Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:26

Тижорат банкларининг “Мирзиëев кредити"ни беришга ресурси тугаб қолди


Ўзбекистон тижорат банкларининг аҳолига соддалаштирилган тартибда микрокредит ажратиш ҳақидаги президент қарори ижросини бажариш қурби¸ икки ойга етиб-етмай тугаб қолди. Нақд ортидан энди нақдсиз пул тақчиллигига ҳам учраган банклар бирин-кетин бундай кредит ажратишни тўхтатишга мажбур бўлмоқда.

"Банк эскича жавобини қайтаришга ўтди"

Президент Шавкат Мирзиëев жорий йилнинг 17 март куни аҳолига микрокредит ажратишни соддалаштиришга қаратилган қарор чиқарган эди.

“Аҳоли бандлигини ошириш”ни мақсад қилган бу қарорда “тижорат банклари кредити ҳисобидан сотиб олинадиган қорамол, қўй-эчки, қуён, парранда, балиқ, асалари уяси, мевали дарахт ва ток кўчатлари, уруғ, минерал ўғит, ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, маиший техника, ускуналар, қурилиш материаллари ва бошқа товарларни ҳеч қандай чекловларсиз нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан етказиб беришни ташкил этиш” буюрилган эди.

Бу қарор чиққан кундан тижорат банклари Мирзиëевнинг микрокредит ваъдасини бажариш¸ яъни аҳолига 2-3 йил муддатга устамаси 9 фоиздан ошмаган кредит беришни бошлаб юборди.

Аммо бу қарор ижроси бошланганидан икки ой ўтиб-ўтмай¸ аксар тижорат банклари қорамол олиш учун қарз сўровчиларни “ресурс тугаб қолгани” иддаоси билан қуруқ қўл билан қайтармоқда.

Қорақалпоғистон республикасининг Хўжайли туманидаги “Саноатқурилиш банк” филиалига қорамол олиш учун микрокредит сўраб мурожаат қилганлардан бири Озодликка ўзига бундай кредит бериш тўхтатилганини айтишганини хабар қилди.

"Ресурсимиз тугади"

Бу хабарни ўрганиш асносида Озодлик 19 май куни нафақат “Ўзсаноатқурилишбанк”¸ балки аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига микрокредит ажратишга масъул бўлган тижорий банкларнинг аксариятидан қорамол олиш учун микрокредит беришнинг тўхтатилгани жавобини олди:

-“Саноатқурилишбанк”да ресурс йўқлиги сабабли қорамол олишга кредит ажратиш тўхтатилган. Ҳозир берилмаяпти¸ деди бу банк бош идораси ходимларидан бири.

Банкнинг Хўжайли тумани филиали мутахассиси ҳам Тошкентдаги телефон рақамига жавоб берган ходима жавобини такрорлади:

- Қорамол олиш учун кредит бериш ҳозир тўхтаб қолди. Унинг ресурси тортилди. Бизга бўлим бошлиқларимиз шундай топшириқ берди¸ бошқасини билмаймиз. Лекин товуққа кредит бор¸ минимал окладнинг 50 миқдорида. Ҳамма ҳужжатлар тайëр бўлса¸ бир ҳафта ичида кўриб чиқамиз¸ деди Хўжайлидаги “Саноатқурилишбанк” кредит бўлими вакили.

“Ипотека” банкининг Тошкентдаги бош идораси ходими¸ қорамол учун кредит берилмасин¸ деган буйруқ йўқлиги¸ бироқ кредит сўровчилар рўйхати узайиб кетиб¸ уларга пул топиб бериш оғирлашгани ортидан¸ айрим филиаллар кредит бермаëтганини билдирди:

- Умумиятла¸ тўхтатилсин¸ дейилмади. Лекин ҳар бир маҳаллага биттадан тижорат банки бириктирилган ва аҳоли ўз яшаш манзилига бириктирилган банк филиалига мурожаат қилиши керак. Навбатга ëзилганлар кўп¸ айрим жойларда¸ ресурси тугаб қолаяпти. Бошқа банкка борилса¸ у ерда ҳам ўзининг маҳалласи¸ ўзининг навбатга ëзилганлар рўйхати бор. Мурожаат қилиш мумкин¸ лекин кредит берилишига гарантия йўқ¸ деди “Ипотека” банк ходимаси.

“Агробанк” бош офисига қилинган мурожаатга ҳам айни жавоб берилди.

- Бу микрокредитларни ажратиш шу ойдан тўхтатилди. Ресурс тугаб қолди. Адашмасам¸ олти ойга тўхтатилди. Чорва молларига берилмайди. Парранда ва лимонарийлар учун берилиши мумкин¸ лекин бу ҳам ҳали аниқмас¸ деди “Агробанк” вакили.

"Умри қисқа популистик қарор"

Ўзбекистон банк тизими мутахассисларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ Шавкат Мирзиëев қарори ижросининг икки ойга етиб-етмай тўхтаб қолгани сабабларини тушунтирди.

“Масалан¸ Андижон вилоятида товуқ учун шунча кредит берилдики¸ ҳисоблаб чиқилса¸ вилоятда бунча товуқнинг ўзи йўқ экан. Қорамол ҳам худди шундай бўлди. Қорамол оламан¸ деб ҳужжатлаштириб¸ у пулни перечисление билан чорвадор фермер ҳисобига кўчириб¸ ҳар хил йўллар билан уни обнал қилиш бошланди - миллиардлаб сўм банк тизимини тарк этиб¸ нақд кўринишида бозорга қўшилди. Нақд пул банк айланмасига қайтмаяпти. Оқибатда¸ бир томондан¸ банкларда ресурс муаммоси юзага чиқди¸ молиявий мажбуриятларни бажариш учун маблағ қолмади. Банкларда нақдсиз пул¸ умуман ликвидлик дефицити пайдо бўлди.

Бошқа томондан¸ бозорда нақд айланмаси кўпайди¸ инфляция кучайди¸ бошқариб бўлмайдиган иқтисодий диспропорция юзага келди. Бу ўзи аввал-бошдан аҳолига ëқиш учун олинган популистик қарор эди ва мутахассислар унинг шундай оқибатга олиб келишини биларди. Лекин бу борада улар фикрини сўраган ҳам¸ эшитган ҳам йўқ¸ деди Ўзбекистондаги банк-кредит тизимида ишловчи мутахассислардан бири.

XS
SM
MD
LG