Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:30

Махфий қарор: Ислоҳотларни қўллаган сайт ва блогерларга “молиявий рағбат”, қўлламаганига “қонуний чора”


Ўзбекистондаги "ислоҳотларни ижобий ëритаëтган" блогерларни рағбатлантириш жараëнида уларнинг президент билан селфи тушишига ҳам имкон яратилди.
Ўзбекистондаги "ислоҳотларни ижобий ëритаëтган" блогерларни рағбатлантириш жараëнида уларнинг президент билан селфи тушишига ҳам имкон яратилди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь санаси билан расмийлаштирилган махфий қарори иловасининг алоҳида боби ижтимоий тармоқлардаги ахборот хуружларига қарши кураш йўл-йўриқларига бағишланган.

4437м махфий қарори ва унинг иловасида берилган топшириқлар “диний вазиятни соғломлаштириш” мақсадини кўзлаган бўлсада¸“ахборот хуружларига қарши тегишли чоралар кўриш” кўлами мамлакатдаги нафақат диний¸ балки ижтимоий-сиëсий¸ иқтисодий вазиятга оид маълумотларни ҳам ўз ичига олади.

Ахборот хуружларига қарши курашда президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)га катта ваколатлар берилган; мамлакатдаги кучишлатар салоҳиятига эга тизимлар¸ хусусан¸ ДХХ¸ ИИВ ва Бош прокуратура¸ шунингдек Адлия вазирлиги ва Олий суд эса бу курашда агентликнинг асосий ҳамкори этиб белгиланган.

Махфий ҳужжатнинг айни бобида берилган аниқ кўрсатмалар¸ нега айрим сайт ва фаол блогерларнинг АОКА раҳбарларининг шахсий ҳимоясига олингани¸ айни пайтда¸ шу кунларда тақдири муҳокамада қолаëтган блогер Нафосат Оллошукурованинг нега жазога тортилгани¸ қолаверса¸ мамлакатдаги вазиятни танқидий руҳда ëритган Togri.uz сайтининг нега тўсатдан ëпилганига билвосита ойдинлик киритади.

АОКАга “ахборот таҳдидларига" қарши курашда улкан ваколатлар берилди

Президент махфий қарори ижроси батафсил белгилаб берилган “Йўл харитаси”нинг IX боби “Ижтимоий тармоқларда (интернет) ахборот таҳдидларига нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш¸ миллий¸ маънавий¸ маданий қадриятларни тарғиб қилиш” деб номланади.

Бу соҳада қилиниши буюрилган ишлар учун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов масъул этиб тайинланган.

Бу вазифаларни бажаришда Ўзбекистоннинг энг қудратли тизимлари – ДХХ¸ ИИВ¸ Бош прокуратура¸ Адлия вазирлиги¸ Олий суд Алламжоновнинг “ҳамкор ташкилотлари” этиб белгиланган.

Махфий ҳужжатнинг бу бобида берилган биринчи вазифа “диний соҳага оид ахборот хуружларини барвақт аниқлаш ва тегишли чоралар кўриш”дир.

Шу мақсадда Алламжонов ва унинг кучишлатар ваколатига эга қудратли ҳамкорларига қуйидаги топшириқлар юклатилган:

“1.Ҳамкор ташкилотлар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш ва иш режасини ишлаб чиқиш.

2.Интернет ва оммавий ахборот воситаларида берилаëтган соҳага оид материалларни таҳлил қилиш ва маълумот тайëрлаш.

3.”Uz” доменида фаолият юритаëтган диний-маърифий мазмундаги Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда радикал ташкилотлар ғояларига илмий асосланган раддияларни тизимли равишда жойлаштириб бориш”.

Бу топшириқ ижросига давлат кучишлатар тизимлари билан бир қаторда Дин ишлари бўйича қўмита¸ Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам жалб этилган; уни бажариш учун 10 сентябрдан декабрга қадар муддат берилган.

Махфий ҳужжатда ахборот хуружларига қарши қилиниши лозим еттита катта вазифа топширилган.
Махфий ҳужжатда ахборот хуружларига қарши қилиниши лозим еттита катта вазифа топширилган.

Блогер қаршисидаги танлов – ширинкулча ëки калтак?

Жамоатчилик¸ хусусан¸ хориж ҳукуматларига ўзини Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги учун фаол курашчи қилиб кўрсатиб келаëтган Комил Алламжонов ва унинг агентлигига топширилган яна бир туркум вазифалар блогерлар фаолияти билан боғлиқ.

Ижроси 10 сентябрдан бошланган бу вазифа “ижтимоий тармоқ ва интернет мессенжерлари орқали ижтимоий-сиëсий¸ иқтисодий ва диний вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган асоссиз ва уйдирма маълумотларни тарқатиб келаëтган блогерлар фаолиятига қарши чора-тадбирларни амалга ошириш”дир.

Шу мақсадда АОКА раҳбари ва унинг бу вазифа ижросидаги ҳамкорлари – Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси¸ Нодавлат электрон ОАВлари миллий ассоциацияси ва Адлия вазирлигига қуйидагилар буюрилган:

1.Ижтимоий тармоқ ва интернет мессенжерларида диний мавзуларда фикр билдирадиган блогер ва инфлуенсерлар саҳифаларининг мониторингини олиб бориш.

2.Блогерларнинг миллийлик¸дунëвийлик масалалари бўйича ҳамда ҳуқуқий билим ва савиясини ошириш учун доимий давра суҳбати¸учрашув ва семинар-тренингларни ташкил этиш.

3. Ижтимоий-сиëсий¸ иқтисодий ва диний вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган асоссиз ва уйдирма маълумотларни тарқатиб келаëтган блогерларга қонуний чора кўриш тизимини шакллантириш.

4.Республикада амалга оширилаëтган ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи блогерлар фаолиятини молиявий рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш”.

Махфий ҳужжатда берилган ваколатлар билан АОКАга Ўзбекистон медиа майдонидаги сайтлардан тортиб то профилларга қадар ҳаммасининг тақдирини ҳал қиладиган қудратли идорага айланди.
Махфий ҳужжатда берилган ваколатлар билан АОКАга Ўзбекистон медиа майдонидаги сайтлардан тортиб то профилларга қадар ҳаммасининг тақдирини ҳал қиладиган қудратли идорага айланди.

Блокланадиган сайт¸ профил ва каналларнинг “қора рўйхати”

АОКА ва унинг раҳбари Комил Алламжоновга юкланган навбатдаги вазифа “террорчилик ва экстремистик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилувчи ахборот ресурсларини блоклаш ва ўчириш чораларини кўриш”дан иборат.

Шу мақсадда АОКА Дин ишлари бўйича қўмита¸ Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлиги¸ Бош прокуратура¸ ДХХ¸ Олий суд ва Адлия вазирлиги билан 20 сентябрдан декабрга қадар қуйидагиларни амалга оширади:

“1. Террорчилик ва экстремистик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилаëтган веб-сайтлар¸ профиллар ва ижтимоий тармоқлардаги каналлар рўйхатини тузиш ва аниқланган материаллар юзасидан суд идораларига маълумот тақдим этиш.

2. Суд қарорига асосан террорчилик ва экстремистик ташкилотлар ғояларини тарғиб қилувчи ахборот ресурсларини блоклаш ва ўчириш чораларини кўриш.

3.Суд қарорига асосан Ўзбекистон ҳудудида тарқатилиши ман қилинган экстремистик ва террорчилик ғоялари тарғиб қилинаëтган ресурслар рўйхатини ОАВларида эълон қилиб бориш”.

Сайтга қарши сайт¸ профилга қарши профил билан кураш режаси

2019 йилнинг 4 сентябрь санаси билан расмийлаштирилган президент махфий қарорида АОКА ва унинг ДХХ¸ ИИВ¸ Бош прокуратура¸ Олий суд ва Адлия вазирлиги каби ҳамкорлари томонидан “ижтимоий-сиëсий¸ иқтисодий ва диний вазиятни беқарорлаштиришга” уринаëтган деб топилганларни жазолаш билан айни пайтда¸ ҳукумат сиëсатини қўллаб-қувватловчиларни мукофотлаб бориш ҳам буюрилган.

Махфий ҳужжатда яна АОКА ва ҳамкорларига “аҳолини ишончли маълумот билан таъминлаш ва ахборот муҳитини соғломлаштириш мақсадида миллий домендаги интернет сайтлари билан профилактик тадбирлар ташкил қилиш” топширилади.

Бу вазифа эса¸ “интернет сайтлари бош муҳаррирлари ва журналистлари билан “профилактик-тушунтириш” ва улар учун семинар-тренинглар уюштириш ва берилган топшириқларни бажарган сайт ва каналларни мукофотлашни ўз ичига олади:

“Интернет маконида Ўзбекистонда амалга оширилаëтган ислоҳотларни ижобий ëритиб бораëтган сайт¸ аккаунт¸ профиль ва каналларга махсус грантлар тақдим этишни жорий қилиш”.

“Қонуний чора” кўрилган блогер¸ ëпилган сайт

Президентнинг 4437м сонли махфий қарори нусхаси Озодлик ихтиëрига келган айни кунларда Ўзбекистонда жамоатчиликка танилиб улгурган мустақил блогер ва маҳаллий домендаги мустақил сайт билан боғлиқ шов-шувли воқеа содир бўлди.

Сентябрь охирида журналист Маҳмуд Ражаб ва қариндошларининг Тошкентга пиëда бошлаган норозилик юришини ëритган мустақил блогер Нафосат Оллошукурова аввалига 10 кунга қамалди¸ тутқунликдан чиқишига суд ҳукми билан мажбуран руҳий касалликлар шифохонасига ëтқизилди.

Оллошукуровага нисбатан илк “қонуний чора” АОКАга “ижтимоий-сиëсий¸ иқтисодий ва диний вазиятни беқарорлаштиришга қаратилган асоссиз ва уйдирма маълумотларни тарқатиб келаëтган блогерларга қонуний чора кўриш тизимини шакллантириш” учун муҳлат берилган 10 сентябрдан икки ҳафта ўтиб қўлланилди.

Асосан ҳуқуқ тизимларидан норози оддий одамлар ҳақида ижтимоий тармоқда маълумот бериб келган 32 яшар Оллошукурова Маъмурий жавобгарлик кодексининг"Майда безорилик"¸ "Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш" ва "Рухсат этилмаган йиғилишлар¸ митинглар¸ кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш"га оид моддалари билан жазоланди.

Унинг руҳий касаллар шифохонасига мажбуран ëтқизилиши ҳам “қонуний” қилинди – Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра¸ прокуратура бу ҳақда санкция берди.

“Қонуний жазо” қўлланган Оллошукурова ижтимоий тармоқларда бошланган қоралов кампанияси давомида “президент блогерларни қўллаб турган бир пайтда норозилик юришини ёритган ахмоқ”қа¸ шунингдек “Ўзбекистон тинчлигини кўра олмаëтган бузғунчи”га чиқарилди.

Озодликка президент махфий қарори ижросининг бутун республика бўйлаб барча фронтларда бораëтганини билвосита тасдиқловчи хабарлар келаëтган айни кунларда¸ Ўзбекистондаги вазиятни мустақил ва танқидий кўз билан ëритишга уринган яна бир сайт To’gri.uz ëпилди.

Бу сайтда ишлаган блогер ва журналист Хуршид Йўлдошевнинг Facebookда ëзишича¸ “молиявий муаммолар боис муасссис томонидан ëпилгани” иддао қилинаëтган бу сайт¸ АОКА босимига учраган¸ Алламжонов томонидан “маълум бир шахслар манфаатига хизмат қилаëтганликда” айбланган.

Журналист¸ шунингдек¸ ўқувчилари сони муттасил ошиб бораëтган янги сайтга бевосита АОКА томонидан икки марта босим бўлганини очиқлади.

Togri.uz’га фақат икки марта ташқаридан қўнғироқ бўлган ва сайтдаги бир-икки хабарни ўзгартириш сўралган. Ҳар икки қўнғироқ ҳам АОКАдан бўлган. (Биринчи қўнғироқ блогерлар ҳақидаги мақолани олиб ташлаш¸ иккинчиси президент қизи – АОКА раҳбари ўринбосарининг унга ëқмаган расмини олиб ташлаш ҳақда бўлган – таҳр.)

Расмни ўчиртиришга ёки ўчиришни сўрашга қонуний асос йўқ эди, бўлганда ҳам ўша қонуний асос келтирилмади. АОКА бирор нарсани ўчиришни сўрашга ҳаққи бор, албатта. Аммо қонуний асосни кўрсатиб, шунчаки матбуот котибининг Телеграмда ёзиши биланмас”¸ деб ëзди ўзи ҳам бир муддат АОКА ишлаб¸ унинг қандай ваколатлари борлигидан хабардорлигини таъкидлаган Йўлдошев.

Озодлик 16 октябрь куни гаплашган Ўзбекистондаги саноқли мустақил блогерлар¸ бундан буëн “эркинлик доирасининг янада торайиб бориши” хусусида хавотир билдирди.

Секуляр элита дин билан ишлашга муносиб моделни бошидан топа олмаган эди. Шунинг учун Каримовнинг репрессив сиëсатига қайтиш фақатгина вақт талаб қилди. Бошқача ишлашни билишмайди. Буларнинг ҳаммаси кутилган нарсалар”¸ деб шарҳлади Ўзбекистон ахборот ҳудудидаги блогер ва сайтларни иккига – ҳукумат ислоҳотларини қўлловчилар ва вазиятни беқарорлаштиришга уринувчиларга ажратиш сиëсатини шарҳлаган таниқли блогерлардан бири.

XS
SM
MD
LG