Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:35

Жанжал туфайли қолдирилган маҳалла раиси сайлови ўтди. Норозилар шикояти "юқорига" жўнатилди


ШАҲРИСАБЗ – "Улоч маҳалласида аҳоли норозилиги боис сайлов қолдирилди"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

Шаҳрисабзнинг Улоч қишлоғида жанжал туфайли бошқа кунга қолдирилган сайлов 13 майда ўтказилди.

Шаҳрисабз туманидаги Улоч маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови 13 май куни ўтказилди ва раис сайланди. Маҳалла аҳли бир қисмининг норозилиги туфайли сайлов 10 май куни ўтмай қолган эди.

Норози томон вакили унинг ҳамфикрлари шикоятлари кўриб чиқилишига умид қилмоқда. “Маҳалла” жамғармасининг туман бўлими вакили норозиларнинг шикоятлари Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссиясига жўнатилганини билдирди.

Шу кунларда мамлакат бўйлаб Фуқаролар йиғинлари раисларининг навбатдаги сайлови ўтказилмоқда.

Жанжал туфайли қолдирилган маҳалла раиси сайлови ўтди. Норозилар шикояти "юқорига" жўнатилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:56 0:00
Бевосита линк

Улочдаги сайлов жанжали

Озодликнинг SizdanTelegram каналида Улоч маҳалласида яшайдиган аҳоли номидан келган хат эълон қилинган эди.

Улоч маҳалласи таркибидаги Қани кўчасида яшовчи, “сайловни деб бошоғриқ ошириб олгани” учун исми айтилмаслик шарти билан Озодликка 14 май куни гапирган фуқаро хатда келтирилган ҳолатни қўшимча тафсилотлари билан айтиб берди.

Унинг айтишича, қонунга биноан овоз берувчилар рўйхати тузилган, рўйхат билан кўпчилик танишган, сайлов 11 майга белгиланган эди. Бироқ сайлов негадир 10 май куни ўтказиладиган бўлди ва овоз бериладиган жойга аввалдан тузилган рўйхат эмас, балки янги, қандайдир бошқа рўйхатдагилар киритила бошлади ва шундан жанжал чиқди.

Улоч маҳалласи, Қани кўчасида яшовчи сайловчининг айтишича, овоз берувчиларнинг янги рўйхатига эски раис ўз тарафдорларини киритган.

10 май куни ўтмай қолган сайлов 13 майда ўтказилди ва раисликка Гулшан Одилова сайланди.

Раисликка Гулшан Одилованинг 13 май кунги сайловда сайланганини “Маҳалла” жамғармасининг Шаҳрисабз туман бўлими вакили ҳам тасдиқлади.

Вакили сайловни ўтказиш Ишчи гуруҳига аъзо жамғарма ходими “можароларга қарамай, 13 май куни сайлов қонун доирасида ўтганини” билдирди. Унинг айтишича, норози томоннинг барча шикоятлари Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссиясига жўнатилган.

Комиссия шикоятлар асосли, деган хулосага келса, 13 май куни ўтказилган сайлов натижалари бекор қилиниши мумкинми, деган саволга туман “Маҳалла” жамғармаси вакили “Нега бекор қилинар экан, ахир сайлов қонуний ўтдику?!” деб жавоб берди.

Озодлик сайловда ғолиб чиққан Гулшан Одилова билан боғлана олмади.

Улочдаги можаронинг "ҳиди" Жозибадан ҳам келиб турибди

Шаҳрисабз туманидаги Улоч маҳалласида содир бўлган сайлов жанжали Қумқўрғон туманидаги (Сурхондарё вилояти) Жозиба маҳалласида ҳам такрорланиш хавфи бор. Ҳар ҳолда шу маҳаллада яшовчи 67 яшар Сафар Хушвақтовнинг 14 май куни Озодликка айтганларидан шундай хулосага келиш мумкин.

Маҳалла аҳолисининг турли гуруҳлари МФЙ раиси лавозимига ҳаммаси бўлиб 10 номзод кўрсатган. Номзодлар орасида Сафар Хушвақтовнинг номзоди ҳам бор. Унинг айтишича, “туман ҳокимлиги маҳаллага 1991 йилдан бери раислик қилиб келаётган Норқулов Сойибназарни қўллаб-қувватламоқда”.

Жозиба маҳалласида сайлов 20 майга белгиланган.

“Маҳалла” жамғармасининг Сурхондарё вилоят бўлими вакили Рўзимурод Авазовнинг 14 май куни Озодликка билдиришича, шу кунгача вилоятдаги маҳалла ва қишлоқ фуқаролик йиғинларининг 50 фоизидан кўпроғида сайловлар ўтиб бўлди.

Жозиба маҳалласилик Сафар Хушвақтовнинг аризаси мазмунини эшитгач, Рўзимурод Авазов бундай деди:

“Одамлар билиб-билмай, ҳар нарса деявериши мумкин. Ишчи гуруҳи номзодлар рўйхатини сайловга кўмаклашувчи комиссияга тақдим этади. Комиссия сайловга 10 кун қолганда рўйхатни ҳокимга тақдим этади. Сайловга 5 кун қолганда ҳоким ўз фикрини айтади”.

Озодлик Сафар Хушвақтов билан овоз бериш кунига 6 кун қолганда гаплашди.

"Раисликка ёшлар келмоқда"

Маҳалла раислари сайлови бутун мамлакатда бўлгани каби Тошкент шаҳрида ҳам ўтмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов Олмазор туманидаги Гурунчариқ маҳалласида яшайди. Бу маҳалла раиси сайлови ҳам 20 майга белгиланган. Икромовнинг айтишича, раисликка 7-8 кишининг номзоди кўрсатилган, лекин сайлов бюллетенига 4 кишининг исми киритиладиган бўлиб турибди.

Бу йилги сайловнинг аввалгилардан фарқи ҳақида гапирар экан, Суръат Икромов танлаш имкони берилаётганини эътироф этди:

“Олдинлари, Каримов даврида ҳоким танлаган одамгина сайланарди ва у ўн йиллар ўтираверарди. Энди эса, масалан, бизнинг маҳалламизда бўлаётганидай, ёшлар ҳам келаяпти. Мен шунга хурсандман”.

"Ҳозирча айрим техник муаммолар борлиги аниқланди"

Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга қараганда, фуқаролар йиғинлари раислари сайлови жараёнида ҳозирча жиддий қонунбузарликлар аниқлангани тўғрисида маълумот йўқ, бироқ айрим техник муаммолар борлиги аниқланган.

Янги таҳрирдаги қонун мағзи

Фуқаролар йиғини сайлови 2018 йилнинг октябрида янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги қонунга биноан ўтказилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, янги таҳрирдаги қонуннинг мағзи будир:

  • Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқолини) сайлаш яширин сайловчилар вакилларининг овоз бериши орқали амалга оширилади.
  • Фуқаролар йиғини раиси сайлови бўйича овоз бериш ўтказилаётганда фуқаролар йиғини иштирокчиларига сайлов бюллетенлари саноқ комиссияси томонидан берилади.​
  • Бюллетень овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинасида тўлдирилади. Овоз берувчи тўлдирилган бюллетенни сайлов қутисига ташлайди.​
  • Сайлов қутилари саноқ комиссияси томонидан сайловда иштирок этаётган вакилларнинг кўз ўнгида очилади.​
  • Овозлар саноқ комиссияси томонидан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига ҳар бир номзод бўйича вакилларнинг кўз ўнгида санаб чиқилади.​
  • Овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига сайланган деб ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG