Украина пойтахтида 10 декабрь куни минглаб одамлар мухолифат лидери Михаил Саакашвилини озод қилишни ва президент Петр Порошенкони импичментини ҳамда унинг истеъфосини талаб қилиб норозилик намойиши ўтказди.
Намойишчилар Шевченко номидаги боғда йиғилиб, шаҳар маркази Майдон томон юриш қилдилар.
Украина Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, намойишда қарийб 2500 минг одам иштирок этган. Намойишчилар мамлакат Бош прокурори Юрий Луценконинг истеъфосини ҳам талаб қилдилар.
Сааакашвили тарафдорлари шаҳар ташқарисидаги “Янги кучлар ҳаракати” партиясининг лидери қамоқда сақланаётган жойда ҳам тўпландилар.
Михаил Саакашвили 8 декабрь куни кечқурун ҳибсга олинган эди.
Украина бош прокурори Юрий Луценко Киевда ҳибсга олинган Саакашвили вақтинча ҳибсда сақлаш изоляторига жойланганини айтди.
8 декабр оқшомида Киевда ҳибсга олинган сиёсатчи Михаил Саакашвили муддатсиз очлик эълон қилди.
Бу ҳақда унинг адвокати Руслан Чернолуцкий маълум қилди.
"У овқатлантиришларини рад этади. Агарда 60 суткага қамоқ жазоси тайинланса, у очликни давом эттиради", - деди Чернолуцкий.
Саакашвили "жиноий ташкилот билан ҳамкорлик қилишда" айбланмоқда.
Украина полициясининг Саакашвилини 5 декабр куни ҳибсга олишга уриниши натижасиз якун топганди.
Ўша куни полиция Михаил Саакашвилини қўлга олган эди, лекин фаоллар билан тўқнашув, йўлларнинг баррикадалар билан тўсиб қўйилиши, айримлар эса сиёсатчи олиб кетилаётган автомобилларининг шиналарини тешиб ташлашгани сабаб уни Тергов изоляторига олиб кетишнинг имкони бўлмаганди.