Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:18

Ҳукумат “Ялла” ва Зулфия ижодидан экстремизмга қарши эм яратмоқчи


"Ялла" ансамбли музейининг лойиҳа макети
"Ялла" ансамбли музейининг лойиҳа макети

Ўзбекистон ҳукумати Тошкентдаги 22- болалар мусиқа ва санъат мактаби негизида “Ялла” эстрада вокал-чолғу ансамбли ижро услубидаги болалар мусиқа мактаби ва студиясини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф этилган қарор лойиҳасини тайёрлади.

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров Озодлик билан суҳбатда ҳукуматнинг бу режасини қўллаб-қувватлаб, қўлидан келганча ëрдам беришга тайëр эканлигини билдирди.

Жорий йилнинг 10 октябрида норматив ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасида ўзбек эстрадасини миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунлашган ҳолда ривожлантириш мақсади кўзлангани айтилади.

Ҳужжатга “Ялла” ансамбли ижро услубидаги болалар мусиқа мактаби ва студиясини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар режаси илова қилинган.

Махфий қарор йўналиши

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь куни 4437м сони билан расмийлаштирилган махфий қарорида "замонавий эстрада ва дунëвий адабиëт “ëшларнинг мутаассиб ғояларга берилишининг олдини олувчи” омил сифатида белгиланган.

Махфий қарор
Махфий қарор

Ҳужжатга “Ялла” ансамбли ижро услубидаги болалар мусиқа мактаби ва студиясини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар режаси илова қилинган.

"Ялла" мактабидан нималар кутилади?

Иловада “Ялла” ансамбли ижро услубидаги болалар мусиқа мактаби ва студиясининг асосий вазифалари белгиланган:

- миллий эстрада санъатини ўзбек анъанавий ижрочилик услублари билан ҳамоҳанг тарзда, миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунлашган ҳолда ривожлантириш;

- ёшларни она Ватанга муҳаббат, миллий анъаналарга садоқат руҳида тарбиялаш, миллий эстрада ижрочилиги бўйича истеъдодли ёш ижодкорларнинг касбий ва маънавий камол топиши ва ўз иқтидорларини намоён этишлари учун шарт-шароит яратиш;

- замонавий ўқув-педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда ўқув-тарбия жараёнларини янада яхшилаш, илғор хорижий тажрибаларни қўллаган ҳолда янги ўқитиш услубларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш.

“Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 2021 йилда “Ялла” ансамбли ижро услубидаги болалар мусиқа мактаби ва студиясининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида замонавий чолғулар, ўқув-қўлланмалар билан таъминлаш ҳамда замонавий овоз ёзиш студиясини ташкил этиш юзасидан зарур бўлган маблағларни ажратсин”, - дейилган ҳужжатда.

Санъатшунос фикри

Тошкентлик санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ “Ялла” ансамбли ва дунëвий мазмундаги бадиий адабиëтдан “диний экстремизм”га қарши иммунитет яратиш вазифасини яратиш маданият вазирлиги ва Ўзбекистон ëзувчилар уюшмасига топширилган:

- Ўтган жума (11 октябрь-таҳр) Республика Маънавият ва маърифат марказида йиғилиш бўлди. Мажлисда худди шу вазифа қўйилди. Яъни “Ялла” форматидаги миллий эстрадани ривожлантириш ва Ҳамид Олимжон-Зулфия жуфтлиги тимсолида замонавий қахрамон образини ëшлар орасида тарғиб қилиш.

Cанъатшунос Абдумалик Турдиевнинг ​фикрича, “Ялла” ансамблидан дорилфунун ясашга уринишнинг кераги йўқ:

- Бу ансамблдан альма матер чиқмайди. Ялла” ансамбли Совет витринасига қўйилган мафкуравий продукт эди. Максимум Болгария ва ГДРдаги бир икки фестивалда иштирок этган. Мусиқий формати эклектикадан иборат. Мазмунан фольк-поп. Бундан мактаб ясаб бўлмаслигини ҳар бир музикант билади. Бунинг кераги ҳам йўқ деб ўйлайман. Эстрада-цирк билим юрти бор¸ Глиер ва Успенский номидаги мусиқа билим юртлари турганда бу псевдомасканга ҳожат йўқ деб ўйлайман.

Фарруҳ Зокиров: "Ялла" аллақачон мактабга айланган

Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокировнинг ўзи эса, Озодлик мухбирига “Ялла” ансамбли аллақачон мактабга айлангани ва ҳукуматнинг бу қарори мавжуд реалликка ҳуқуқий тус берганини айтди::

- Шароит яратилиши¸ маблағ ажратилиши таҳсинга лойиқ. “Ялла” ни собиқ СССР худудларида ҳамма билади ва биз куйласак қўшилиб куйлашади. Ҳукумат қарорини олқишлайман

Ҳамид Олимжон + Зулфия

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь куни 4437м сони билан расмийлаштирилган махфий қарорида Ҳамид Олимжон ва Зулфия каби шоирлар номи келтирилади:

"Ëшларни салбий хулқ-атвор ҳамда "оммавий маданият" таъсиридан сақлаш мақсадида Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним каби "Замонамиз қахрамонлари" образини яратиш орқали юртимизда маданият ва санъат соҳасида муваффақиятга эришган шахсларнинг ҳаëти ва фаолиятини кенг тарғиб этиш" ҳужжатда таъкидланган.

Шунингдек, "Аҳоли айниқса ëшларнинг мутаассиб ғояларига берилиш ҳолатларининг олдини олиш" мақсадида Зулфияхоним ва Ҳамид Олимжон асарларини кенг омма орасида тарқатиш вазифаси махфий қарорда Ëзувчилар уюшмаси ва Маданият вазирлигига юклатилган.

"Сталинни улуғлаб шоир Ботуни чохга итарган одам миллий қаҳрамон бўла олмайди"

Ўзбекистонлик ëзувчи Темур Низомиддинов Озодлик билан мулоқот чоғида Ҳамид Олимжон-Зулфия жуфтлигидан қахрамон ясаш муаммоли иш деган фикрни билдирди.

- Бу иккала шоир қарама-қарши лагерь, яъни мустақилликдан олдинги Совет мафкурасининг фаол жангчилари бўлишган. Ҳар иккаласи ҳам Сталин ва Ленинни улуғлаб достонлар ëзишган. Элбек¸ Боту ва Чўлпонларга қарши донос ëзишган. Бу чақувлар архивда турибди.

Суҳбатдошга кўра¸ шоир Ҳамид Олимжон Боту ва Элбек каби шоирларга нафратини ўз шеьрларида ифода қилган:

- Масалан, Ҳамид Олимжоннинг 1951 йилда нашр қилинган “Танланган асарлар” китобини варақласак. Шоир ўз шеърларида Чўлпон ва Фитратларни “Чет элга сигнал берган душман” дея тамғалайди. Қизил террор номи билан репрессия уюштирган ГПУ қирғинини олқишлайди. Мана эшитинг:

Ботулар,Олтойлар,

Бўлароқ бир тан,

Шўрога қарши бир

Ташкилот қурган.

Мажлислар...

«Миллий истиқлол»

Қўзғалиш,

Исёнга

Йўл-йўруқ чизган...

Ромизлар,Ботулар,

Фитрату Чўлпонлар

Ниқобга кирган,

Уч ҳарфла

Ҳар душманга

Титроқ берган —

Г.П.У!!!

Ҳокимият қиличини

Қинларидан

Олган бу!

— Ўлим ёвға!!!

Бу — синфнинг,

Партиянинг.

Бу — тарихнннг

йўли Бу !!

(Ҳамид Олимжон, "ГПУ" шеъри, 1937 йили ëзилган)

"1984" ?

Таниқли рус ëзувчиси Иван Толстой Озодлик билан суҳбатда “Қарор орқали шоир ва қўшиқчидан радикалимзга қарши қурол ясашнинг самарасиз эканлигини СССР даври”исботлаганини таъкидлади.

- Агар сиздан эшитган Ўзбекистон реаллиги рост бўлса. Ростдан ҳам ҳукумат икки эр-хотин совет шоири ва бир попса гуруҳдан радикал ғояларга қарши қурол қилиш учун қарор чиқарган бўлса бу антиутопист ëзувчилар учун қизиқ манзара. Мен бундай манзара Жорж Оруэллнинг "1984" китобида бор деб юрардим. Ҳақиқатда ачинарли манзара. Ҳатто бугунги Путин режими ҳам сталинпарвар шоир Демьян Беднийни икона сифатида жорий қилмади. Ўзбекистон ҳукумати сал ошириб юборибди.

2017 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев "Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида"ги қарорни имзолаган эди.

Президент қарори асосида "Адиблар хиëбони"га "миллий адабиётнинг улкан намояндалари" ¸ Тошкентдаги Ҳамид Олимжон¸ Ғафур Ғулом ва Зулфия ҳайкаллари кўчирилган эди.

XS
SM
MD
LG