Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:23

Мирзиëевга видеомурожаат қилган андижонлик тадбиркор устидан ҳукм кечиктирилди


Рафиқжон Исроилов ва унинг "Магнит" ширкати андижонликлар орасида музқаймоқ ва бошқа ширинлик маҳсулотлари билан танилган.
Рафиқжон Исроилов ва унинг "Магнит" ширкати андижонликлар орасида музқаймоқ ва бошқа ширинлик маҳсулотлари билан танилган.

3 январь куни Youtube.com портали орқали Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга назорат органлари бедодлигидан қутқаришни сўраб мурожаат қилган Рафиқжон Исроилов ширкати устидан ўтказилган маҳкамада ҳукм чиқариш кечиктирилди.

11 январь куни маҳаллий вақт билан соат 14:00 да Андижон вилоят хўжалик судида вилоят Солиқ бошқармасининг “Магнит Савдо Ишонч” МЧЖга нисбатан мулкий даъвосини кўриб чиқди. Озодлик мухбири маҳаллий вақт билан оқшомги соат 6 да боғланганида¸ширкат эгаси Рафиқжон Исроилов суд қарор чиқаришни кечиктирганини билдирди:

- Жума кунга қолдирилди. Кўп нарса аниқ бўлмапти шекилли томонлардан. Суд белгиланганидан бир соат кечикиб бошланди. Унда менинг консультантим¸ солиқчилар томони вакиллари қатнашди. Судъя қарор чиқаришни жума кунга қолдирди. Худо хоҳласа¸ бу яхшиликдан нишон бўлса керак. Яхшилик кутаяпмиз¸ деди Рафиқжон Исроилов.

11 январь куни Андижон вилоят Хўжалик суди Андижон солиқ бошқармасининг “Магнит Савдо Ишонч” ширкатини солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича 1 миллиард 952 миллион 165 минг 568 (9 тийин) солиқ қарзини ундириш учун мол-мулкка қаратилган даъво аризасини кўриб чиқиб¸ ҳукм чиқариши кутилган эди.

Маҳкамада 100 га яқин одамни иш билан таъминлаб келган “Магнит” ширкати мулкининг мусодара қилиниб¸ унинг банкрот бўлиш эҳтимоли кучайгани ортидан ширкат эгаси 49 яшар Рафиқжон Исроилов 3 январь куни YouTube портали орқали президент Шавкат Мирзиëевга бевосита мурожаат қилган эди.

“Хўжалик суди томонидан қилинаëтган ишларни тушунмаяпмиз. Тадбиркорга бирор бир яхшилик қилиш режаси йўқ буларнинг. Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сиздан ëрдам сўраймиз. Бизнинг ишхонамиз ëпилиб кетиш арафасида. Менинг илтимосим¸ Хўжалик суди қарорларини қайта кўриб чиқишини¸ қонуний ëрдам кўрсатишини илтимос қилган бўлардим”¸ деб тугатган эди 7 дақиқалик видеомурожаатини андижонликлар орасида музқаймоқ ва тортлари билан яхши танилган тадбиркор Рафиқжон Исроилов.

Шавкат Мирзиëев “иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимда кўтаришга тайëрман” деб баëнот бериб турган бир пайтда 100 га яқин одамга иш берган хусусий тадбиркорнинг солиқчилар босими билан синдирилаëтгани ҳақидаги бу мурожаат ижтимоий тармоқларда анча кенг тарқалди.

Рафиқжон Исроилов ва унинг ширкатида ишлаëтганлар ҳам Андижон хўжалик суди ҳукм чиқаришни кечиктирганини воқеанинг кенг жамоатчилик¸ балки юқори давлат идоралари диққатига тушгани эҳтимоли билан боғламоқда.

Андижон Хўжалик суди 100 га яқин одамни ишсизлар армияси сафига ташловчи қарор қабул қиладими¸ ëки тадбиркорнинг ўз фаолиятини давом эттириб¸ янги иш ўринлари яратиши учун имкон берадими¸ ҳозирча номаълум.

Бу саволга ойдинлик киритадиган қарорнинг қандай бўлишини жума куни Озодликда кузатишда давом этинг.

XS
SM
MD
LG