Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:30

Зафарободлик фермерларга пахта пулининг 10 фоизини қарздорлар ҳисобига ўтказиш буюрилди


Жиззах вилояти Зафаробод тумани фермерларининг банк ҳисобига давлатга топширган пахтаси учун тўланиши лозим бўлган пул ўтказиб берилмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермерлар, туман ҳокими ўзларига пахта пулининг 10 фоизини кредитини ёпа олмаган фермерлар ҳисобига ўтказиш ҳақида “ихтиёрий” ариза ёзмагунча, пахта тозалаш заводидан пул ўтказилмаслигини айтганини иддао қилди.

Озодлик боғланган туман ҳокими Иброҳим Қаршиев ўзининг бундай топшириқ берганини инкор қилди.

Зафаробод туманидаги пахта режасини бажарган фермерлардан бири, бундай топшириқ Конституция куни байрами муносабати билан ташкил қилинган 7 декабрь кунги мажлисда туман ҳокими Иброҳим Қаршиев томонидан берилганини айтди.

“ 7 декабрь куни туман фермерлари иштирокида ҳокимиятнинг мажлислар залида йиғилиш бўлди. Бу йиғилишда туман ҳокими пахта планини бажаролмаган фермерларнинг кредитини ёпиш учун планни бажарган фермерлар даромадининг 10 фоизини ўтказиб берсин, деди. Масалан, мен 100 миллион сўм даромад кўрган бўлсам¸ шунинг 10 миллионини ўтказиб беришим керак, экан. Токи, даромадимизнинг 10 фоизини ўтказиш ҳақида пахта заводига ариза ёзиб, топширмасак пулимиз ўтказиб берилмас экан”, деди ҳоким босимидан чўчиб, исми очиқланмаслигини сўраган фермер.

Ушбу мажлисда қатнашган бошқа фермер, бу “операция”ни бажариш пахта заводи раҳбарлари зиммасига юкланганини билдирди.

“Масалан, “мен ўз ихтиёрим билан даромадимнинг 10 фоизи ёки бунча миқдордаги пулни кредитини ёполмаган фермернинг ҳисобига ўтказиб беришга розиман” деб ариза ёзсангиз, ҳисобингиздаги пулнинг 90 фоизини сизнинг ҳисобингизга банк орқали ташлаб беради. 10 фоизини эса биз умуман танимайдиган фермернинг ҳисобига ўтказиб юборади экан. Бунақа қонун қаерда бор? Нега биз бировнинг қарзини ёпиб беришимиз керак экан? Бир йил куйиб қилган меҳнатимиз ҳақини нега бировга беришимиз керак экан? Ҳоким ким бўпти, бизнинг ҳалол топган пулимизга хўжайинлик қилса? Ўша бажаролмаган фермер, соляркани сотмай, минерал ўғитни сотмай, чигитни сотмай ҳалол ишлаганда режани бажарарди”, деди зафарободлик яна бир фермер.

Озодлик билан суҳбатда ўзини Зафаробод пахта тозалаш заводи директори Тўлқин деб таништирган шахс фермерларнинг бу иддаоларини инкор қилди.

- Ҳеч ким фермерлардан пул сўрагани йўқ, пули тушса ўтказиб берилаяпти, - деди завод директори.

Озодлик завод директори билан суҳбатлашгандан кейин яна бир зафарободлик фермер билан боғланиб, унинг бу баëнотига муносабат сўради.​

“Ёлғон гапираяпти. Пулимиз келган, туширгани йўқ ҳали, ўша 10 фоизлик розилигимиз ҳақидаги аризани кутиб ўтирибди”, деди фермер.

Озодлик боғланган Зафаробод тумани ҳокими Иброҳим Қаршиев ҳам фермерларни ëлғончига чиқаришга уринди ва бундай топшириқ бериш қонунга зид эканини таъкидлади.

- Бундай ноқонуний топшириқ берилмайди. Ҳамманинг ўз ҳисоб рақами бор, унга ҳеч ким дахл қилолмайди, мумкин эмаску! Мен бунга аралашишим, фермерларнинг ҳуқуқини поймол қилишим дегани. Бундай бўлгани йўқ”, деди ўзининг ҳуқуқшунос эканини таъкидлаган туман ҳокими Иброҳим Қаршиев.

Бу Ўзбекистонда банкдан олган кредитини ёполмаган фермерларни қарзини ёпишда пахтадан даромад олган фермерларнинг пулини мажбурлаб ўтказишга бўлган биринчи уриниш эмас.

Озодлик 8 декабрь куни Фарғона вилояти Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчивой Боййигитов пахта режасини бажариб, фойда билан чиққан фермерларни, банк кредитини ёполмаган фермерлар ҳисобига пул ўтказишга мажбур қилаётганини туман фермерлари иддао қилган ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG