Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:50

Оққўрғонда пахта режасини бажара олмаган 155 нафар фермер судга тортилди


Иқтисодий судга чақиртирилган оққўрғонлик фермерлар.
Иқтисодий судга чақиртирилган оққўрғонлик фермерлар.

Қуйичирчиқ туманлараро иқтисодий суди Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги кластер фирма билан пахта топшириш шартномасини бажармаган 155 фермер хўжалиги раҳбарига жарима қўллаш ҳақида қарор чиқарди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган фермерлар ўзларининг 40-50 тадан судга чақирилаëтгани ва маҳкама ёппасига бир хил жарима қўллаб, беш-ўн минутда чиқариб юбораëтганини билдирди.

Судланган фермерларга кўра¸ ҳакам фермерларнинг пахта топшириш режасини нима сабабдан бажара олмагани билан умуман қизиқмаган.

Қуйичирчиқ туманлараро иқтисодий суди 5 декабрь куни Оққўрғон туманида 40 нафардан ортиқ фермерни суд қилиб, жаримага тортди.

Туман қишлоқ хўжалиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, “АВС Оққўрғон Агрокластер” масъулияти чекланган жамияти пахта топшириш режасини бажармагани учун туман бўйича 155 нафар фермерни жаримага тортишни сўраб, даъво аризаси киритган.

5 декабрь куни судланган фермерлардан бирининг шахси сир қолишни сўраб Озодликка айтишича, 40 дан ортиқ фермер чақирилган суд бор-йўғи 10 минут давом этган.

“Судья ҳаммани бир залга чақирдида, “сизлар пахта шартномасини бажармагансизлар, кластер сизларни шартномадан қарздор бўлиб қолган пахтанинг 30 фоизи нархи миқдорида жаримага тортишни сўраган. Мен эса сизларни ҳаммаларингни 16 фоиз жаримага тортиш ҳақида қарор қабул қилдим, шунга розимисизлар”, деб сўради. Фермерлар розимиз, дейишди ва бирма-бир имзо қўйиб чиқиб кетдик”, дейди фермер.

Айтилишича¸ бошқа бир фермер судьядан нега ҳар бир фермернинг иши алоҳида кўриб чиқилмагани ҳақида сўраган.

“Фермер, “жаноб судья, мана ҳоким, унинг ўринбосарлари, прокурор, кластер, фермерлар уюшмаси раҳбари, ҳамма гувоҳ, мен ҳокимга, прокуратурага ўн мартадан кўп сув йўқ, сув беринглар деб, ёзма ариза берганман. Қани, сув бермадику, баъзи далаларим бир марта ҳам сув ичолмади. Бу менинг айбим эмаску! Ундан кейин, кўсак қурти пахтани еб ташладику, химия ташкилоти берган дорини уч марталаб сепдим, лекин бир грамм ҳам фойда қилмади. Ҳаммага бир хил ҳукм чиқаревармасдан¸ аввал делони кўтариб кўринг, шартномани бажара олмаганим сабабларини ҳам сўранг”, деб судьяга гапирди. Лекин судья “жалобингиз бўлса юқори турувчи судга шикоят ёзинг” деди-да, залдан чиқиб кетди”, дейди фермер.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган оққўрғонлик бошқа фермер Озодлик билан суҳбатда табиий офатларнинг бу йилги пахтани йўқ қилгани ҳақидаги эътирозларни ҳеч ким эшитишни истамаëтганини айтади.

“Бундай қурғоқчиликни умримда кўрмаганман. Тошкент денгизи бир ариқчадай бўлиб қолди. Устига устак¸ прокуратура тоза босим ўтказиб юборди. Прокурорнинг ўзи агар кредитни ёпмасанг, қарзларингни тўламасанг уруғ-аймоғинг билан қаматиб юбораман, деб очиқ айтаяпти. Қамаяпти ҳам, Тоштурмага ташланган фермернинг бор-йўғи 30 миллион қарзи бор экан. Шу учун қамоққа ташлаш шартмиди? Ҳозир фермерлар ўртада пул йиғиб, ўша фермерни қамоқдан чиқариб олмоқчимиз. Билмадим, нега бунақа сиёсат бўлаяпти, прокуратура фермерларни одам ҳисобида кўрмаяпти”, дейди фермер.

Оққўрғон туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими туман бўйича 155 нафар фермернинг кластер фирма томонидан судга берилганини тасдиқлади.

“Биз ҳам аралаша олмаймиз кластер ишларига. Ўзлари фермерлар билан шартнома тузган. Масалан, фермер 200 тонна пахта топшириш бўйича шартнома тузган, лекин 100 тонна бўлиб қолди. Шу 100 тонна пахта пулининг, (2018 йили давлат бир килограмм пахта учун ўртача 3250 сўм белгилаган – таҳририят), 30 фоизига жарима солади. Ҳалиям бу суд жаримани 16 фоизга тушириб, фермерларга анча енгиллик берибди”, дейди мулозим.

Озодлик Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий суди расмийларидан ўтказилаётган суд жараёнларига муносабат ололмади.

XS
SM
MD
LG