Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:44

Тошкентда ДХХ ва Мудофаа вазирлигининг ўндан зиëд зобити давлатга хиëнатда айбланмоқда


Ëпиқ суднинг иккинчи мажлиси Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод суди биносида ўтказилмоқда.
Ëпиқ суднинг иккинчи мажлиси Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод суди биносида ўтказилмоқда.

10 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод суди биносида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар ва халқаро муносабатлар институти собиқ директори¸ 61 яшар сиëсатшунос Рафик Сайфулин устидан ëпиқ суд мажлиси бошланди.

Жараëндан бевосита хабардор Озодлик манбаларига кўра¸ бу Сайфулин устидан ўтаëтган суднинг иккинчи мажлисидир.

Биринчи мажлис февраль бошида Республика ҳарбий суди биносида бўлиб ўтган. Бу ҳақда маълумот берган суд ходимига кўра¸ “ҳарбий суд биноси ремонт бўлгани боис¸ иш туман суди биносида кўрилмоқда”.

Сайфулин ишини Ўзбекистон ҳарбий суди ҳакамлари кўриб чиқмоқда. Сайфулин Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси - давлатга хоинлик қилишда айбланмоқда.

Сайфулин билан биргаликда ўнга яқин собиқ ҳарбий ҳам Россия фойдасига жосуслик қилиш¸ давлат сирларини фош қилиш ва бошқа жиноятларда айбланиб¸ судга тортилган.

Қамоққа олиниб иши судга оширилганлар орасида Ўзбекистон қуролли кучлари бирлашган штаби бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаев ҳам бор. Ярбабаев ҳам Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 157-моддасида кўзда тутилган жиноят - давлатга хоинлик қилишда айбланмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот тизимидаги бир-биридан мустақил икки мулозим Озодликка тақдим этган бу маълумотларни қамалган ҳарбийлардан бири яқинлари ҳам тасдиқлади.

Акбар Ярбабаевнинг акаси Россия федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида яшайдиган Алексей Ярбабаев Озодлик билан суҳбатда укаси устидан тергов жорий йилнинг 1 февралида тугалланиб¸ судга оширилганини айтди.

Алексей Ярбабаевнинг Озодликка билдиришича¸ унинг укаси Ўзбекистон қуролли кучлари штаби бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаев ва хотини Елена 2019 йил 15 июль куни ҳибсга олинган.

Бундан олдин 2019 йилнинг 2 июль куни Тошкентда истеъфодаги подполковник, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли ​“Ватанпарвар” газетаси мухбири Владимир Калошин ҳибсга олингани ҳақида Озодлик ҳабар берган эди. Калошин Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 162- моддасида (“Давлат сирларини ошкор қилиш”) назарда тутилган жиноятда айбланган эди.

Озодлик билан шахси очиқланмаслиги шарти билан гаплашган Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг юқори лавозимли мулозимнинг айтишича¸ “Калошин¸ Сайфулин ва Ярбабаев” айни иш доирасида “Россия манфаати учун жосуслик” қилганлик ва “давлат сирларини ошкор қилганлик” каби муштарак жиноятларда айбланмоқда.

"Улар Ўзбекистон Республикасига қарши душманлик фаолияти олиб боришда бошқача ёрдам кўрсатиш йўли билан Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, ҳудудий дахлсизлигига, хавфсизлигига, мудофаа салоҳиятига, иқтисодиётига зарар етказишга қаратилган қасддан содир этилган қилмишда айбланмоқда".

Айни мулозим иддаосича¸ Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги шахсий таркибидаги ўнга яқин полковник ва генерал рутбасидаги зобит ҳам айни иш фигуранти сифатида ҳибсга олинган.

Озодликда ҳибсга олинган бу ҳарбийлар шахсига оид аниқ маълумот ҳозирча йўқ. Суҳбатдош мулозим ҳибсга олинган зобитларнинг уюшган тарзда Россия манфаатлари учун давлат сирларини ошкор қилганликда айбланаëтганини айтиш билан кифояланди.

Жиноят иши фигурантлари билан бевосита таниш манбанинг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ "айбланувчилар Россия фойдасига таҳлилий хулосалар сиздиришган¸ аммо махфий информация ва ҳужжатлар беришмаган".

Озодлик ҳибсга олинганларнинг адвокатлари билан боғланди. Аммо судланувчилар ҳимоячилари ҳарбий суд мажлисининг ëпиқлиги боис¸ ҳеч бир маълумот бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

Рафик Сайфулин
Рафик Сайфулин

“Давлатга хоинлик қилиш”да айбланиб суд қилинаëтган Рафик Сайфулин ўз хизмат фаолиятини совет даврида Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) заҳирасидаги форс¸ дари ва пуштун тилларини яхши билган ходим сифатида бошлаган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Сайфулин 1994 йилдан 1995 йилгача Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Статистика қўмитасида ишлаган.

Кейинчалик у Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар ва халқаро муносабатлар институтининг директори сифатида фаолият юритди. Унинг Ўзбекистон МХХ собиқ раиси¸ қудратли генерал Рустам Иноятовга жуда яқин бўлгани айтилади.

Сиëсатшунос сифатида танилган Сайфулин ўз мақолаларида Ғарб ва АҚШдан узоқлашиш ва Россия билан яқинлашиш ғоясини илгари суриб келган.

Айни “давлатга хоинлик қилиш” жиноятида айбланиб суд қилинаëтган Ўзбекистон қуролли кучлари бирлашган штаби бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаев 2006 йилнинг 26 августида Ўзбекистоннинг ўшандаги президенти Ислом Каримов томонидан “Шон-Шараф” ордени билан мукофотланган эди.

Озодлик тасарруфидаги УП3795 рақамли ҳужжатга кўра¸ Ярбабаев ўшанда ҳам қуролли кучлари бирлашган штаби бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.

Ярбабаев 1986 йили Волгоград (Россия)даги Качинск ҳарбий учувчилар олий мактабини тугатган. 1993 йилдан бошлаб Ўзбекистон қуролли кучлари таркибида ишлай бошлаган. Иккита фарзанди бор.

Суд томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 157-моддасида (Давлатга хоинлик қилиш) айбли деб топилганлар¸ ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Рафик Сайфулин¸ Акбар Ярбабаев ва шахси ҳозирча очиқланмаган бошқа собиқ ҳарбийлар устидан бораëтган маҳкама кейинги мажлисининг қачон бўлиши¸ ҳукмнинг қачон эълон қилиниши ҳозирча маълум эмас.

XS
SM
MD
LG