Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:28

Конституцияга ўзгартиришлар: Cайловларнинг кўчирилиши президент муддати ҳақида саволлар туғдирди


Шавкат Мирзиëевнинг ўзи президент сайловлари вақтини кўчириш таклифига муносабат билдирганича йўқ
Шавкат Мирзиëевнинг ўзи президент сайловлари вақтини кўчириш таклифига муносабат билдирганича йўқ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни муҳокама қилган. Шу пайтгача депутатлар тарафидан тўртинчи марта муҳокама қилинаëтган навбатдаги ўзгаришлар президентлик сайловлари билан боғлиқ. Парламент қуйи палатаси ва Марказий сайлов комиссиясининг маҳаллий матбуотга билдиришича¸президентлик сайловлари декабрь ойида эмас, октябрь ойининг учинчи ўн кунлигида ўтказилиши мумкин.

Олий Мажлиснинг Хоразм вилоятидан сайланган депутатининг Озодликка айтишича, президентлик сайлови октябрь ойининг учинчи декадаси охирида бўлиши муҳокама пайтида маъқулланган.

Сенат ушбу қонунни 18 декабрь куни ўтказилган ўзининг ялпи мажлисида кўриб чиқиши керак эди, бироқ Конституцияга мувофиқ (128-модда) парламент асосий қонунга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги лойиҳани фақат кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг қабул қилиши мумкинлиги тўғрисида мақолалар эълон қилингач, масала кун тартибидан олиб ташланган.

Конституциянинг 128-моддаси талабига кўра, Олий Мажлис тегишли таклиф киритилгандан кейин 6 ой мобайнида Конституцияга ўзгартиш ва тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин.

Жорий Конституциянинг 117-моддасига кўра¸ президентлик сайловлари шу пайтгача декабрнинг учинчи ўн кунлигида, якшанба куни ўтказиб келинган эди.

4 йил олдинги сайловга оид варақа
4 йил олдинги сайловга оид варақа

Нега президент бир ой эрта сайланадиган бўляпти?

Бу саволга Озодлик суҳбатлашган экспертлар тўрт хил фаразни илгари суришди.

  • 1. Исо мавлуди ва Янги йил байрамлари билан чалғиган дунë жамоатчилиги «Янги Ўзбекистон»дагии муҳим тадбирга керагича эътибор бермаслигини инобатга олиб, «барча фаол бўлган» ойга кўчириш.

Бу фикрни расмийлар фикрига энг яқин, дейиш мумкин. Озодликнинг давлат бошқарувига яқин манбаълари шундай сабаб матбуотда очиқланса «тепа мамнун» бўлади, деган фикрни билдиришди.

  • 2. Синоптикларга кўра, жорий йил декабрь ойи жуда совуқ келмоқда. Ҳукумат аҳолини газ ва электр билан таъминлай олмаслиги сайловчиларда салбий кайфият ва президентга ишончсизлик кайфияти ҳосил қилиши мумкин. Шу боис ҳаволар иссиқ пайтида сайловни ўтказиб олиш.
  • 3. Конституцияга ва сайлов тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ҳуқуқий жиҳатдан президентлик муддатининг, худди Россияда ўтган йил референдумда қилингани сингари «ноллаштирилишига» олиб келади. Мирзиëевнинг биринчи муддатдаги 4 йили ҳисобга олинмай, унинг яна икки муддат президент бўлишига йўл очади. Президент муддатини «ноллаштириш» Африкадаги авторитар давлатлар, хусусан Бурунди¸ Конго ва Буркина-Фасода самарали қўлланилиб келади. Бу фикрни Анқарада сиëсатшунослик бўйича илмий иш ëзаëтган Фирдавс Аннагелдиев билдирди. Аннагелдиевга кўра, расмий Тошкент Кремлнинг тутумини «копи-пест” қилишга ўрганиб қолган. Суҳбатдошга кўра, “Путиннинг ўз фаолиятини ноллаштирганидан ҳозирги ўзбек раҳбарияти нусха олмоқчи”.

Бу усулни Ўзбекистоннинг биринчи президенти ҳам самарали қўллаган.

  • 4. ЕОИИ га аъзолик ва Кремлнинг сайловларга эҳтимолий таъсирини айланиб ўтишга уриниш. ЕОИИга аъзолик масаласи жорий йил декабрь ойида кўрилади. Шу оғриқли танловдан олдин сайловни ўтказиб олиш.

Бу фикрни Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов билдирди.

Тошкентлик фаол Максим Черниковга кўра, барча тўрт сабаб ҳам тўғри ва энг тўғриси «сайловчиларни газ ва электр билан таъминлашни эплай олмайдиган ҳукумат қўрқуви».

«Президент сайловининг декабрдан октябрга кўчирилиши иситиш тизими энергия ва газ таъминоти билан боғли муаммолар занжирига бориб тақалади. Бу муаммолар 2020-2021 йилги қиш мавсумида бўртиб юзага чиқди. Тасаввур қилинг. 2021 йилнинг совуқ декабри. Одамлар иситиш тизими ëмонлиги¸газ ва электрнинг йўқлигидан шикоят қилмоқда. Ўйлаб кўринг, шундай шароитда одамлар сайловга борадими. Борганлар ҳам жорий президентга қарши овоз бериб келишади. Улар жорий президентни куз ва қишки мавсумига ҳозирлик кўрмагани ва узлуксиз энергоресурслар билан таъминлай олмаганликда айбдор, деб билишади».

Озодлик суҳбатлашган экспертлар «Сайловнинг ҳукумат ресурслари сарфланган ҳолда, фақат жорий президент ютишига қаратилгани ва ошкоралик ва эркин танлов принципларидан олис тарзда ўтишини тахмин қилишди.

"Сайлов эркин бўлади!"

Марҳум президент Ислом Каримов маъмуриятида ишлаган фахрий журналист Шароф Убайдуллаев сайловнинг Ўзбекистон тарихидаги иккинчи эркин сайлов бўлишига ишонади:

"Қачон бўлиши эмас, қандай бўлиши муҳим. Бу йилги сайлов 1991 йилги Муҳаммад Солиҳ ва Ислом Каримов беллашган сайловдан ҳам очиқ ва эркин бўлади. 1991 йилдаги сайловларни ичидан кузатган одам сифатида айтаман. Сайловда Ислом Каримов тўла ютқизган эди. Сайловларда ғирромлик кўп эди. Ислом Каримов қанча ричагларни ишга солишидан қатъи назар, амалда Муҳаммад Солиҳ ютган эди. Лекин мен Муҳаммад Солиҳни ҳам идеал раҳбар бўлади, деб ўйламаганман. Шавкат Миромонович Жиззахни бошқарди, Самарқанд вилоятини бошқарди, 13 йил Вазирлар Маҳкамасига раҳбар бўлди, бундай тажрибадан биз фойдаланмаймизми"¸ - дейди Шароф Убайдуллаев.

Шароф Убайдуллаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:09 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистон президенти декабрь ойида ўзининг парламентга мурожаатномасида сайловларни "эркин ва ошкора ўтказиш"га ваъда берган эди.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача бир неча марта ўзгартиришлар киритилган.

Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Конституция куни муносабати билан "Ўзбекистон халқига табриги"да президент Мирзиёев мамлакат асосий қонунига ҳозирга қадар 7 марта ўзгартиришлар киритилганини айтди ва уларни "демократик ислоҳотлар" зарурати билан тушунтирди.

Президентнинг сўзлари Конституцияга янги ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларга сабаб бўлди. Таҳлилчилар Каримов даврида мамлакат Конституцияси якка шахснинг ҳокимиятда умрбод қолишини таъминлаш мақсадида ўзгартириб келинганини айтишади.

XS
SM
MD
LG