Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:42

Бош вазир СЭС ходимларини гўнг йиғишга буюрди


Газ ва светсиз қолаётган ўзбекистонликлар учун қишда таппи жонга оро бўлади.
Газ ва светсиз қолаётган ўзбекистонликлар учун қишда таппи жонга оро бўлади.

Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани Санитария эпидемиология станцияси ходимлари уйма-уй юриб аҳолидан гўнг йиғишга сафарбар этилди. СЭС ходимларининг айтишларича, бу гўнг фермерлар ерларининг ҳолатини яхшилаш учун ишлатилади. Газ ва электр энергиясиз қолаётган учкўприклар, бу гўнг қишда ўчоқ ва печкага ёқиш учун ишлатиладиган таппи вазифасини бажараётгани учун ҳам, ҳукуматнинг бу қароридан норози бўлишяпти. Озодлик манбаларига кўра, бу ишга туман СЭСининг ўттиздан ортиқ ходимлари сафарбар этилган.

Учкўприк тумани “Катта Кенагас” қишлоқ фуқаролар йиғини қишлоқларига туман Санитария эпидемиология станциясининг ўттиздан ортиқ ходими аҳолидан гўнг йиғиш учун ташланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган учкўприклик манбага кўра, чиройли иш кийимидаги шифокор ва ҳамширалар маҳалла посбонлари билан биргаликда уйма-уй юриб, одамлардан камида икки қопдан гўнг беришни илтимос қилмоқда:

“Кеча уйга СЭС формасидаги икки аёл ва маҳалла посбони кириб келишди. Уйга кириб нечта мол борлигини сўрашди. Ҳа иккита, дедим. Икки қоп гўнг берасиз, дарвозахонадан ташқарига олиб чиқиб қўйинг, ўзлари олиб кетишади, деди. Қишда, газ ва свет бўлмаса, энди шу печкага ёқадиган тезагимизни ҳам олиб қўясизларми, десам, бу Бош вазирнинг топшириғи, деди. Энди Бош вазирнинг куни аҳоли чорвасининг тезагига қолган бўлса, ҳамма нарса ўлиб бўптида, деб айтдим”, деди манба.

Катта Кенагас қишлоғида истиқомат қилувчи ватандошлардан бирининг айтишича, шу икки қоп гўнгни бериш ҳам уларга оғирлик қилмоқда:

“Бизнинг жойда чорва боқишнинг ўзи бўлмайди. Қўй-сигирлар фақат уйда боқилади, далада жой йўқ. Қуруқ пичан, сомон ёки винзаводдан ҳар литр бардани 70 сўмдан сотиб олиб, шу билан боқамиз. Икки қоп гўнгдан қарийб икки юзта тезак чиқади. Светсиз ва газсиз қишлоқда бу камида ўн кун қишни ўтказдинг, дегани. Энг, кулгулиси шундаки, бу ишга СЭС ходимларини қўйибди. Кулранг халатлардаги дўхтирларнинг гўнг тиланиб юриши жуда ачинарли кўринар экан. Бутун маҳалла куляпти", деди суҳбатдош.

Кенагас қишлоқ фуқаролари йиғинининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бири шундай воқеа бўлаётганини тасдиқлади:

“Бизга ҳокимиятдан шундай топшириқ беришди. Кеча СЭСнинг катта группаси келди. Ҳар икки дўхтир ёки ҳамширага биттадан маҳалла посбонини биркитиб қўйдик. Аҳоли гўнгни дарвозасидан ташқарига чиқариб қўйганидан сўнг, фермер трактор билан уни олиб кетади”, деди маҳалла фаоли.

Учкўприк тумани ҳокимиятининг ўзини таништирмаган мулозимининг Озодликка айтишича, Санитария эпидемиология станцияси ходимлари бу вазифани Бош вазир ва вилоят ҳокимининг топшириғи асосида бажаришяпти:

"Ана қўлимда вилоят ҳокимининг қарори. Республика Бош вазирининг топшириғига асосан ортиқча маҳаллий ўғитларни фермер хўжаликларига чиқариш, молхона ва ҳожатхоналарни тозалаш, вақт-вақти билан дезинфекция қилиб туриш ишларини қилиш СЭСга юклатилган. Чиқарилган маҳаллий ўғитни улар фуқаролар йиғинига беради, улар эса фермерларга айтиб далага чиқаришади. Ҳозир маҳаллама-маҳалла юришибди, деди мулозим.

Ўзбекистонда бюджет ташкилоти ишчиларининг ўз касбларига тааллуқли бўлмаган бошқа ишларга мажбурий жалб қилиниши ҳолатлари жуда кўп учрайди.

Бюджет ташкилотлари ишчиларининг буғдойни ўтдан тозалаш, пахта чопиғи ва терими каби дала ишларига мажбуран сафарбар этилишини халқаро ташкилотлар мунтазам танқид қилиб келади.

XS
SM
MD
LG