Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:30

"Қўрқув фактори". Янги сиёсий партия тузаётганлар бюрократик тўсиқ ва қўрқитишлар ҳақида гапирмоқда


Ўзбекистон ёшлари маҳаллий ҳокимиятлар, ўқув юртлари раҳбарияти томонидан уюштирилган тадбирларда фаол қатнашади
Ўзбекистон ёшлари маҳаллий ҳокимиятлар, ўқув юртлари раҳбарияти томонидан уюштирилган тадбирларда фаол қатнашади

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг "мақбул тавсиялари"ни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ этади.

Бу ҳақда 6 январь куни ўтган йиғилишда МСК раиси М.Абдусаломов баёнот берди.

Мулозим ЕХҲТ нинг қайси тавсиялари "мақбул" эканига аниқлик киритгани йўқ. 2019 йилдаги парламент сайловларини кузатган халқаро ташкилот ҳайъати сайловлар аввалгиларидан эркинроқ ўтгани, аммо сайлов тизимидаги ўзгаришлар "мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмагани"ни айтган эди.

МСК йиғилиши ҳақидаги расмий хабарда сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар яна бир бор таъкидланган, бироқ келаётган президент сайловларида ЕХҲТ назарда тутган мухолифатнинг эҳтимолий иштироки борасида ҳеч нарса дейилмаган.

2019 йил декабрида МСК раиси Абдусаломов Ўзбекистонда мухолифат партияларига "тўсиқ борлиги"ни рад этган эди. У мухолифат партияларига тўсиқ "аввал бўлган бўлиши мумкин, аммо ҳозир йўқ"лигини айтган.

Бироқ ўтган вақт мобайнида мамлакатда биронта ҳам янги мустақил сиёсий партия рўйхатдан ўтказилгани йўқ.

Айни пайтда янги партия тузишга ҳаракат қилаётган ташаббус гуруҳлари бу йўлда бюрократик тўсиқлар ва жиддий қаршиликларга дуч келаётганликларини айтишмоқда.

"Янги партия тузяпмиз. Лекин исмим сир қолсин"

13 январь куни Озодликка Ўзбекистонда янги сиёсий партия тузилаётгани тўғрисида хабар келди. Телеграмдан жўнатган номасига партия низоми ва дастурини ҳам илова қилган хабар муаллифи исми сир сақланишини сўради.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда шу кунда камида 5 та янги сиёсий партия тузиш устида иш кетмоқда. Шу кунгача икки ташаббус гуруҳи партия тузиш устида иш бошлаганини эълон қилган. Бу гуруҳлар етакчилари хайрихоҳлари ва ўзларига нисбатан қўрқитувлар бўлаётганини билдирди.

Партия тузишга уринишларни кузатиб келаётган икки журналист – бири кекса, иккинчиси ёш авлод вакили – фикрича, мамлакатда ҳукм сураётган қўрқув муҳитида янги партиялар тузилиш эҳтимоли жуда оз.

Янги партия тузилаётгани тўғрисидаги хабарни, партия низоми ва дастурини жўнатган адресат Озодликнинг қўшимча маълумот сўраб ёзган хатига жавобан Yandexдаги электрон почтасини жўнатиб, саволларни шу почтага ёзишни сўради. Озодлик Телеграмдан жўнатган сўровини унинг электрон почтасига жўнатди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Озодлик “эгаси” аниқ бўлмагани учун 13 январда келган хабарда тилга олинган партия номини очиқламоқчи эмас. Ўзбекистон президенти сайловида ҳам қатнашажагини низомида белгилаб қўйган бу партия дастурида мамлакатдаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий вазиятни ўнглашнинг бир қатор йўллари назарда тутилган. Масалан, бу партия ҳокимият тепасига келиб қолса, кўпхотинлиликка рухсат бермоқчи, бир кунлик энг кам иш ҳақини бир кило гўшт нархига тенглаштирмоқчи.

Социалистлар, монархистлар ва бошқалар

Ўзбекистонлик юрист Журъат Тожиев
Ўзбекистонлик юрист Журъат Тожиев

Ўзини “Миллий уйғониш халқ ҳаракати ташаббусчиси” деб таништирган ҳуқуқшунос Журъат Тожиевнинг айтишича, тузилаётганини шу кунгача кўпчилик эшитиб бўлган икки партиядан ташқари “шу кунда яна социалистлар партияси, қандайдир ватанпарварлар партияси, фақат рус тилида сўзлашувчилар партияси тузилаётгани тўғрисида гап-сўзлар юрибди”.

Yotubeдаги “Кўзгу” канали муаллифи, журналист ва блогер Абдуқодир Мўминов Монархистлар партиясини тузмоқчи бўлаётган бир арбоб билан яқинда видеосуҳбат уюштирмоқчи эканлигини билдирди.

Социалистлар, ватанпарварлар, рус тилида сўзлашувчилар, монархистлар партиялари тўғрисидаги гаплар ҳали узунқулоқ гаплар даражасидан кўтарилмаган бўлса, “Ҳақиқат ва тараққиёт” партияси ҳамда “Халқ манфаатлари” партияси жамоатчиликнинг фаол қатлами тилига тушиб қолганига 5-6 ой бўлиб қолди.

Қайддан ўтиш йўлидаги қўрқитувлар

Маҳмуджон Йўлдошев
Маҳмуджон Йўлдошев

Ўзбекистон қонунларига биноан, у ёки бу партия сиёсий фаолият билан шуғулланиш учун расмий қайддан ўтиши керак. Педагог олим Маҳмуджон Йўлдошев етакчилигидаги ташаббусчилар гуруҳи “Халқ манфаатлари” партиясини қайддан ўтказиш йўлидаги биринчи қадамни ташлаганига – ташаббусчилар гуруҳи мажлиси баённомасини Адлия вазирлигига топширганига 14 январда роппа-роса бир ой тўлди.

Қўрқув фактори Ўзбекистонда жуда кучли. Партияни расмий рўйхатга олиш учун қўйилган талаблар ҳам шу факторни кучайтиришга қаратилган.

Маҳмуджон Йўлдошевнинг айтишича, шу кунда қонунда белгилаб қўйилган талаб: камида 8 та вилоятдан 20 мингта имзо йиғиш устида иш кетяпти. Қонунга биноан, шунча имзо йиғилгач, Адлия вазирлиги бу имзоларни текшириб чиқиб, уларнинг ҳақиқийлигини тан олгач, таъсис қурултойи ўтказишга рухсат беради ва қурултойдан кейин партия расмий қайддан ўтказилиши мумкин.

Бироқ Маҳмуджон Йўлдошевнинг айтишича, имзо йиғиш жараёни бюрократик тўсиқлар туфайли, имзо йиғувчилар ва имзосини қўймоқчилар куч ишлатар тизимлар ходимлари томонидан қўрқитилаётгани сабабли жуда суст кетмоқда:

“Қўрқув фактори Ўзбекистонда жуда кучли. Партияни расмий рўйхатга олиш учун қўйилган талаблар ҳам шу факторни кучайтиришга қаратилган. Ҳатто қўшни давлатларда ҳам партияни рўйхатдан ўтказиш жуда осон. Мана, имзо йиғишда ҳам вилоятларда куч ишлатар идоралар, ҳуқуқ-тартибот идоралари қўрқитиш билан енгилгина муваффақиятга эришяпти”.

Хидирназар Аллақулов
Хидирназар Аллақулов

Маҳмуджон Йўлдошев ўз маслакдошлари қўрқитилаётгани юзасидан яқинда Ички ишлар вазирлигига расман арз қилганини, натижада қўрқитганлар қолиб, унинг ўзидан тушунтириш хати олишганини айтиб берди.

Иқтисодчи олим Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги ташаббусчилар гуруҳи “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясини тузмоқчи. Аллақуловнинг айтишича, гуруҳ дастлабки қадам – ташаббусчилар гуруҳи мажлисини ҳали ўтказгани йўқ.

Ақли мустақиллик даврида тўлганлар 40 қа кириб қолди. Шунча вақт ичида ёшлар зомбига, манқуртга айлантирилди.

“Ишимиз жадаллашига одамлардаги қўрқув жуда катта ҳалақит беряпти. Ўзбекистон мустақилликка эришган йили туғилганлар 30 га кирди. Ақли мустқиллик даврида тўлганлар қирққа кириб қолди. Шунча вақт ичида ёшлар зомбига, манқуртга айлантирилди. Шундай сиёсат юритилди. Бутун аҳоли, шу жумладан, ёшлар қўрқувда ушлаб келинди. Иккинчидан, бир умр қўрқувда яшаган катталар ўз болаларини ҳам сиёсатга аралашишдан қайтаряпти”, - деди Хидирназар Аллақулов.

Айни пайтда Маҳмуджон Йўлдошев ҳам, Хидирназар Аллақулов ҳам уларнинг партиясига хайрихоҳларнинг ўртача ёши 35-40 эканини, ёшлар ҳам кўп эканини айтишди. Бироқ бу гапларни қабул қилишдан олдин улар бундай дейишдан манфаатдор эканлигини унутмаслик лозим.

Икки авлод, бир фикр

Турсун Қоратоев
Турсун Қоратоев

Таниқли сиёсий шарҳловчи Турсун Қоратоев янги сиёсий партиялар тузиш йўлидаги ҳаракатларни яқиндан кузатиб келаётганлардан биридир. У ҳатто “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси ташаббусчилари мажлисларидан бирида қатнашган ҳам.

Турсун Қоратоевнинг айтишича, ўша мажлисда қатнашганларнинг мутлақ кўпчилиги ёши 60, 70 дан ошганлар эди: “Ўшанда икки ёшни кўрдим. Улар бир четда томошабин бўлиб ўтиришди, холос”.

Гази йўқлигини ўз исми билан айтишга журъат қилолмаётганлардан сиёсий фаоллик кутиш мантиқсизликдир.

Ёшларнинг сиёсий фаол эмаслиги, Турсун Қоратоевнинг фикрича, уларга ҳар томонлама, кўпинча билвосита тазйиқлар ўтказилаётгани оқибатидир:

“Масалан, Бахтиёр Каримнинг (“Адабиёт” газетаси бош муҳаррири, “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси ташаббусчиларидан бири) коронавирус баҳонаси билан 40 кундан ортиқ изоляцияда ушлаб турилишининг ўзиёқ жамиятга, ёшларга сигналдир. Сиёсатга аралашган одамнинг бошига нима ишлар тушиши мумкинлиги ёшларга Бахтиёр Каримнинг мисолида яққол кўрсатиб қўйилди”.

Турсун Қоратоевнинг фикрича, Ўзбекистонда қўрқув фактори жуда кучли: "Гази йўқлигини, чироғи ёнмаётганини, яъни бор фактни ўз исми билан айтишга журъат қилолмаётганлардан сиёсий фаоллик кутиш мантиқсизликдир”.

Ўзбекистонда янги муқобил сиёсий партиялар тузиш йўлидаги ҳаракатлардан Youtubeдаги “Кўзгу” канали муаллифи, журналист ва блогер Абдуқодир Мўминов ҳам яхши хабардор.

Тузилаётган партиялар ҳаётига оид янгиликларни деярли ёлғиз ўзи ёритиб келаётган 30 яшар бу блогер ёшларнинг сиёсий пассив қолаётганини шу кунда кўзга кўриниб қолган баъзи “сиёсий журналистлар”нинг ёшларга салбий намуна бўлаётганидан ҳам", деб билади.

Абдуқодир Мўминов
Абдуқодир Мўминов

Ҳар қандай ютуқ ва натижага эришиш каттаю кичик жасоратни талаб қилади.

“Ҳар қандай ютуқ ва натижага эришиш каттаю кичик жасоратни талаб қилади. Халқимиз ўз вақтида шу қадар қўрқитиб ташланганки, ҳатто бу дунё абадий эмаслигини унутиб қўйган. Ўз ҳақ-ҳуқуқини тўлалигича ҳимоя қилиш кераклигини, бунинг учун холис бўлиб ҳам ақлан, ҳам жисмонан курашиш кераклигини оддий ва чуқур тушунмас экан, ҳозирги ва аввалги кунимиздаги каби Ўзбекистон ҳукумати ўз халқини бир қанча талончи монополлар, юзсиз ва бемеҳр сиёстчилар билан бошқаришда давом этади.

Халқимиз қўй каби эмаслигини, у инсонлигини чуқур тушуниб олиши керак.

Халқимиз қўй каби эмаслигини, у инсонлигини, бу дунёда одамларга ўхшаб яшашга ҳақли эканини, ўз эркинлиги ва даромадини ҳукумат ёки безбет монополларга қўшқўллаб беришга мажбур эмаслигини, яхши яшаш учун эса доимо курашиш, қўрқмай, муросасиз ҳаракат қилиш кераклигини чуқур тушуниб олиши керак.”

XS
SM
MD
LG