Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:38

Маҳалла раислари сайлови натижаси эълон қилинди


Ўзбекистонда 10 мингга яқин маҳалла раиси, 100 мингдан ортиқ маслаҳатчи сайланди. Раисларнинг 50 фоиздан ортиғи илк бор сайланди, яъни йиллар давомида оқсоқоллик постидан тушмаганларнинг ярми қайта сайланмади. Аммо маҳалла фаоллари, гўёки, халқ танлаган янги раислар тизгини ҳануз уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши раиси бўлиб қолаётган туман ҳокими қўлида эканини таъкидламоқда.

Расмий хабар

Ўзбекистонда Олий Мажлисида май-июнь ойларида ўтган маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси ва маслаҳатчилари сайлови натижаси эълон қилинди. Сайлов жараёнида 9 минг 764 та маҳалла раиси, 105 мингдан ортиқ маҳалла раиси маслаҳатчиси сайланди.

Бу гал маҳалла аҳлига раисликка номзоднинг ёши 57дан катта бўлмаслиги, олий маълумотли бўлиши ва имкон қадар аёл номзодларни кўрсатмаслик тавсия қилинган эди. Gazeta.uz сайти тарқатган расмий хабар мазмунига кўра, тавсияга амал қилинган.

Олий Мажлис Сенатида кенгайтирилган мажлисида тақдим қилинган натижаларга кўра, сайланган оқсоқолларнинг 73 фоиздан ошиғи олий маълумотли, 82 фоизи давлат идоралари, нодавлат ташкилотларда ишлаган, 67 фоизи биринчи бор сайланган. Қайриб 10 минг маҳалла раисидан 865 нафари, яъни 8 фоиздан ошиғи аёл кишидир.

Маҳалла раислари маслаҳатчилари орасида эса 51 фоизи олий маълумотли, 53 фоизи биринчи бор сайланганлардир. Аммо, маслаҳатчилар орасида аёллар сони нисбатан кўпроқ - 25 фоиздир.

Исталган оқсоқол

Маҳалла раислигига сайловлар жараёнида Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан бу галги сайлов нисбатан адолатли ўтаётгани, аксар маҳаллаларда халқ ўзи истаган оқсоқолларнинг сайланишига эришгани ҳақида хабарлар келди.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги маҳалла фаолларидан бири 10 июль куни Озодлик билан суҳбатда буни таъкидлади:

- Шу ўзимизнинг маҳаллада туғилиб-ўсган, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича мутахассис бўлган бир оқсоқолни сайладик. Ҳокимият томонидан қаршиликлар бўлди, лекин унинг номзодини ҳам ўтказдик ва сайланишига ҳам эришдик, - деди исмини ошкор қилмаётганимиз фаол.

Унинг айтишича, аҳолиси талабчан бўлган аксар маҳаллалар ўз истагини амалга оширган ва бу гал на ҳокимият, на прокуратура уларга жиддий қаршилик қилолган:

- Назаримда, юқоридан шунақа кўрсатма бўлган, шекилли. Авваллари прокуратурадан келиб аралашишарди, бу йил унақа босим бўлмади, - дейди фаол.

Ҳоким назорати

Сайлов нисбатан адолатли ўтган бўлса-да, аммо сўнгги икки йил ичида маҳалла институти устидан ҳокимият бошқаруви жуда кучайгани эътироф этилмоқда.

Яъни, ҳар бир туманда тузилган "Маҳалла оқсоқоллари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаш"лари раиси туман ҳокими бўлиб қолмоқда ва ҳоким ҳар битта оқсоқолдан қарийб кундалик равишда ҳисобот талаб қилмоқда:

- Ҳар куни камида битта, иккитадан мажлис. Шахсан ҳоким ўтказади. Кундалик равишда топшириқ беради ва кечга ҳисобот сўрайди. Топшириқни бажариш шарт. Демоқчи бўлганим, биз сайлаган яхши оқсоқоллар ҳам ҳокимнинг талабини сўзсиз бажаришга мажбур бўлади. Кейинги икки йил ичида шу система кучайди. Яъни, шу ерда фуқароларнинг ўзи-ўзини бошқариш институти, деган нарса тугади, - дейди исмини ошкор қилмаётганимиз олмазорлик маҳалла фаоли.

Қуйида бу фаол билан қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Маҳалла фаоли: Оқсоқолни эркин сайладик, аммо тизгин ҳануз ҳокимият қўлида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG