Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:55

Андижонда солиқчилар 100 одамга иш берган тадбиркорни хонавайрон қилмоқчи


Андижонлик тадбиркор Рафиқжон Исроилов ширинлик цехида 100 га яқин одам ишлаб келган.
Андижонлик тадбиркор Рафиқжон Исроилов ширинлик цехида 100 га яқин одам ишлаб келган.

Президент Шавкат Мирзиëев тадбиркор ўз ҳимоясида эканини муттасил таъкидлаëтган айни кезда¸ 11 январь куни Андижон солиқчилари 100 дан ошиқ одамни иш билан таъминлаб келган “Магнит Савдо Ишонч” МЧЖ мол-мулкини суд орқали тортиб олиб¸ ширкатни касод қилишга ҳозирланмоқда.

Мирзиëев иккита иш ўрни яратган тадбиркорни “бошига кўтармоқчи”¸ Андижонда солиқчилар 100 одамга иш берган тадбиркорни хонавайрон қилмоқчи

Муваққат президентликка келиши билан тадбиркорликни қувватлаш давлат сиëсатининг устивор йўналиши эканини таъкидлаб келаëтган Шавкат Мирзиëев 7 январь куни “давлатдан бир тийин олмасдан¸ иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман”¸ деб баëнот берди.

Ўзбекистон прокуратураси ходимлари билан учрашувда Шавкат Мирзиëев тадбиркорликни Ўзбекистон тараққиëтининг асосий омили деб баҳолади ва давлат назорат органларининг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашгани оқибатида мамлакат бўйлаб кичик бизнес субъектларининг 16 мингтаси ёки қарийиб 7 фоизи ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлганини кескин танқид қилди.

Президент қонунчилик устидан назорат учун маъсул прокуратурадан тадбиркорларни назорат органлари бедодлигидан ҳимоя қилишни талаб қилиб турган бир пайтда¸ андижонликлар орасида музқаймоқ ва ширинлик маҳсулотлари билан танилган “Магнит Савдо Ишонч” ширкати эгаси Рафиқжон Исроилов назорат органлари текшир-текширининг янги қурбони бўлиш таҳдиди остида қолди.

11 январь куни соат 14:00 да Андижон вилоят Хўжалик суди Андижон солиқ бошқармасининг “Магнит Савдо Ишонч” ширкатини солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича 1 миллиард 952 миллион 165 минг 568 (9 тийин) солиқ қарзини ундириш учун мол-мулкка қаратилган даъво аризасини кўриб чиқиб¸ ҳукм тайинлайди.

Хўжалик судининг ўтмишдаги қарорларидан келиб чиқиб¸ бу галги маҳкаманинг яқинларгача 100 га яқин одамни иш билан таъминлаб келган “Магнит” ширкати мулкини мусодара қилиб¸ унинг фаолиятини банкрот деб эълон қилиши кутилмоқда.

Ана шундай эҳтимолнинг олдини олиш мақсадида “Магнит Савдо Ишонч” МЧЖси раҳбари Рафиқжон Исроилов тўрт маротаба аввалига Бош вазир¸ 4 декабрдан кейин эса¸ президент Шавкат Мирзиëев виртуал қабулхонасига арз қилди. Айни пайтда тадбиркор Тошкентда республика Хўжалик суди ва Бош прокуратурага ҳам бош урди. Бу шикоятлари яна эски тартибда шикоят объекти – Андижон вилоят солиқ бошқармаси ва Андижон вилоят Хўжалик судига қайтарилиб¸ ишда ҳеч қандай ижобий ўзгариш кузатилмагач¸ Исроилов ҳам сўнгги умидини ишга солди.

3 январь куни 49 яшар тадбиркор YouTube портали орқали президент Шавкат Мирзиëевга бевосита мурожаат қилди.

Исроилов - Андижондаги монополистлар нишони

Видеомурожаатда Исроилов тадбиркорлик фаолиятини 1996 йили музқаймоқ кафеси очиш билан бошлаб¸ кичик бу кафени ўз маблағи ҳисобига Андижондаги каттагина музқаймоқ ва бошқа ширинлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасига айлантирганини ҳикоя қилади. Ҳикоядан англашилишича¸ Исроилов ширкатида¸ 2015 йил Мустақиллик байрами арафасида – айни музқаймоқ мавсуми авжга чиққан кунларда вилоят солиқ бошқармаси кутилмаганда текширув бошлайди.

Озодлик билан суҳбатда Рафиқжон Исроилов¸ тўрт ой давом этган бу текширувларнинг қарийб 20 йиллик меҳнати давомида тўплаган маблағига қурилган ўз заводини ишга тушириш арафасида бошланганини айтади.

Рафиқжон Исроилов¸ ўз маҳсулотлари андижонликлар орасида танилиб¸ даромадбоп бўлганидан сўнг¸ Андижондаги бизнесни назоратига олган қудратли гуруҳлар нишонига айланганига эътибор қаратади:

- Шаҳарда умуман дўконимиз йўқ¸ ижарага ишлаймиз. Шаҳардан жой олиб¸ қурилиш қилаëтгандик. Шу жой битай¸ деганда кимгадир керак бўлиб қолди¸ шекилли¸ бизни солиқчилар тўхтатди. Ҳозиргача бу жой битиб¸ яна 100 тача одам иш билан таъминланган бўларди. Даъвонинг мулкка қаратилишидан мулкимизга кўз тиккан одам шу жойни олмоқчи бўлаяпти¸ деб ўйлаб қолдим¸ дейди 49 яшар андижонлик тадбиркор.

Исроилов ширкати фаолияти энг авж паллага кирган пайтда ўтказилган бу текширувлар натижасида солиқчилар “солиқ фаолиятида қатор камчилик ва камомад” топиб¸ ширкатни 806 миллион сўмлик солиқ зарари еткизганга чиқаради. Тадбиркорнинг бундай ҳисоб-китобнинг нотўғри келтириб чиқарилганини таъкидлашига қарамай¸ текширувчилар “Магнит” ширкатига бу зарарни қоплаш учун муҳлат беради.

- Тўртта автомобилни сотиб¸ тўплаган дивидент пулларимни йиғиб¸ бу маблағни нақд пулда бир ой ичида тўладим. Зарар қопланди. Ҳисоб рақамимдан 117 миллионни ҳам пеня қилиб олишди. Яқин бир миллиард сўмни бир ой ичида тўладим. Орадан икки ой ўтиб¸ энди менга санкцион жарима қўллашди. 3 миллиард 200 миллиондан ошиқ жарима қўллашди. Олти ойдан бери ҳисоб рақамим ëпилган. Мен давлатдан бир тийин пул олганим йўқ¸ банкка зиëн еткизганим йўқ. Ҳисоб рақамим ëпиқлиги учун ҳар ой тушадиган 300 миллионга яқин даромад ҳаммаси солиққа кетаяпти¸ ишхонам банкротлик ҳолатига етиб бўлган¸ деб ҳикоя қилади Мирзиëевга қилган видеомурожаатида андижонлик тадбиркор.

Мирзиëевнинг сиëсати тегишли тизимларга етиб бормаяпти

9 январь куни Озодлик билан суҳбатда Рафиқжон Исроилов 11 январь кунга белгиланган маҳкама арафасида бу мурожаатнинг президент Мирзиëев диққатига етиб борганини кўрсатувчи бирор аломат йўқлигини айтади:

- Ҳали президентимиз эшитгани йўқ¸ шекилли. Шавкат Миромонович учрашувларда тадбиркорлар ҳимоясига зўр-зўр гапларни айтаëтганини эшитиб¸ яна бир уриниб кўрай¸ дедим. Бўлмаса¸ бу ерда бўлаëтган босимдан ҳамма нарсадан воз кечишга тайëр бўлиб қолгандим. Ошириб юборишди. Ижрочилар шунча пул қопти¸ тўламаяпсан¸ деб келади. Бизда ўзи бир тийин маблағ қолгани йўқ. Ишлаб чиқаришни давом эттириш учун хом-ашë керак. Маҳсулотни ҳозиргача насияга бериб келган шерикларимиз ҳозир телефон қилсак¸ жавоб ҳам бермайдиган бўлиб қолди. Ишчиларимга уч ойдан бери ойлик беролмаяпман¸ 30 таси кетиб қолди¸ дейди Рафиқжон Исроилов.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиëев 5 октябрь куни “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонни имзолаган эди. Бу фармон орқали Мирзиëев тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари¸ хусусан¸ жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турларини бекор қилди.

Айни фармонда Мирзиëев “молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этди.

Андижонлик тадбиркор¸ жойлардаги назорат органлари Ўзбекистон янги президенти ўз устивор вазифаси қилиб белгилаган тадбиркор фаолиятидан кир қидириб¸ уларни жазолаш ўрнига¸ улар ишлашига кенгроқ имкон бериш стратегиясини қабул қилмаëтганини айтади:

- Хўжалик судидаги судьялар ҳам Мирзиëев фармонлари ва нутқларини халқ қатори кўраëтгандир. Ахир улар биздан кўра анча саводли одамлар¸ бўлаëтган ўзгаришлардан ўзига хулоса чиқарса керак. Лекин ҳозирча бизни бир тийинга ҳам олишмаяпти. Шунинг учун ҳам Мирзиëевнинг ўзига очиқ мурожаат қилишга мажбур бўлдим¸ дейди Исроилов.

Республика Солиқ қўмитасининг хабари йўқ...

9 январь куни “Магнит Савдо Ишонч” МЧЖсининг солиқчилар текширувлари нишонига айлангани воқеасини ўрганиш жараëнида Озодлик Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси ахборот хизмати билан боғланди. Хизмат вакили¸ на бу ширкат номи¸ на унинг эгаси Мирзиëевга қилган видеомурожаатдан хабари йўқлигини билдирди ва бевосита Андижон вилоят солиқ бошқармасга мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Вилоят солиқ бошқармаси расмийси Исроиловнинг видеомурожаатидан бехабарлиги¸ аммо солиқ бошқармаси “Магнит” ширкати устидан даъво аризаси билан Хўжалик судига арз қилгани ва 11 январь куни солиқни қоплаш учун ширкат мулки тортиб олиниши кутилаëтганини билдирди.

Сўнгги умид - Мирзиëевнинг ўзи?

Андижонлик Рафиқжон Исроилов давлат идораларининг тадбиркорлар фаолиятига аралашуви устидан Youtube.com портали орқали Шавкат Мирзиëевга очиқ видеомурожаат қилган биринчи тадбиркор эмас.

Тадбиркор Олим Сулаймоновнинг Мирзиëевга мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:08 0:00

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи тадбиркор Олим Сулаймоновнинг амалдорларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан 10 октябрь куни Youtube.com портали орқали Шавкат Мирзиëевга видеошикоят билан мурожаат қилиши ортидан шикояти юзасидан қайта суриштирув олиб борилган, унга ноҳақ қўйилган кўп миллионлик сўмлик жарима бекор этилиб¸ 6 ойдан буён тўхтаб ётган фирмалари қайта ишга туширилган эди.

Бу мурожаатдан сўнг Сулаймонов Ўзбекистон телеканалларининг тадбиркорлар муаммолари ҳақидаги дастурлар¸ қолаверса¸ президентлик сайлови арафасидаги турли тадбирларга ҳам таклиф этилган эди.

Айни шу сўнгги чорага қўл урган андижонлик тадбиркорнинг Сулаймоновникига ўхшаш муаммоси қандай ечим топади¸ буни Озодлик 11 январь куни кузатишда давом этади.

XS
SM
MD
LG