Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:31

Таҳлилчилар Мирзиёев нутқида ЕОИИга тўлақонли аъзолик режасини кўрди


Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар президент Мирзиёев мурожаатномасида жиддий сиёсий ислоҳотлар режасини кўрмаган
Озодлик суҳбатлашган таҳлилчилар президент Мирзиёев мурожаатномасида жиддий сиёсий ислоҳотлар режасини кўрмаган

Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Toшкентдаги Халқаро конгресс марказида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига анъанавий Мурожаатнома билан чиқди.

Мурожаатнома матни матбуот ва Ўзбекистон президентининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида эълон қилинди. Мурожаатноманинг матнга тушмаган нуқтасига сиëсатшунос Сардор Салим эътибор қаратди.

“Мурожаатда Ўзбекистон ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлиши учун келаси йилда жадал ҳаракат қилиши лозимлиги таъкидланганига ҳайрон бўлдим. Чунки олдинги риторикада биз шунчаки нейтрал кузатувчи бўламиз дейилган эди.”

Сардор Салим ва Озодлик суҳбатлашган бошқа таҳлилчилар назарида Ўзбекистоннинг ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлиши сиëсий мустақилликни йўқотиш билан баробар.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида ЕОИИ ҳақида айнан мана буларни айтди:

"Ўзбекистон яқинда Евросиë иттифоқида кузатувчи мақоми олди. Ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорида тўлақонли иштирок этиш учун миллий техник тартибга солиш меъëрларини уларнинг талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириши зарур”

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 17 ноябрь куни Вашингтондаги Атлантика кенгашида қилган чиқишида ЕОИИга аъзо бўлиш-бўлмаслик масаласи "ҳамон очиқ қолаётгани"ни айтиб, буни ҳукумат ва парламент ҳал қилишини урғулаган эди.

ЕОИИга кириш ҳал бўлдими?

Ўзбекистонлик фаол Йигитали Нурнинг фикрича, президент нутқидан келиб чиқилса, Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик борасида аллақачон сиёсий қарор олингандек:

“Бир йилдан кейин кузатувчи эмас, айнан аъзо бўламиз, шунга тайёрланинг, демоқчи бу гапи билан", - дейди Йигитали Нур.

Меҳнат муҳожирлари Евросиё Иттифоқига қўшилиш масаласида нима фикрда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:22 0:00

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари университетининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомовнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича,

“Нутқда ташқи сиëсат ҳақида ҳеч гап айтилмади. Президент ЖСТ (Жаҳон савдо ташкилоти)га кириш ҳақида бирров айтиб, ЕОИИга аъзолик масаласига кўчди. Президентнинг сўзларига кўра¸ ЕОИИга аъзо давлатлар техник нормативларини жадал жорий қилиш режаланган. Бу қадамлар эса ЕОИИга киришга шай турилганлигини англатади. Аммо бу ҳали узил-кесил ЕОИИ аъзоси бўлди, дегани эмас. Бир сўз билан айтганда, Мирзиëев ЖСТ учун ҳам, Кремль назоратидаги бошқа тузилмалар учун ҳам эшикни очиқ тутаëтганини билдирди”.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини ўқиб берди.
Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини ўқиб берди.

Мулозимлар ичидаги қарор

Германияда истиқомат қиладиган сиëсий таҳлилчи¸ сиëсатшунослик фанлари доктори Хуршид Ҳабиб фикрича, Евросиё Иттифоқига киришнинг зарурлиги, унинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий қулайликлари ҳақида бирон жиддий расмий баёнот берилмади.

“Раҳбарлар оғзидан тасодифан ёҳуд режали равишда билдирилган фикрлардан шундай хулосага келиш мумкинки, сиёсий жараён иштирокчилари бундай расмий (оғзаки) қарор мавжудлигини жуда яхши билишади. Хусусан, Бош вазирнинг Сўхда қилган чиқишида "яқинда кирамиз анави Евроосиё деган давлатга"га деган гап айтилган ва бу ижтимоий тармоқларда истеҳзо килинганди. Шулардан хулоса қилишимиз мумкинки, ҳукуматда Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши борасида халққа эълон қилинмаган аъзолик режаси мавжуд. Бу режа Россия президенти Владимир Путинга билдирилган ва у томонидан маъқулланганлигини тахмин қилиш мумкин. Ўзбекистон президенти томонидан айтилган режа аъзолик йўлидаги навбатдаги босқични қамраб олади. Унга кўра¸ Ўзбекистондаги мавжуд иқтисодий қонунлар ва процедуралар Евросиё Иқтисодий Иттифоқи доирасидаги меъёрлар билан унификация қилинади (бир хиллаштирилади). Дунёдаги барча мавжуд иқтисодий ва сиёсий иттифоқларда бўлганидек, кираётган тараф шарт қўймайди, балки кириш истагидаги тараф ўз қонунларини ўзгартиради. Шу маънода президент мурожаатномасида эълон қилинган акциз солиқларини бекор қилиш, лицензияли фаолият турларини камайтиришга қаратилган тадбирлар айнан ЕОИИ талаблари асосида қилинаётган бўлиши ҳам мумкин".

Хуршид Ҳабибнинг таъкидлашича¸ президентнинг бу йилги мурожаатномасида Евросиё Иқтисодий Иттифоқи ҳақидаги топшириғи шу кунгача асосан ижтимоий тармоқлар воситасида билдирилган барча шубҳаларга, тортишувларга ва спекуляцияларга чек қўйди:

“Ўзбекистон яқин йилларда ушбу ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланади. Ўзбекистон бу аъзоликдан қандай наф кўради, сиёсий мустақиллик ва ЕООИга аъзолик масаласини қандай уйғунлаштиради? Бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда. Бундан ташқари, ЕОИИга аъзолик масаласида президент томонидан бир-икки қисқа гап эмас, балки йирик стратегик чиқиш қилинса, бу ўзбек жамиятининг айни масалада бироз консолидация бўлишига, бир тўхтамга келишига туртки бўлган бўлар эди”,- дейди таҳлилчи.

2020 йил май ойида Сенат Ўзбекистоннинг ЕОИИга “кузатувчи давлат” сифатида киришини маъқуллаган эди. Маълумотларга кўра, 100 сенатордан 91 нафари қатнашган овоз беришда 71 сенатор Ўзбекистоннинг ЕОИИга “кузатувчи давлат” сифатида киришини ёқлаган, 16 нафари қарши чиққан, тўрт нафари эса бетараф қолган.

Алишер Илҳомовнинг фикрича, Мирзиёевнинг баёноти "Кремль назоратидаги ташкилотга кириш учун максимум шайлик маъносини билдиради"
Алишер Илҳомовнинг фикрича, Мирзиёевнинг баёноти "Кремль назоратидаги ташкилотга кириш учун максимум шайлик маъносини билдиради"

Сиëсий эркинликлар режада йўқ

Таҳлилчи Алишер Илҳомовга кўра, президентнинг декабрь тезислари сиëсий эркинликлар ҳақида эмас:

“Аввало кичик кузатув. Парламент депутатлари тик турган ҳолда оқ атиргуллар билан безатилган трибуна узра доҳий пайдо бўлишини интизор кутишди. Маҳаллий Левитан (Сухандон Афзал Рафиқов-таҳр.) томонидан ўта тантанавор тақдим қилинганидан кейин ҳам доҳий дарров юз кўрсатавермади. Кейин давомли қарсак ва чақнаган нигоҳлар фонида ниҳоят, доҳий трибунада кўринди. Депутатларнинг бундай эҳтироси диктаторлик тизимларига хос. Диктаторнинг ëвуз ëки меҳрибон экани муҳим эмас. Нутқнинг алоҳида ажралган ва аввалгилардан фарқли жойини кузатмадим. Ҳеч қандай сенсация ва кардинал ўзгаришлар ҳақида гап йўқ. Лекин нутқ ислоҳот руҳида. Энг камида, олдинги йўлдан қайтиш ҳақида гап йўқ. Худога шукур. Нутқда иқтисод соҳасидаги ўта тор соҳанигина ислоҳ қилишдек заиф истак бор. Нутқдан жамиятни демократлаштириш борасида прогресс ëки илгари қадам отиш режада йўқлиги тушунилади. Келгусидаги президентлик сайлови ҳақида умумий декларатив риторикадан нарига ўтмаган Мирзиëев халқаро ташкилотларнинг “ўзига тўғри келадиган” тавсиялари бажарилишини ваъда қилди, холос. Бу гапдан сайлов навбатдаги “Кетмонов” исмли муқобил номзод иштирокида саҳналаштирилишини тушундик.”

Тошкентлик таҳлилчи Хуршид Йўлдошев ҳам Ўзбекистон раҳбари режасида ҳам, амалида ҳам демократия йўқ, деган фикрга қўшилади:

“Нутқ давомида президент ҳатто Қонунчилик палатаси ва Сенатга бир қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда келаси йил 1 апрелгача тайёрлаш бўйича топшириқ берди. Менга шунинг ўзи етарли.”

Президент ижро ҳокимияти мансуби ўлароқ қонунчилик палатасига топшириқ беришга ваколати йўқ.

Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф қилди.

Президентга кўра, мазкур йил доирасида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилади”.

XS
SM
MD
LG