Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:48

5 ўқувчи гепатитга чалинди - Қўқондаги мактаб ярим кунга ёпилиб, дезинфекцияланди


Қўқон шаҳридаги 21-умумий ўрта таълим мактаб
Қўқон шаҳридаги 21-умумий ўрта таълим мактаб

Қўқон шаҳридаги 21-умумий ўрта таълим мактаби шанба, 26 октябрь куни тушдан кейин дезинфекция учун беркитилди. Мактаб директорига кўра, дарсларнинг бекор қилинишига 5 ўқувчининг гепатит “а” ва бир ўқувчининг диареяга чалингани сабаб бўлди. Директор мактабда дарслар Фарғона вилоят Санитария-эпидемиология станцияси талаби билан тўхтатилганини айтди.​

21-ўрта таълим мактаби директори Дурдона Қосимованинг маълум қилишлича, октябрь ойи давомида у бошқараётган мактабнинг 4-5-6 синфларида жами беш нафар ўқувчи сариқ касалига ва яна бир ўқувчи диареяга чалинган.

-Бизда диарея касаллиги бир синфда, кейин бешта ўқувчи сариқ касаллигига чалингани сабабли хат билан халқ таълими бошқармасига чиқиб, билдирги асосида (дарсларни тўхтатишни- Озодлик) сўрадик. Соат 15:30да дезинфекциядан одам келди, соат 16:00 да хоналарни бўшатиб бердик. Дезинфекциясини қилиб кетди, – деди Дурдона Қосимова.

Мактаб директорининг айтганларини Қўқон шаҳар Халқ таълими бўлими мудири муовини Зиёда Мадаминова ҳам тасдиқлади:

- Бизни жума куни огоҳлантиришди. Чунки, ўтган ҳафта СЭСдагилар: касаллик кўпайгани учун дезинфекция қилишимиз керак, дейишган экан. Бу шанба мени тўлиқ дезинфекция қиламиз, деб огоҳлантиришди.

Унинг сўзларига кўра, Дурдона Қосимова мактабда ўқув жараёнини “қисқартириш”ни сўраб халқ таълим бўлими номига мактуб ҳам йўллаган.

Озодлик сўрови билан Дурдона Қосимова ўзи томонидан Халқ таълими бўлими мудири номига йўллаган мактуби нухсасини тақдим қилди.

Қўқон ХТБга йўлланган мактуб
Қўқон ХТБга йўлланган мактуб

Директор Дурдона Қосимованинг қўшимча қилишича, айни мактабда дезинфекция ишлари талабаларнинг ёзги таътили чоғида ҳам ўтказилган.

Аммо Озодлик суҳбатлашган 21-ўрта таълим мактабининг икки нафар ўқитувчиси дезинфекция баҳонасида дарсларнинг тўхтатилганига эътироз билдирди.

"Биз ўзимиз ҳам ҳайрон қолдик. Қандайдир бошқача туюлди. Чунки санэпидстанциядан дезинфекция қилади, деб директор шахсан ўзи иккинчи смена ўқитувчилари ва ўқувчиларига жавоб берган эканлар. Аммо, мактаб - муқаддас даргоҳ. У ерда дарслар умуман тўхтатилмаслиги керак," деди кўп йиллардан буён айни мактабда ишлаётган ўқитувчилардан бири.

Қўқон шаҳар Халқ таълими мудири Зиёда Мадаминованинг айтишича, юқумли касалликларнинг тарқалиши шаҳар мактабларида илк маротаба кузатилмоқда.

У шаҳардаги бошқа мактабларда дезинфекция ишларини ўтказиш режаси йўқлигини айтди.

21-ўрта таълим мактаби Қўқондаги илғор мактаблардан бири ҳисобланади.

Мактабда 2353 ўқувчи рус ва ўзбек тилларида таълим олади.

Озодлик суҳбатлашган ўқитувчилардан бири сўзларига кўра, рус тили синфларининг ҳам борлиги бу мактабда таълим олишни истаган талабгорлар сонининг йилдан йилга ортаётганига сабаб бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG