Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:22

Наманганлик "метанчи"лар "Ҳудудгазтаъминот"ни ноқонуний ҳаракатларда айбламоқда


Ўзбекистонда вақти-вақти билан метан гази тақчиллиги кузатилади.
Ўзбекистонда вақти-вақти билан метан гази тақчиллиги кузатилади.

Наманган вилоятидаги автомобилларга метан гази етказиб берувчи ширкатлар “Ҳудудгаз Наманган” вилоят газ корхонасини президент фармонларига хилоф равишда ўзларига босим ўтказиб келаётганликда айбламоқда.

Шохобча эгалари монопол ташкилот бўлмиш газ таъминоти корхонаси огоҳлантиришсиз газ тармоғидан узиб ташлагани ва тўлов учун ҳужжатлар тақдим этмасдан пул талаб қилаётганини иддао қилди.

“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиалида Озодликка бу масалада изоҳ беришмаган бўлса-да, вилоят газ инспекциясида вилоят прокуратураси бу борадаги шикоятларни ўрганаётганини билдиришди.

Наманган вилоятида фаолият юритаётган бир гуруҳ автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари ходимлари “Ҳудудгаз Наманган” вилоят газ корхонасини ўз фаолиятларига тўсқинлик қилиб келаётганликда айбламоқда.

Озодлик таҳририятига мурожаат қилган ишчиларга кўра, метан газ етказиб берувчи монопол ширкат шохобчаларни газ тармоғидан узиб қўймоқда ва тўлов учун ҳужжатларни тақдим қилмаётир.

- Ўтган йили апрелда пандемия пайтида президент қарори билан 100 фоизли тўловларни 30 фоизга туширганди. ПФ-5978 фармонинг 8 бандида “Электр ва газнинг олдиндан тўловлари 30 фоизга пасайтирилсин” дейилган. Вазирлар Маҳкамасининг 22-қарорида табиий газ тўловлари қоидалари президент фармонига мослаб ўзгартирилмаган, яъни 100 фоиз олдиндан тўлов, дейилган. “Ҳисобот ойи бошланишидан 5 кун олдин” амалга оширилиши белгиланган. Яъни биз 26 июн куни 30 фоизни тўлаб қўйдик вақтида.

Июль ойига ўтиб, биз 1 млн кубга “заявка” берганмиз. 900 минг олдик, июль ойи тугади, биз 600 миллион сўм тўлашимиз керак. Газ таъминоти билан шуғулланувчи тузилма бизга акт бериши, агарда қарзга кириб қолган бўлсак, 5 кунлик огоҳлантириш бериши керак. “Ҳудудгаз Наманган” вакиллари келиб, ой тугамасдан “қолган 70 фоизни тўла”, деяпти ва коллекторларга бориб, ёпиб қўйяпти, дейди суҳбатдош.

Наманганлик “метан”чилар Поп туман газ корхонаси 6 ойдан буён ширкатлар қарзларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмасдан келаётгани, барча минтақадаги метан шохобчаларини газ тармоғидан ўчириб қўйиш билан таҳдид қилаётгани ва ноқонуний пул талаб қилаётганини иддао қилди.

Газ станциялари газ тармоқларидан узилмоқда.
Газ станциялари газ тармоқларидан узилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2017 йилда қабул қилинган 484- сонли қарорининг “Истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби” деб номланган 2-бобида “Истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун қарзлари мавжуд бўлган истеъмолчиларнинг энергия ресурслари етказиб берувчилар томонидан шакллантирилган ва тақдим этилган рўйхатлари асосида истеъмолчиларни қарзни беш кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида ёзма хабардор қилади”, дейилган.

Шунингдек, ПФ-5978-сонли 03.04.2020 йилда қабул қилинган Президент фармонида “2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилсин”, дейилганини кўриш мумкин.

"Чодак газ" МЧЖ, "Биллур газ" МЧЖ ва бошқа ширкатлар номидан Озодликка мурожаат қилган ишчилар газ етказиб берувчи бош ташкилот тўлов ҳужжатларини тақдим этмасдан, тўловларни амалга оширишни, акс ҳолда ширкатлар газ тармоғидан узилиши билан таҳдид қилаётганини маълум қилди.

Исмини очиқламасликни сўраган ширкат вакиллари бу ширкатлар аҳоли талабларига мувофиқ метан билан тўлдирилган газ баллонларини ҳам ишлаб чиқаришини билдирди.

Озодликка шикоят йўллаган ишчилар минтақа бўйлаб юзга яқин шохобчалар ишдан тўхташи ва у ерда ишлаётган минглаб ишчилар ишсиз қолиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирди. Ишчилар “Ҳудудгаз Наманган” вилоят корхонасини ҳукумат фармонлари ва ҳужжатларига риоя қилишга чақирди.

Озодликка маълум бўлишича, Наманган вилоят прокуратураси шикоятларни назоратга олган.

Ишчилар йўллаган саволларга на “Ҳудудгаз Наманган” ширкати раҳбарияти, хусусан корхона раҳбари ўринбосари Элёр Иноятов, на “Попгаз” корхонаси расмийси Дилмурод Бадриддинов жавоб беришни истади: саволни эшитган Дилмурод Бадриддинов кейинроқ қўнғироқ қилишни сўради, аммо кейинги қўнғироқларга жавоб бермади.

“Ўзбекнефтгазинспекцияси” Наманган вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Элмурод Аҳмедов метан газ қуйиш шохобчалари шикояти устидан 26 июль куни вилоят прокуратураси текшируви бошлаганини тасдиқлади.

У ишчилар мурожаати ўрганилаётганини айтди:

- Вилоят прокуратурасидан ҳам бизга хат келган. Фарғонадан юрист келяпти шу куни. Мурожаатни юристлар билан бирга кўриб чиқадиган бўлдик. Бирор нима дейиш учун якунлаганимиз йўқ. “Вилоят газ бошқармаси олдиндан тўлов қилмаганларни узиб қўйяпти”, дейилган. Бу шикоят юзасидан текширув натижалари эълон қилинади, албатта. Қоида бўйича, қарзи бор-йўқлигидан қатъи назар, газдан узишдан олдин истеъмолчиларни огоҳлантириш керак, деди “Ўзбекнефтгазинспекцияси” Наманган вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Элмурод Аҳмедов.

"Метан"чиларга келаётган огоҳлантириш хатлари.
"Метан"чиларга келаётган огоҳлантириш хатлари.

Озодликка маълум бўлишича, газ шохобчаларини тармоқдан узиш ҳолатлари бошқа минтақаларда ҳам кузатилмоқда.

Жумладан, 26 июль куни Фарғона шаҳар газ идораси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарор талабларигага хилоф равишда "Exclusive gaz savdo" МЧЖнинг 1-сонли АГТҚШсини ноқонуний равишда газ тармоғидан ўчирган.

“Hududgazta’minot” акциядорлик жамияти республикада аҳолига газ етказиб берувчи монопол тузилма бўлиб, 2019 йил 9 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан ташкил топган.

Республиканинг барча вилоят ва шаҳарларида жами 208 та газ таъминоти ташкилотини ўз ичига олувчи жамият аҳолига ва ижтимоий объектларга суюлтирилган газ сотиб олиш, етказиб бериш, сақлаш ва сотишни ўз зиммасига олган.

XS
SM
MD
LG