Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:24

“Ўзтрансгаз”нинг метан газ тақсимоти лимитини қисқартиргани нарх ошишига сабаб бўлди


Сурхондарё вилоятида сўнгги ҳафтада автомобилларга қуйиладиган метан газ нархи 200 сўмга қимматлади.

Тадбиркорлар метан газ қуйиш шохобчаларига ажратилган лимит “Ўзтрансгаз” томонидан қисқартириб қўйилгани ва лимитдан ортиқ газ қўшимча коэффициентда берилаётгани сабаб, нархлар ошганини айтмоқда.

“Ўзтрансгаз” расмийсига кўра, сурхондарёлик тадбиркорлар газни шартнома асосида олмоқда, лимит қисқариши бўлгани йўқ.

“Термиз шаҳридаги метан заправкаларда газнинг нархи 2000 сўм эди, бирданига 2200 сўм бўлди. Заправшиклардан сўрасак, лимит тугаган биз ҳам газни қиммат нархда сотиб оляпмиз, дейишяпти”

Термизлик оддий ҳайдовчининг ёзган бу гапларини Сурхондарё вилоятидаги автомобилларга метан газ қуйиш шохобчаларидан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбари тасдиқлади:

“Бу тўғри гап, биз сўнгги ҳафтада газ нархини 200 сўмга оширишга мажбур бўлдик. Биз нархни оширган бўлсак-да, бундан фойда кўрмаймиз”

Тадбиркорга кўра, Сурхондарё вилоятига бериладиган газ миқдори камайган:

“Июл-август ойлари учун "Ўзтрансгаз" ва Иқтисодиёт вазирлиги бизнинг лимитимизни 25 фоизга қисиб ташлади. Масалан, Сурхондарё вилоятига қарийб 20 миллион кубометр газ бериши керак бўлса, июль ойига 15,2 миллион берди. Ўзбекистонда автомобиллар асосан газда юришини, июль-август ойларида транспортдан кўпроқ фойдаланишини ҳисобга олсак, бу етмай қоляпти. Шартномага кўра, лимитдан ортиқ газни эса “Ўзтрансгаз” қўшимча коэффициент билан сотади, шунинг учун газ нархи ошди”

Исми сир қолишини сўраган бошқа тадбиркорнинг айтишича, унинг метан газ қуйиш шохобчаси бу нарх ошганидан фойда кўрмайди:

“Ҳозир лимитдан ташқари бериладиган газга қўшимча 1,4 коэффициент тўлаб сотиб олишимиз мумкин. Масалан бир кубометр газнинг нархи 800 сўм бўлса, коэффициент билан 1120 сўм бўлади. 20 фоиз акциз солиғи, 20 фоиз НДС, 12 фоиз фойда солиғи, электр энергияси ва кредитлар билан биз 2200 сўмдан сотиб ҳам фойда олмаяпмиз. Агар ишламасдан, янги ойгача заправкани ёпиб қўйсак, маҳаллий ҳокимият босим ўтказиб, очтиради ва ишлашимизни талаб қилади. “Ўзтрансгаз” шу йўл билан катта фойда оляпти. Бир ҳисоблаб кўринг, вилоятдан қисиб қолган беш миллион кубометр газни 1,4 коэффициент, яъни 320 сўмдан қўшиб сотса, ўртача 2 миллиард сўм фойда кўради. Мажбурий лимитни қисиб қўйиб, қолганини қўшимча коэффициент билан сотиш. Бунинг ортидан тадбиркор ҳам жабр кўради, истеъмолчи ҳам. Бунинг тагида жуда катта сир бор”.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг Салоҳиддин (мулозим фамилиясини атйишдан бош тортди – таҳр.) исмли мулозими Сурхондарё вилоятига газ лимити қисқартирилганини инкор қилди:

“Йил бошида лимит қандай ажратилган бўлса, ўшандай турибди. Уни қисқартириш ёки ўзгартириш трансгазнинг ихтиёрида ҳам эмас. Буни Иқтисодиёт вазирлиги қилади”.

Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлигининг ёқилғи-энергетика бўлими мулозими Жавдат Шамамедов сурхондарёлик тадбиркорлар тилга олган муаммодан хабари борлигини айтди:

“Бизларга Сурхондарёдан АГНКС раҳбарлари телефон қилишди. Бизлар уларга ёзма равишда мурожаат қилинглар, биз Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда кўриб чиқамиз, деб айтдик. Ҳозир ўша хатларини кутяпмиз, ёзишса уларга аниқ ва асосли жавоб берилади”.

Мулозим автомобилларга метан гази қуйиш шохобчаларига бериладиган лимит қисқартирилганини инкор қилмади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги №633 қарори билан Ўзбекистонда 15 августдан метан газ нархи яна 200 сўмга қимматлаб, ишлаб чиқарувчидан чиқарилган бир кубометр газ қиймати 1000 сўм бўлади.

Ўзбекистонда сўнгги ойларда метан газ қуйиш шохобчаларига бериладиган лимитнинг қисқартирилгани ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган эди.

Жумладан, июнь ойининг охрида Фарғона шаҳридаги бир қанча шохобчалар лимит тугагани сабабли ёпиб қўйилган эди.

XS
SM
MD
LG