят марказидаги "Навбаҳор" стадиони учун 16 минг 500 сўмдан пул йиғишга мажбурланаётганидан шикоят қилди. Туман халқ таълими бўлими бу сумма туман ҳокимининг фармойишига кўра, барча мактаб ўқитувчиларидан йиғилаётганини тасдиқлади, аммо бунинг ихтиёрий йиғим эканини иддао қилди. Аммо, ўқитувчилар пулни бермасалар, ишдан бўшатилишидан огоҳлантирилаётганини айтмоқда.

Озодликка боғланган ва исмини ошкор этмаган чортоқлик ўқитувчи ҳамкасблари ойлик маошидан 16 минг 500 сўмни стадион ҳисобига ўтказишга мажбурланаётганидан норози эканини айтди:

"​Кечаги куни эса 16 минг 500 сўмдан "Навбаҳор" жамоасига йиғасизлар, дейишди. Агар бермасак, ишдан бўшашга аризангизни ёзинг, меҳнат шартномасини бекор қиламиз, дейишяпти. Бу тўловни фақат 6 киши тўлаган, кўпчилик норози. Шанба куни йиғилиш қилиб ҳамма тўласин, бўлмаса ишни бўшатиб қўйсин, деб роса гапирди директор", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда 33-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари номидан гапирган педагог.

Унинг айтишича, ҳамкасблари "Агробанк"дан олинган пластик карточкалари орқали пул ўтказишга зўрланмоқда:

"Ўз ихтиёрим билан шу пулни менинг пластигимдан хайру-эҳсон қилиб, ўтказиб беринглар, деб ёзинглар деяпти. Банк раисига ёзишимиз керак, улар ўтказиб юбораркан. Ойлиги кўпми-камми, демасдан ҳаммадан бир хил олаяпти. Январь ойида 50-60 минг тўладик шунақа тўловлар учун. 21 минг болалар спортига, 3 минг соғлом авлодга, 3 минг коттежга (намунавий уйлар қурилиши-таҳр), 1 минг экологияга, деб йиғишди. Яна 3 минг хайру-эҳсонга, деб алоҳида йиғишди. Бундан бошқа йиғимлар ҳам бор. Ўтказмайман, деганлар кўп бўлди. Лекин, аризангизни ёзинг, деб дўқ қилишяпти", дейди исмини сир сақлашни сўраган ўқитувчи.

Озодлик бу шикоят ортидан 33-сонли мактаб директори Асила Раҳмонова билан боғланди. Директор мактабда йиғимлар бўлаётганини инкор қилмади, аммо бу борада бирор изоҳ бермасдан телефон гўшагини илиб қўйди.

Сўнгра Озодлик мухбири Чортоқ тумани Халқ таълими бўлимига боғланди. Ўзини мудир ўринбосари Анвархон Акбаров, деб тақдим этган мулозим ҳам йиғимлар бўлаётганини тасдиқлади.

Мулозимнинг мухбир билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, "Навбаҳор" стадиони учун белгиланган 16 минг 500 сўм миқдоридаги пул туман ҳокимининг фармойиши асосида тумандаги барча мактаблар ўқитувчилардан йиғилмоқда. Аммо бу кўнгилли равишда амалга оширилмоқда, дея иддао қилди мулозим.

Акбаров ўқитувчиларни пул ўтказишга мажбурлаш мумкин эмаслиги, қаердадир шундай ҳолат мавжуд бўлса, унга зудликда чора кўрилишини таъкидлади.

Бу мулозим мактаб ўқтувчиларидан олинаётган бошқа йиғимлар - "Болалар спорти", "Соғлом авлод" жамғармалари, намунавий уйлар қурлиши учун ўқитувчилардан пул йиғилаётганига оид шикоятни тўлиқ инкор қилди.

(Наманган вилоятининг бошқа туманларида ҳам ўқитувчилар ёки давлат ташкилотлари ходимларидан стадион учун пул йиғилаётгани тўғрисидаги маълумотлар Озодлик ихтиёрида мавжуд эмас.)

Аммо, Наманган вилоятида нафақат умумий ўрта таълим мактаблари, балки шифохона ва бошқа бюджет ташкилотлари ишчиларидан "Навбаҳор" стадиони қурилиши ва "Навбаҳор" футбол жамоасининг ўзи учун мажбурий тартибда "хайру-эҳсон" йиғилгани бир неча бор кузатилган.

2013 йили “Навбаҳор” клубига аталган замонавий талаблар даражасидаги стадион қурилиши учун ҳам вилоят ҳокимининг оғзаки буйруғи билан ўқитувчилардан тортиб “Дамас” ҳайдовчиларигача “солиқ” солинган ва бу ҳам аҳоли орасида яширин норозилик кучайишига сабаб бўлган эди.

Эски стадион ўрнида қайта тикланган янги стадионни Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллигига тақдим қилиш учун 40 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ сарфланган ва бу сумманинг асосий қисми давлат идоралари ҳамда маҳаллий тадбиркорлардан йиғиб олингани ҳақида шикоятлар кўп.

1974 йилда ташкил топган “Навбаҳор” футбол клубининг ўзи эса 1992 йилдан бери Ўзбекистон олий лигасида мунтазам иштирок этиб келади. "Навбаҳор" ўтган давр мобайнида биргина 1996 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлган. Қолган чемпионат баҳсларида кўпроқ бронза медалини қўлга киритган.

Жамоа 1992, 1995 ва 1998 йилларда Ўзбекистон кубогини, 1999 йили Ўзбекистон суперкубогини қўлга киритган.

“Навбаҳор” жамоаси 1999-2000 йилларда ўтказилган Осиё кубок эгалари кубогининг финал босқичида иштирок этиб, қитъада тўртинчи ўринни қўлга киритган.

XS
SM
MD
LG