Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:32

"Давлатга хиёнатда" айбланган собиқ подполковник 12 йилга қамалди


Владимир Калошин 2019 йилнинг 2 июлида ҳибсга олинган эди.
Владимир Калошин 2019 йилнинг 2 июлида ҳибсга олинган эди.

Ўзбекистон Ҳарбий суди 4 март куни истеъфодаги подполковник, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли “Ватанпарвар” газетаси мухбири Владимир Калошин устидан ҳукм чиқарди.

Калошиннинг Москвада яшаётган қизи Анастасия Епишеванинг Озодликка билдиришича, отаси «Давлатга хиёнат"да айбдор деб топилиб¸ 12 йиллик қамоққа ҳукм қилинган.

Владимир Калошин устидан маҳкама 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида бошланган эди. Ëпиқ эшиклар ортида ўтказилган суднинг 2 март кунги мажлисида сўнгги сўз берилган Калошин¸ ўзига қўйилган айбловни тан олмаган.

"Отамни ҳарбий унвонидан ҳам маҳрум қилишди"

Анастасия Епишеванинг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистон Ҳарбий суди ҳукми билан Калошин барча ҳарбий рутба ва унвонларидан ҳам маҳрум этилган.

- Отам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси 1-қисми билан "давлатга хиёнат"да айбдор деб топилди. Унга 12 йил қамоқ жазоси беришди. Ҳукмда айтилишича, у жазони умумий режимдаги қамоқхонада ўтайди. Шунингдек, суд уни подполковник унвонидан маҳрум қилди.

Собиқ подполковникнинг Москвада яшаëтган қизига кўра¸ отаси судда ўзига қўйилган айбларни тан олмаган.

- Энди адвокатлар билан келишиб, апелляция аризаси киритмоқчимиз. Отам айбсиз қамалди. Уни оқлаш учун халқаро судгача мурожаат қиламиз, -деди Анастасия Епишева.

Суд ҳукмига оид хабарни отаси адвокатларидан олганини айтган Епишева¸ ëпиқ ўтган бу жараёнга оид бошқа тафсилотлардан бехабарлигини билдирди.

Адвокатлар Калошин руҳий қийноққа солинганини билдирмоқда

Калошин адвокатлари Ҳарбий суд мажлисининг ëпиқ ўтаётгани ва мазкур жараён ҳақидаги маълумотларни сир сақлаш тўғрисидаги тилхатга қўл қўйганлари боис¸ Озодликка маълумот бера олмаслигини айтишди.

Айни пайтда¸ Калошин адвокатлари Озодликка унинг тергов давомида ўзига нисбатан қўлланилган руҳий босим ва қийноқлар устидан 2019 йилнинг 28 февралида Бош прокуратурага ариза киритганини билдирган эди.

Мазкур шикоят аризаси юзасидан Бош прокуратура ҳозирча расман муносабат билдирмади.

Анастасия Епишевага кўра, Калошин ўз аризасида терговчилар хотини, фарзандлари, набиралари ҳаётига таҳдид қилиш билан психологик қийноқ қўллаганлари тўғрисида ёзган.

Калошиндан ташқари яна ўндан ортиқ одам давлатга хиёнатда айбланмоқда

10 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод суди биносида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар ва халқаро муносабатлар институти собиқ директори¸ 61 яшар сиëсатшунос Рафик Сайфулин устидан ëпиқ суд мажлиси бошлангани хабар қилинган эди.

Ëпиқ суднинг иккинчи мажлиси Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод суди биносида ўтказилмоқда.

Сайфуллин билан биргаликда 2019 йилнинг 15 июлида Ўзбекистон қуролли кучлари штаби бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаев ва хотини Елена 2019 йил 15 июль куни ҳибсга олинган.

Ўшанда Озодлик билан шахси очиқланмаслиги шарти билан гаплашган Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг юқори лавозимли мулозими: “Калошин¸ Сайфулин ва Ярбабаев” айни иш доирасида Россия манфаати учун жосуслик қилганлик ва давлат сирларини ошкор қилганлик каби муштарак жиноятларда айбланмоқда”, деб айтган эди.

Анастасия Епишеванинг Озодликка айтишича¸ бир гуруҳ сифатида ҳибсга олингани айтилган бу шахслар ишига отасининг алоқаси йўқлигини билдирди.

“Калошин ишининг Сайфуллин ва Ярбабаев ишига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Суд жараёнлари ҳам бошқа-бошқа жойларда ўтмоқда. Отам ҳатто улар билан таниш ҳам бўлмаган”.

Владимир Калошин ким?

68 яшар Владимир Калошин 2019 йилнинг 2 июлида ДХХ ходимлари томонидан ўз уйида ҳибсга олинган эди. Унга аввалига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 162- моддаси (“Давлат сирларини ошкор қилиш”) да кўзда тутилган жиноятни содир этганлик айби қўйилган.

Ҳарбий оилада таваллуд топган подполковник Владимир Калошин 1974 йилда Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тамомлаган. Дастлаб Термиз гарнизони, сўнгра мотоўқчи, миналардан тозалаш, танкларга қарши, ракета ва танк қўшинларида хизмат қилган.

1992 йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли “Ватанпарвар” газетаси таъсис этилганидан сўнг у ушбу нашрнинг “Ҳарбий хизмат ва тарбиявий ишлар” бўлимига раҳбар этиб тайинланган.

2012 йилда истеъфога чиққан подполковник айни газетада мухбир сифатида ишлаб келаётган эди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 9 йиллиги муносабати билан Владимир Калошин "ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда кўрсатган хизматлари" учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

XS
SM
MD
LG