Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:26

Сотилмаган “Мирзиëев лимонлари”ни Тошкент ҳокимлари ўқитувчи ва банкирга ўтказди


Ўқитувчиларга мажбуран сотилган лимон кўчатларининг бугунги аҳволи.
Ўқитувчиларга мажбуран сотилган лимон кўчатларининг бугунги аҳволи.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани ҳокимлиги босими остида тумандаги ҳар бир мактаб раҳбарига камида 100 тупдан лимон кўчати сотилди. Зангиотада эса банк ходимлари ойлигидан бир туп¸ бўлим бошлиқлариникидан эса¸ икки туп лимон кўчати пули чегириб қолинди.

Халқ “лимончи бой” бўлишни истамади

“Районимизда камида 40 мактаб бор. Энг кичик мактабда учта¸ катталарида бештадан раҳбар бор – директор¸ иккита завуч¸ завхоз ва психолог. Ҳокимият ана шуларнинг ҳар бирига донаси 35 минг сўмлик 100 тупдан лимон кўчати олдирди. “Агробанк” улар номига 9 фоизлик кредит расмийлаштирди. Шу ой ўрталарида мактабимиз ҳовлисига кўчатлар олиб келинди ва директор мажлис қилиб¸ ҳаммани учтадан кўчат олишга мажбурлади. Директорни ҳам тушунамиз¸ уни ҳоким мажбурлаган¸ нима қилади у бунча лимонни – директорлигини қилсинми¸ ë лимончилик?”¸ дейди Тошкент вилояти Юқори чирчиқ тумани мактабларидан бирининг лимончиликка мажбурланган ўқитувчиси.

Мирзиëв ташаббусига кўра¸ халқни бойитиши лозим бўлган лимон кўчатлари¸ мажбуран сотилгандан сўнг¸ бир неча кунлик декоратив дарахтга айланмоқда.
Мирзиëв ташаббусига кўра¸ халқни бойитиши лозим бўлган лимон кўчатлари¸ мажбуран сотилгандан сўнг¸ бир неча кунлик декоратив дарахтга айланмоқда.

Озодликка маълум бўлишича¸ Тошкент вилояти ҳокимларининг “лимончиликка муҳаббати” қурбонлари сафида тижорат банклари ходимлари ҳам бор.

“Зангиота туманидаги Инфинбанк ходимларига мажбурлаб лимон сотишди 34 минг сўмдан. Лимонни ҳали кўрганимиз йўқ¸ лекин оддий ходимлар ойлигидан битта кўчатга¸ бўлим бошлиқлариникидан икки тупданга пул ушлаб қолишди¸ домда яшайдиганларга ҳам. Мен нима қиламан бу кўчатни¸ десам ҳам мажбурлашди”¸ деб хабар қилди банк ходимларидан бири ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан.

Президент Шавкат Мирзиëев 2017 йилнинг 17 март куни “Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор чиқаргандан сўнг Ўзбекистон тарихида кузатилмаган ҳодиса юзага чиқди ва банк ходимлари уйма-уй юриб¸ одамларни “тижорат банклари кредити ҳисобидан қорамол, қўй-эчки, қуён, парранда, балиқ, асалари уяси, мевали дарахт ва ток кўчатлари” сотиб олиб¸ бой бўлишга даъват қилишга киришди.

Энг кам иш ҳақининг 60 дан 100 баробаригача миқдорда 9 фоиздан ошмаган фоиз ставкаси билан берила бошланган бу микрокредитларнинг¸ айниқса¸ Мирзиëев чиқишларида бойишнинг осон йўли сифатида тақдим этилган лимончилик қисми¸ аҳоли ўртасида унча оммалашмаганидан кейин ҳокимликлар¸ мажбурий лимончиликни йўлга қўйишга киришган ва яна ўша эски нишон -бюджет ташкилотлари¸ биринчи галда¸ ўқитувчиларни сиқувга олган.

Юқоричирчиқлик ўқитувчи ҳам¸ зангиоталик банк ходими ҳам¸ лимон парвариши ҳақида мутлақо ҳеч нарса билмаслиги¸ уни тувакка солиб¸ ҳозирча декоратив дарахт сифати қўйиб қўйганини айтаркан¸ кўчатларнинг яқинда қуриб¸ тўланган пул ҳавога совурилишини қўшимча қилди.

Тижорат банкларида оламан деганга кредит қолмади

29 май куни Озодлик мухбири Агробанк¸ Инфинбанк ва Ипотека банкларининг бош идоралари¸ қолаверса¸ Тошкент вилоятидаги айрим филиаллари билан боғланиб¸ президент қарорида белгиланган соддалаштирилган тартибда чорвачилик¸ паррандачилик¸ ëки лимончилик учун микрокредит олиш имкони билан қизиқди.

Уларнинг барчаси бир хил мазмунда - “микрокредит олишнинг камида 6 ой муддатга ресурс йўқлиги боис” тўхтатиб қўйилганини айтиш билан жавоб берди.

“Тўғри¸ ўзимиз уйма-уй юриб¸ одамларни кредит олишга тарғиб қилдик. Лекин ҳозир ресурс тугади¸ энди оламан деганлар маҳалладан “кам таъминланган¸ ишсиз” эканликлари ҳақида далолатнома олиб¸ маҳаллалар тузаëтган рўйхатга ëзилади. Кредит бериш бошланса¸ навбатига қараб¸ олишади. Лекин ҳозир пул йўқ”¸ деди тижорат банкларидан бирининг кредит бўлими мутасаддиси.

“Ҳокимлик тижорат банклари пулига хўжайинлик қилди”

Ўзбекистон банк мутасаддиларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда президентнинг 17 март кунги қарорини мамлакатдаги шундоқ ҳам абгор банк тизими учун ниҳоятда таҳдидли қарор деб баҳолади.

Марказий банкдан тортиб тижорат банкларига қадар мамлакат иқтисоди ўзак-негизини белгиловчи¸ мустақил қарор чиқариш ваколатига эга мустақил тизим бўлиши керак. Мирзиëев банк тизимига Қишлоқ хўжалик вазирлиги бошқармасига қарагандек қарамоқда ва тижорат банкларини аҳолига мол¸ товуқ боқиб¸ лимон етиштириш учун ўз ҳисобидаги маблағини кредит сифатида беришга мажбурлади.

17 март кунги қарорда кўзда тутилган каби махсус давлат лойиҳаларига пулни ҳукумат ўз заҳирасидан бериши керак. Бизда эса¸ ҳукумат тижорат банклари чўнтагига қўл солиб¸ улар пулини 9 фоизлик кредитга бердирди. Ўзи банклараро кредит ставкаси 9 фоиздан бошланади. Банк ҳеч бир фойда қўймасдан айни шу фоизда бор маблағини кредитга берса¸ энди қандай ишлайдию ходимларига қаердан ойлик беради? Банк кредит беролмайман¸ деса¸ ҳокимлар “сен давлат сиëсатига¸ президент ислоҳотига қарши чиқаяпсан”¸ деб шантаж қилади. Сиëсатдан қўрқиб¸ банклар борини аҳолига бемаъни кредит сифатида берди ва энди ликвидлик муаммосига гирдобига янада чуқурроқ ботди. Одамларни мажбурлаб тадбиркор қилиб бўлмаслигини¸ пул тарқатиш билан уларни бой қилиб бўлмаслигини тушунишни Мирзиëев истамаяпти¸ шекилли”¸ дейди ўзбек банкларидан бири расмийси.

Ҳокимликларга кредитга лимон сотиш нимага керак?

Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ мактаб раҳбарларини тижорат банклари кредитига лимон олишга мажбурлаш орқали маҳаллий ҳокимликлар бир ўқ билан камидаикки қуëнни урмоқда.

“Бозорга чиқсангиз¸ бир туп лимон кўчати нархи 8-10 минг сўм. Бизга 35 минг сўмдан ўтказилган лимон кўчатлари¸ гўëки Голландиядан долларга олиб келинганмиш. Бу лимонни сотаëтган агрофирмалар¸ текширилса¸ ҳокимиятдагиларнинг ўзларига қарашли бўлиб чиқади. Ҳокимиятдагилар ўзлари олиб келган лимонни қимматга мажбурлаб олдираяпти бизни.

Иккинчи томондан¸ ҳокимият Вазирлар Маҳкамасига фалон ой ичида фалонча кам таъминланган оила¸ ëки ишсиз одамга фалон пуллик кредит бериб¸ уларни иш ва даромад билан таъминладик¸ деб ҳисобот беради. Бу ҳисоботда кредит расмийлаштирилганларнинг мактаб директорлари ва бошқа ишлик одамлар экани ëзилмайдику. Булар ҳозирдан президентни алдашга тайëргарлик кўрмоқда”¸ дейди юқоричирчиқлик ўқитувчи.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида Юқоричирчиқ ва Зангиота туманларида “тадбиркорлик субъекти ва аҳоли қатлами”га мажбуран сотилган лимон кўчатларини айнан қайси агрофирмалар¸ қандай нархда¸ қанча¸ қайси давлатдан сотиб олганига оид маълумот йўқ (Бунга оид маълумот сизда бўлса¸ уларни Озодлик билан шахсингиз сир қолган ҳолда¸ ўртоқлашишингиз мумкин – таҳр.)

XS
SM
MD
LG