Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:19

Мирзиёев халққа бефарқ раҳбарни жиноий жавобгарликка тортмоқчи


Ўзбекистон президентининг фармонига биноан, мурожаатлар тўғрисидаги қонун талабларини бузган раҳбарлар ва мансабдор шахслар бундан буён жазоланади, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Шу йўл билан маҳаллий раҳбарларнинг халқ билан мулоқотини яхшилашга қарор қилган Шавкат Мирзиёев энди жойларда халқ қабулхоналари очмоқда ва уларга бевосита ўзига ҳисоб берувчи ходимларни қўймоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 декабрда имзолаган "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра, халқ қабулхоналари президент девонида ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек ҳар бир туман ва шаҳарда ташкил этилади. Бундан ташқари Президентнинг виртуал қабулхонаси ҳам ишлайди.

Фармондан асосий мақсад, "аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш" эканлиги айтилди.

Бош вазир виртуал қабулхонасига шу пайтгача қарийб 330 мингта шикоят тушганидан сўнг Шавкат Мирзиёев 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб атади. Фармонда ҳам асосан шу мақсадда халқ қабулхоналари очилаётгани ва маҳаллий раҳбарларнинг халқ дардига қулоқ солишга, унинг муаммоларини ҳал қилишга мажбур этилаётгани таъкидланган.

Фармонда "давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдорлари мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва нормаларини бузганликлари учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган жавобгарлик хусусида қатъий огоҳлантирилcин" , дейилган.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими сўзларига кўра, кеча президент фармони эълон қилинганидан сўнг, шикоятлар тушиши янада кўпайган:

“Асосан газ ва светдан тушяпти шикоятлар. Мана бугун тушгача газ йўқлигидан 25 та, свет йўқлигидан 15 тача шикоят тушди. Кейин тадбиркорлар арз қилишяпти. Биз бу шикоятларни дарҳол рўйхатга олиб уни ҳал этиш учун ҳокимликнинг тегишли бўлимларига жўнатяпмиз. Тўғри, газ ва светни ҳал қилиш қийин бўляпти. Лекин бошқа шикоятлар дарҳол кўриб чиқиляпти”, деди мулозим.

Мулозимнинг "барча шикоятлар тегишли бўлимларга ҳал қилиш учун юборилди", деган гапини Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига юздан ортиқ шикоят жўнатган андижонлик 55 яшар тадбиркор Маҳмуджон Баротхўжаев савол остига қўйди. Тадбиркор фикрича, виртуал қабулхонадан текшириш учун маҳаллий ҳокимиятларга қайтариб юборилган арзлар шикоят "қаҳрамонлари" қўлида ҳал бўлмай қолиб кетяпти:

- Бу президентнинг яхши ташаббуси, буни қўллаб-қувватлайман. Лекин гап унинг ижросида. Чунки шу пайтгача виртуал қабулхонага мурожаат қилган юзлаб кишининг шикоятлари натижасиз қолаётганини кўриб турибман. 25 йил давомида мансабларда ўтирган раҳбарлар халқни эшитмади ёки эшитсада жавоб беришни истамади, улар коррупцион тизимнинг бир занжирига айланиб қолган эди. Бу занжир бугун энг кичик мансабдордан ҳукуматнинг энг юқори мансабдорларигача тортилган, дейди Маҳмуджон Баротхўжаев.

Тадбиркорнинг умид қилишича, янги президент коррупциянинг бу занжирини янчиб ташлайди:

"Янги президент буларнинг ҳаммасини синдириб, супуриб ташлаб, ҳалол одамларни қўяди, деб умид қиламан. Бўлмаса, қабулхоналарга мурожаатларнинг энг кичиклари ҳал қилиниши мумкин, холос. Лекин, токи жамиятда адолат, ҳақгўйлик, коррупцияга қарши ҳақиқий кураш бўлмас экан, халқ қабулхонларидан катта ўзгаришлар кутиш қийин. Лекин биз прзидентдан ҳақиқий ўзгариш қилишини кутиб қоламиз”, деди Маҳмуджон Баротхўжаев.

Фармонга кўра, энди Президент девони таркибий тузилмасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати тузилади ва у давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентига мунтазам ахборот бериб боради.

"Виртуал қабулхонадан одамлар руҳланди"

Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига айлантирилган Бош вазир виртуал қабулхонаси PM.gov.uz порталига шу кунгача 323 мингдан кўп шикоят келиб тушгани ва унинг қарийб 256 мингтаси кўриб чиқилгани ёзилган.

Фейсбукдаги "Ташаббускор ёшлар" гуруҳи Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасига келиб тушган ва ижобий ҳал этилган шикоятларни мунтазам ўқиб, эшиттириб бормоқда.

Фарғоналик тадбиркор Ҳасанжон Олимовнинг айтишича, одамларга шикоят қилиш эркинлиги берилганидан сўнг, уларда яхшиликка умид пайдо бўла бошлади:

"Ҳокимларимиз ҳам секин-секин халққа қайишгандай бўляпти. Йиғилишларда қандай муаммоларингиз бўлса айтинглар, ҳал қилиб берамиз деяпти. Бир тадбиркор "мен 300 одамга иш бераман, газ билан свет беринг", деди. Ҳоким ўзи бош бўлиб газ ҳам свет ҳам тушириб берди. Мана энди урра қилиб ишлаяпти. Тадбиркорлани яхши эшитишяпти. Умуман олганда, одамлар қалбида қандайдир умид учқунлари пайдо бўлди. Балки, халқ қабулхоналари очилса, президент вакили ўзи одамларни эшитса бундан ҳам яхши бўлар", дейди Ҳасанжон Олимов.

XS
SM
MD
LG