Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:52

Андижондаги кластер фермерларнинг пахта пулини икки йилдан буён бермаяпти


Кластерлар икки йилдан буён пахтанинг пулини фермерларга ўз вақтида тўлаш шартномасини бажармаяпти
Кластерлар икки йилдан буён пахтанинг пулини фермерларга ўз вақтида тўлаш шартномасини бажармаяпти

Андижон вилоят, Избоскан туманидаги “Sohib omad baraka” кластер корхонаси, фермерларнинг 2019 йил учун 2,6 миллиард, 2020 йил учун 22 миллиард сўм пахта пулини тўлаб бермаган.

Фермерларнинг айтишича, 2020 йилнинг пахта пулидан эса ҳали дарак йўқ.

Айни пайтда иқтисодий судга мурожаат қилмоқчи бўлаётган фермерлар, кластер корхонасини шартномадаги ўз мажбуриятини сурункали бажармаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Кластер корхонаси бухгалтери фермерларнинг қарзини узиш борасида ҳаракат олиб борилаётганини айтди.

“Sohib omad baraka” кластер корхонасининг айни пайтда 2019йил учун фермерлардан 2 миллиард 600 миллион сўм пахта пули қарзи бор.

Исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, кластер пахта пулини тўламагани сабаб, солиқ, лизинг, кредит фоизи ошиб бормоқда:

Ўтган йили мошина қўй-молимизни сотиб солиққа, лизингга пеньяси билан тўладик.

“Кластернинг ҳисоб рақамига ташланган имтиёзли кредит ёнилғи, минераль ўғит, техника хизматларига бўлиб-бўлиб бериларди. Лекин кластер фақат нефт маҳсулотларига пул тўлаб берди, ўтган йили мошина қўй-молимизни сотиб солиққа, лизингга пеньяси билан тўладик. Бу йил яна солиқ ва лизингга пенья фоиз туғиб ётибди, чунки ҳозиргача бир сўм ҳам тўламади”.

Фермернинг айтишича, кластер 2019 йил учун 50 ортиқ фермердан 30-70 миллион сўмгача бўлган қарзини шу пайтгача узмаган.

Биз энди у эркакча лафз қилди деб, ўзбеклигимизга бориб қўл қўйиб берибмиз.

“Ўтган йили кластерни 102 та фермер вилоят иқтисодий судига берган эди, охирида биз 12 фермер қолдик. Судда ютиб чиқдик. Бизга 30 миллиондан пул ташлаб берди. Энди МИБдан тақиқни олиш учун сизлар пеньяни олдик деб қўл қўйиб беринглар, биз қолган пеньяни уч кунда тўлаймиз, деб судда айтишди. Ўртага туман раҳбарлари тушди, майли энди туманни шарманда қилманглар, деб. Биз энди у эркакча лафз қилди деб, ўзбеклигимизга бориб қўл қўйиб берибмиз. Кейин у пул шундай тўланмай қолиб кетди”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, кластердан улар йил давомида биржадаги нархдан қиммат бўлган минерал ўғит олишга мажбур бўлган:

Шу сортда олдингми, энди мард бўлиб пулини тўла.

“Масалан ўтган йил селитранинг ҳар килосини биз 5800 сўмдан олишга мажбур бўлдик, ваҳоланки уни биржадан 4800 сўмдан олса бўлар эди. Лекин энг ёмони ҳозир бизга пахта нархини сортини пасайтириб, арзон тўлаяпти. Масалан 4800даги сортда сотиб олган, энди эса 4300 сўмдан тўлаймиз, деяпти. Масалан мен 100 тонна пахта топширган бўлсам, килосидан 500 сўмдан ютқазяпман. 50 миллион сўм менга зарар бўляптику. Нега булар бунақа ғирром ўйин қилади. Шу сортда олдингми, энди мард бўлиб пулини тўла. Кластер нима деса шу бўляпти, фермернинг ҳуқуқини на ҳоким ҳимоя қилади на бошқаси”.

Суҳбатдошнинг айтишича, юзлаб тонна пахта топширган фермерларнинг ҳозир чўнтагида ҳемири ҳам қолмаган:

Кластерни ташкил қилган, ҳаммаёқ кластер бўлади, ҳаммаси зўр бўлади, деганлар айтсин энди.

“Пулсиз фермер нима дегани? Маҳсулотингни сотиб олиб, 31 декабргача пулини бераман деган кластер эртага янги ҳосил учун фермернинг пули бўлиши кераклигини биладими? Йўқ, билмайди. Чунки улар осмондан тушган одамлар, деҳқонга нима керак, қачон кераклигини ҳам тушунмайди? Шартномани бажаришни эса хаёлига ҳам келтирмайди. Чунки, у туманда битта, фермернинг бошқа кластерга бориб пахтамни сотиб ол дейдиган имконияти йўқ. Шу туманга битта шу Худо урган кластер, шу билан ишлашга мажбурсан. Ҳозир плёнкага, томчилатиб суғоришга пул ўтказишимиз керак, буғдойга ўғит солиш керак унга пул ўтказиш керак. Қаердан олайлик, ёки нормални кластер қўйсин ёки йиғиштириб олсин бу кластер пластерини, биз аввалгидек давлатнинг ўзи билан ишлайверайлик!”

“Sohib omad baraka” кластер корхонаси раҳбари Эркинбек Норалиевнинг мобил телефони ўчирилгани боис у билан боғланиш имкони бўлмади.

Ўзини кластер корхонаси ҳисобчиси Мурод деб таништирган мулозим, корхона фермерларнинг пахат пулини бермаётганини тан олди ва бу муаммони ҳал қилиш учун тегтишли чоралар кўрилаётганини айтиш билан чекланди.

Ҳисобчи қандай тегишли чоралар кўрилаётганини Озодликка очиқламади.

Ўзбекистонда кластер корхоналарининг пахта пулини фермерларга шартнома муддати – 31 декабрга қадар тўламаётгани биринчи ҳодиса эмас.

Избоскан туманидаги “Best Textile International” кластер корхонаси пахта чопган кетмончи аёлларнинг иш ҳақларини бермаётгани ҳақида Озодлик ўтган йили хабар берган эди.

Фермерларга кўра, “Best Textile International” ва “Sohib omad baraka” кластер корхонаси раҳбари бир шахс. Лекин фермерлар унинг кимлигини ҳам билмаслигини айтишди.

Озодлик бундан аввал ҳам ўнлаб туманларда пахта пулини ўз вақтида ололмаган фермерлар муаммоларини ёритган эди.

Ўтган ҳафта Хоразм вилоятидаги 78 та фермер хўжалиги раҳбарлари “Шовот Текстил” кластер корхонасига қарашли “Textile Finance Khorezm” МЧЖ билан ишлашдан бош тортган. Шовотлик фермерлар йирик тадбиркор Фарҳод Мамажонов назорат қиладиган “Uztex Group” ни етказиб берилган пахта учун кам ҳақ тўлаш ва кластер манфаати кўзланган шартномани имзолаш йўлида босим ўтказишда айблашган.

14 январь куни Озодлик билан суҳбатда фермерлар бундан сўнг фаолиятларини ўзлари ташкил қилган “Шовот Пахта кооперацияси”да давом эттиришларини айтишган.

XS
SM
MD
LG