Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:21

"Давлатга хиёнат"да айбланаётган истеъфодаги подполковник судда айбловни тан олмади


Владимир Калошин 2019 йилнинг 2 июлида ҳибсга олинган эди.
Владимир Калошин 2019 йилнинг 2 июлида ҳибсга олинган эди.

"Давлатга хиёнат"да айбланаётган айбланаётган истеъфодаги подполковник, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли “Ватанпарвар” газетаси мухбири Владимир Калошинга нисбатан суд жараёнининг 2 март кунги мажлисида судланувчи сўнгги сўзини айтди.

Жараён 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судида бошланган эди. Суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди. Калошиннинг қизи Анастасия Епишеванинг айтишича, айни пайтда суд ҳукми эълон қилиниши кутилаяпти. Лекин суд ҳукмни қачон ўқиши ҳозирча номаълум.

"Оддий мухбирнинг давлат сирларига қандай алоқаси бор?"

Владимир Калошиннинг Тошкентда ўтаётган суд жараёнидан хабардор, Москвада истиқомат қилаётган қизи Анастасия Епишева суднинг 2 мартдаги йиғилишида отаси ўзига билдирилган айбловни тан олмаганини айтди:

- Отам ҳарбийдан истеъфога чиққанига 15 йил бўлди. У ҳарбий нафақада бўлган. “Ватанпарвар” газетасида оддий мухбир бўлиб ишлаган. Судда отам мана шуларни айтиб: “Оддий мухбирнинг давлат сирларига қандай алоқаси бор?” деб савол қўйган. У ўзига билдирилган айбловни қатъиян рад қилмоқда, айбсиз эканини айтаяпти.

Анастасия Епишева суд Владимир Калошиннинг ўзига нисбатан тергов пайтида психологик қийноқлар қўлланилгани тўғрисидаги аризасини эътиборсиз қолдирганини айтди. Суд адвокатларнинг Владимир Калошинни эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақлаш муддати 2019 йилнинг 1 декабрида якунлангани муносабати билан уни уй қамоғига чиқариш илтимосини ҳам қаноатлантирмаган.

"Отамга психологик қийноқлар қўлланилган"

Калошин ва унинг адвокатлари 2019 йилнинг 28 февралида Бош прокуратурага тергов давомидаги руҳий босимлар ва психологик қийноқлар ҳақида ариза киритган. Мазкур ариза юзасидан Бош прокуратура ҳозирча расман муносабат билдирмади.

Анастасия Епишевага кўра, Калошин ўз аризасида терговчилар унга хотини, фарзандлари, набиралари ҳаётига таҳдид қилиш билан психологик қийноқ қўллаганлари тўғрисида ёзган.

- Суд ҳам процессуал қонунчилик қоидалари бузилган тарзда ўтказилмоқда. 7 февралдан бошлаб шанба-якшанбани ҳисобга олмаганда ҳар куни суд мажлиси ўтказилаяпти. Судья мазкур иш юзасидан томонларнинг фикрларини, уларнинг ҳар куни судга кела олиши ёки кела олмаслигини ҳам ҳисобга олмаяпти. Бунинг ортидан адвокатлар отамга сифатли юридик ёрдам кўрсатиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолаяпти. Отамни ҳибсда сақлаш муддати ўтган йилнинг 1 декабрида тугаган. Лекин суд шунга қарамай, уни ҳибсдан чиқармаяпти, - деди Анастасия Епишева.

"Калошин ишининг давлатга хиёнатда айбланаётган Сайфуллин ишига алоқаси йўқ"

Калошиннинг адвокатлари ҳарбий суд мажлисининг ëпиқ ўтаётгани ва мазкур жараён ҳақидаги маълумотларни сир сақлаш тўғрисида тилхат берганлари боис Озодликка маълумот бера олмаслигини айтишди.

10 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод суди биносида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар ва халқаро муносабатлар институти собиқ директори¸ 61 яшар сиëсатшунос Рафик Сайфулин устидан ëпиқ суд мажлиси бошлангани хабар қилинган эди.

Сайфуллин билан биргаликда 2019 йилнинг 15 июлида Ўзбекистон қуролли кучлари штаби бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаев ва хотини Елена 2019 йил 15 июль куни ҳибсга олинган.

Ўшанда Озодлик билан шахси очиқланмаслиги шарти билан гаплашган Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг юқори лавозимли мулозими: “Калошин¸ Сайфулин ва Ярбабаев” айни иш доирасида Россия манфаати учун жосуслик қилганлик ва давлат сирларини ошкор қилганлик каби муштарак жиноятларда айбланмоқда”, деб айтган эди.

Аммо Анастасия Епишева: “Калошин ишининг Сайфуллин ва Ярбабаев ишига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Суд жараёнлари ҳам бошқа-бошқа жойларда ўтмоқда. Отам хатто улар билан таниш ҳам бўлмаган”, деб билдирди.

Владимир Калошин ким?

68 яшар Владимир Калошин 2019 йилнинг 2 июлида ДХХ ходимлари томонидан ўз уйида ҳибсга олинган эди. Унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 162- моддасида (“Давлат сирларини ошкор қилиш”) назарда тутилган жиноятни содир этганлик айблови билдирилган.

Ҳарбий оилада таваллуд топган подполковник Владимир Калошин 1974 йилда Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини тамомлаган. Дастлаб Термиз гарнизонида, сўнгра мотоўқчи, миналардан тозалаш, танкларга қарши, ракета ва танк қўшинларида хизмат қилган.

1992 йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли “Ватанпарвар” газетаси таъсис этилар экан, у ушбу нашрнинг “Ҳарбий хизмат ва тарбиявий ишлар” бўлимига раҳбар этиб тайинланган.

2012 йилда истеъфога чиққан подполковник айни газетада мухбир сифатида ишлаб келаётган эди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 9 йиллиги муносабати билан Владимир Калошин "ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда кўрсатган хизматлари" учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Давлатга хиёнат билан боғлиқ аввалги ишлар

Владимир Калошин охирги пайтларда давлат сирларига алоқадор жиноятларни содир этганликда гумонланиб ҳибсга олинган илк ўзбекистонлик эмас.

10 февраль куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар ва халқаро муносабатлар институти собиқ директори¸ 61 яшар сиëсатшунос Рафик Сайфулин устидан ëпиқ суд мажлиси бошланди.

Сайфулин ишини Ўзбекистон ҳарбий суди ҳакамлари кўриб чиқмоқда. Сайфулин Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси - давлатга хоинлик қилишда айбланмоқда.

Сайфулин билан биргаликда ўнга яқин собиқ ҳарбий ҳам Россия фойдасига жосуслик қилиш¸ давлат сирларини фош қилиш ва бошқа жиноятларда айбланиб¸ судга тортилгани айтилган.

Қамоққа олиниб иши судга оширилганлар орасида Ўзбекистон қуролли кучлари бирлашган штаби бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаев ҳам бор. Ярбабаев ҳам Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 157-моддасида кўзда тутилган жиноят - давлатга хоинлик қилишда айбланмоқда.

Озодлик радиоси ўтган йилнинг 12 март куни дипломат Қодиржон Юсуповнинг ​ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинганини хабар қилган эди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 157-моддасида (Давлатга хоинлик қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган собиқ дипломат 9 январь куни суд ҳукми билан 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Давлатга хиёнатда айбланган шарқшунос олим Андрей Кубатин 2017 йил 1 декабрида суд ҳукми билан 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. 2019 йилнинг 26 сентябрида суд Андрей Кубатинни оқлади ва у суд залидан озод қилинди.

XS
SM
MD
LG