Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:41

Маҳалла сайлови: Аёллар кам, кўпроқ ҳоким зуғумига чидаган эркаклар раис бўляпти


Шу кунда маҳаллаларда фуқаролик йиғини раислари сайлови қарийб якунига етмоқда. Аксар маҳалларда аёл номзодлар сайланмагани, ҳокимият тасдиқлаган ёш-ёш эркаклар раис бўлаётганини айтилмоқда. Бу йил ҳукумат маҳалла раислигига имкон қадар ёш, олий маълумотли эркакларни сайлашни тавсия қилган. Озодлик тингловчилари маҳаллага раислик йилдан-йилга оғирлашаётгани, бунинг юкини анча-мунча эркак ҳам кўтаролмай қолганини айтмоқда.

Бу йил 9 минг 764 раис сайланяпти

Бу йил жами маҳалла фуқаролар йиғинларига 9 минг 764 раис ва уларнинг 99 мингдан ортиқ маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилган.

Ҳозир Ўзбекистон бўйлаб май ойига белгиланган маҳалла фуқаролар йиғини раислари сайлови қарийб якунланмоқда. Олдинда маҳалла раислари маслаҳатчилари сайлови бор. Мавжуд тартибга кўра, янги сайланган раислар энди ўзига маслаҳатчиларни сайлаб-саралаб олади.

Озодликка турли вилоятлардан боғланаётган муштарийлар ўз маҳалласида ўтаётган сайловдан хабар бермоқда, Айрим муштарийлар номзодлар танланиши ва сайланишидан норози бўлмоқда, яна айримлари бу йил аёл номзодлар қарийб сайланмаётганини айтмоқдалар.

Ҳокимият мулозими раис бўлди

Тошкент вилоятида яшайдиган тингловчи Ғофуржон ака ўз маҳалласига туман ҳокимиятида ишлаб келган ёшгина йигит раис бўлгани, унинг сайланишидан рози эканини айтди:

- Ҳокимиятнинг ташкилий қўмитасида ишлаб келган, ёши 40 лардан ошган, ҳар ҳолда 50га бормаган бир йигит раис бўлди. Шу ўзимизнинг маҳаллада яшайди. Бу йил яхши бўлди сайлов, демократичный бўлди. Қани энди, ҳокимларни ҳам шунақа сайласак, фермерларни қувалаб юрадиганларини сайламасдик, - дейди тошкентлик кекса тингловчи.

Аввал раис бўлган аёл қайта сайланмади

Унинг айтишича, шунча йилдан бери маҳалласига раислик қилиб келган аёлнинг номзоди ҳам бор эди, аммо ҳокимият тавсияси билан бу аёл сайланмади:

- Қўшни маҳаллада, шаҳардаги танишларим яшайдиган ҳамма маҳаллаларда эркак раис бўлди, тўғри. Ўзи аёлларни сайламаслик тавсияси бўлганини эшитган эдим. Энди аёллар ҳокимларнинг бақириғига чидолмайди, дейишгандир-да, - дейди тингловчи.

Қуйида у киши билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

OzodMikrofon: Ҳокимиятда ишлаган ёшгина йигит маҳаллага раис бўлди, розимиз!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:15 0:00
Бевосита линк

Маҳаллада 25 йил кўринмаган одам раис бўлди

Озодликка боғланган яна бир тингловчи эса Фарғона вилояти Сўх туманидаги маҳаллалардан бирида бўлган сайловдан норозилигини айтди.

Унга кўра, бу маҳаллага ундан 25 йил аввал чиқиб кетган 70 ёшлар атрофидаги собиқ амалдорлардан бири раис бўлган:

- Бу номзод ҳозир Фарғона шаҳрида яшайди, Сўхга умуман келмай қўйган. Ҳайрон бўлдик, ким унинг номзодини кўрсатди ва маҳаллада яшамаётган, ёши ҳам жуда катта бўлган киши қандай раис бўлди? Шу ўзимининг маҳаллада яшаётган, Фарғонага йўл азобини тортаётган ёшлардан бири раис бўлса майли эди, - дейди исмини ошкор қилмаётганимиз тингловчи.

Қуйида у кишининг шикоятини тинглашингиз мумкин:

OzodMikrofon: 25 йил маҳаллага келмаган одам раис бўлди, норозимиз!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:26 0:00
Бевосита линк

Маҳалла раиси ҳокимнинг югурдаги

Бухоролик фермерлардан бири эса маҳалла сайловига чиқмагани, намойишкорона тарзда бундан воз кечганини айтади:

- Чиқмайман сайловингга, дедим. Бир сафар ҳокимиятда мажлисда ўтирибмиз, денг. Ҳоким ҳамманинг ичида маҳалла раисини тургизволиб: "Ҳе, онангни..., бор фалончини топиб кел!" деб жуда қўпол сўкди. Менинг ёнимда аёллар ўтирибди, коллежда ўқийдиган қизлар ўтирибди. Ҳалиги раис ғиринг демасдан, чиқиб кетди. Шундан кейин, маҳалла сайловигаям, раисигаям қўл силтадим. Ҳокимиятнинг ишчиси бўлса ҳам майли, маҳаллани оқсоқоли бўлиб туриб, шунчалик муте бўлса, дедим-да, - дейди исмини ошкор этмасликни сўраган бухоролик фермер.

Оқсоқол номзодга қўйиладиган талаблар

​Ўзбекистонда маҳалла фуқаролар йиғинлари шаҳар, посёлка, қишлоқ ва овуллардаги маҳаллаларда тузилган. Бу йиғинларга раислик қиладиган шахслар ва уларнинг ёрдамчилари 2 ярим йиллик муддатга маҳалла аҳли сайлови билан сайланади.

Маҳалла оқсоқоллигига номзодлар Ўзбекистон фуқаролари бўлиши лозим. Номзод олий маълумотли бўлиши ва мамлакат ҳудудида беш йилдан кам бўлмаган муддатда доимий яшаган бўлиши лозим. Бундан ташқари, ташкилотчилик қобилиятини намойиш қилган бўлиши ва муқаддам давлат ёки нодавлат идорадаларда ишлаб, тажриба орттирган бўлиши керак. Шунингдек, маҳалла аҳли бу номзодни яхши таниши ва ҳурмат қилиши лозим.

Сайланадиган оқсоқоллар номзодини эса амалдаги маҳалла оқсоқоли кўрсатади, туман ва шаҳар ҳокимликлари кўрсатилган номзодларни саралаб, тасдиқлаб беради. Бир оқсоқол кетма-кет чекланмаган муддатга қайта сайланаши мумкин.​

XS
SM
MD
LG