Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:12

Бўкада кластердан норози фермерлар пахта заводини машиналар билан тўсди


Бўкалик фермерлар кластер заводи дарвозасини машиналар билан тўсди.
Бўкалик фермерлар кластер заводи дарвозасини машиналар билан тўсди.

Тошкент вилоят, Бўка туманининг қарийб 50 нафар фермери 27 декабрь куни тушдан кейин “АПК Бўка” кластер корхонасига қарашли пахтани қайта ишлаш заводининг кириш дарвозасини автомобиллар билан тўсиб қўйди.

Фермерлар шу тариқа пахта пулининг берилмаётганига ўз норозилигини билдирди.

Кластер вакили фермерлар олдига чиқиб, пахта пулини, шартномада кўрсатилганидек, 31 декабргача бериш имконсиз эканлигини айтиб, фермерлардан тарқалишни сўради.

Фермерлар туман ҳокимига қўнғироқ қилиб ёрдам сўраган, аммо ҳоким ҳам ёрдам беролмаслигини айтган.

“АПК Бўка” кластер корхонаси раҳбари Аҳрор Душабоев 31 декабргача фермерларнинг пахта пули тушириб берилишига ҳаракат қилаётганини айтди.

Бўка тумани фермерлари норозилик сифатида пахта заводи дарвозасини тўсди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00

Бўкалик фермер Шуҳрат Абдуғаффоровнинг Озодликка айтишича, биргина унинг кластерда 360 миллион сўм ҳақдорлиги бор:

“Эллик киши бўлиб кластернинг пахта заводига бордик. Фермерлар пахта заводининг дарвозасининг олдига машиналарини қатор қилиб териб қўйиб, транспорт йўлини тўсиб қўйишди. Бирорта мошинни киргани ҳам, чиққани ҳам қўймади. Биз кластерга пахта сотганмиз. Шартнома бўйича 31 декабргача тўлаб бериши шарт, аммо кластер раҳбари янги йилдан кейин берамиз, деб айтди. Ўтган йил ҳам шундай қилиб, баҳорда беришган эди. Аммо шунча турганимиз ҳам фойда бермади. Кластернинг Аҳрор деган вакили чиқиб, барибир 10 январгача пул бўлмайди, кластернинг раҳбарлари Тошкентда, менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди, деди”.

Кластер раҳбарларидан ижобий жавоб бўлмагач, фермерлар туман ҳокимига қўнғироқ қилишган. Ҳоким билан сўзлашув аудиосини Озодликка тақдим қилган фермернинг айтишича, ҳоким ҳам ҳеч нарсани ҳал қилолмаслигини айтган:

Фермер: - Пахтазаводнинг олдида ҳамма фермерлар йиғилиб пулимизни бер деб жанжал қилиб турибмиз-да, ҳал қилибберасизми йўми?

Ҳоким: - Ҳал қилиб бўлмаяптику, бугун ҳам мен кутяпман. Ҳозир мен чиқовдим банкнинг раисига, ҳозир мен гаплашаман, қани нима бўляпти. Банкнинг раиси менга телефон қилиши керак.

Фермер: - Янгилик бўлиб қолади-а, Худо хоҳласа.

Ҳоким: - Бўлиши керак, биринчигача ваъда беряпти, менга.

Фермерларнинг айтишича, 28 декабрь куни ҳам ҳеч қандай янгилик бўлмаган.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича “АПК Бўка” кластерга пахта сотган фермерларнинг 30 миллион сўмдан бир ярим миллиард сўмгача ҳақдорлиги бор:

“Йил бўйи меҳнат қилиб маҳсулотини сотган фермернинг ўзи ҳозир пулсиз ўтирибди. Мен буғдой экиб, шу пайтгача сувчиларимга икки марта сув қўйдирдим, уларга иш ҳақи беролмай уяляпман. Ҳар куни заводдан мошин-мошин чигит ва тола сотувга чиқиб кетяпти. Аммо буларнинг бизга бергани пули йўқ. Масалан, менинг ҳозир солиқдан 120 миллион сўм қарзим бор, у ҳар куни пеня туғяпти. Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосарига арз қилиб борган эдик. Ҳар гектарига 25 миллион сўмлик томчилатиб суғориш ускуналарини сотиб олсаларинг, кластер пулларингни тушириб беради, деяпти. Мен тушунмай қолдим, кластер билан ҳокимликнинг тили бирми? Бизни иқтисодий қийнаб томчилатиб суғориш ускуналарини ўтказмоқчими?”

Туман ҳокимининг қишлоқ ишлари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ҳайдаров фермерларнинг норозилик намойишидан умуман хабари йўқлигини айтар экан, улар томчилатиб суғориш ускунасини сотиб олишга мажбурланаётганини инкор қилди:

“Ҳаммаси ихтиёрий равишда, сув танқислигини енгиллатиш мақсадида қилиняпти. Ҳеч ким мажбурланмаган”.

“АПК Бўка” кластер корхонаси бошлиғи Аҳрор Душабоев Озодлик билан суҳбатда 27 декбарь куни фермерлар норозилик билдирганда улар билан гаплашганини айтар экан, 31 декабргача фермерлар ҳақдорлигини тўлаб беришга ҳаракат қилаётганини айтди:

“Биз 60 миллиард сўм ҳақдорликни тўлаш учун банкка ариза берганмиз. Президент қарорига асосан банк кердит ажратиши керак. Кеча фермерларга ҳам айтдим, бугун имзоланиб, худо хоҳласа бугун ёки эртага ҳал бўлиши керак. Менга тегишли ҳужжатнинг ҳаммасини топширганман. Менда муаммо қолмаган. Фақат Саноат қурилиш банки кредит ажратиши қолди. Мен ҳам фермерман, ноябрдан кластер раҳбарлигига тайинландим. Мен ҳам фермерларга ўхшаб бунча тола, чигит сотиляпти, бу пул қаерга кетяпти, деб ўйлардим. Лекин унақа эмас экан. Чунки ичига кириб кўрдим. Ҳозирги техникалар кредитга олинган, 8-10 миллиардга, ҳозир тушаётган тола, чигит пуллари ўша кредитларнинг ҳисобига ейилиб кетяпти. Пахтамиз бор, лекин завод уни бирданига ишлаб бериш қувватига эга эмас. Менинг ҳам 700 миллион сўм ҳақим бор. Лекин фермер бўлганим учун, фермерларнинг меҳнатини ҳис қилганим учун, токи охирги фермер ҳақдорлиги ёпилмас экан, мен бир сўм ҳам пулимни олмайман!”

Ўзбекистонда кластерларнинг фермерлар олдидаги ўз мажбуриятини бажармагани, пахта ва буғдой пулини шартномадаги муддатдан анча кечиктириб бериши сурункали тус олган.

Кластерларнинг аксарияти давлатдан оладиган кредит ҳисобига фаолият юритиши, ўзининг моливий манбаси бўлмагани сабаб ҳар йили фермерларнинг ҳақдорлиги сотилган хомашё ҳисобидан эмас, балки банклардан олинадиган кредитлар ҳисобидан қопланади.

Озодлик 2020 йил пахта пулини тўлашни шартномадаги муддатдан бир неча ойлаб кечиктирган Андижон вилоят, Избоскан туманидаги “Sohib omad baraka” кластер корхонаси, Улуғнор туманидаги “Sof Tex” МЧЖ, “Водий саноат фахри” МЧЖ кластер корхоналари, Бухоро вилоятидаги “WWW Romitex MChJ” кластер корхонаси ва бошқа кластерлар ҳақида ўз вақтида хабар берган.

XS
SM
MD
LG