Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:45

Фарғонада фойда кўрган фермерлардан бошқаларнинг кредитини ёпиш талаб қилинмоқда


Ёзёвон тумани
Ёзёвон тумани

Фарғона вилояти Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчивой Боййигитов пахта режасини бажариб, фойда билан чиққан фермерларни, банк кредитини ёполмаган фермерлар ҳисобига пул ўтказишга мажбур қилаётганини туман фермерлари Озодликка иддао қилди.

Фермерларнинг айтишича, ҳоким ички ишлар бўлими бошлиғи иштирокида ҳар бир фермерни ўз қабулига чақириб, пахтадан олган даромадининг 10 фоизини ўтказиб беришни талаб қилган.

Фермерларга кўра, улар банк “поручение”сининг аниқ сумма ёзилмаган бўм-бўш қоғозига қўл қўйиб берган.

Фермерлар уюшмаси раҳбари фермерларнинг бу иддаоларини инкор қилмоқда.

“Даромадингни 10 фоизини кредитини ёполмаган фермерга берасан!”

Исми сир қолишини сўраган ёзёвонлик фермерлардан бирининг Озодликка айтишича, 10 октябрдан бошлаб ҳудудий ММТП(муқобил машина трактор парки) раҳбарлари пахта режасини бажарган фермерларга ҳокимнинг бу топшириғини етказган:

“Шундан сўнг ҳоким бизларни ўз қабулига чақириб, бирга-бир қабул қила бошлади. Бу қабулда сектор раҳбари бўлган Ёзёвон тумани ички ишлар бўлими раҳбари ҳам иштирок этди. Ҳоким, “энди кредитини ёполмаган фермерларга ёрдам қиласиз, олган фойдангиздан 10 фоизини кредитни ёполмаган фермерларга ўтказиб берасиз, Ёзёвон учун”, деди. “Ҳоким бува қайси фермерга деб сўрасам, бу ёғини ўзимиз ҳал қиламиз, сиз поручениега қўл қўйиб бераверинг. Йўқ, десангиз, янаги йил ҳам биз билан ишлайсиз, кўрингда”, деб босим ўтказяпти”, дейди фермер.

Фермер у ўтказиб берган пул янаги йил қайтариб бериладими ёки “масжидга садақа” бўлиб кетадими, бу ҳақда ҳоким ҳеч нарса демаганини айтди.

Фермерлардан ана шундай бўш "поручения"га имзо ва муҳр қўйиб бериш талаб қилинмоқда
Фермерлардан ана шундай бўш "поручения"га имзо ва муҳр қўйиб бериш талаб қилинмоқда

Фермерлар улар ўтказган пул кимнинг ҳисобига кетишини билмайди

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, тумандаги пахта режасини бажарган барча фермерга ҳоким шундай топшириқ берган:

“Менинг билишимча, 70-80 фоиз фермерлар бўм-бўш “поручение”га имзо қўйиб беришган. “Пўлат”, “Офарин”, “Ғойибназар”, “Фарқумқишлоқ” каби фермер хўжаликлари бир миллиондан 10 миллион сўмгача пул ўтказиб беришган. Энг қизиғи шундаки, фермерлар бу пул қайси фермер ҳисобига кетади, ёки бошқа ҳисобга кетадими, буни улар аниқ билмайди”.

“Садақами, қарзми ёки қароқчилик?”

Фермер Агробанкнинг Ёзёвон филиалида ўзи бўм-бўш қоғозга имзо қўйиб, муҳр босганини айтади:

“Банкка бўм-бўш, ўтказиладиган пул миқдори кўрсатилмаган поручениега имзо қўйиб, печать босиб бердим. Улар “бу пулнинг қаерга тушиши йўналишини олиб, ўзимиз системага солиб, ўзимиз йўлини топиб, фермерларнинг кредитини ёпамиз” деди. Мен, “бу пул менга қайтиб келадими, кимга ишонаман”, десам, улар “сиз шу поручениянгиз орқасига ручка билан 10 фоиз пулингиз қанча бўлишини ёзиб қўяверинг, у ёғини кўрамиз”, дейишди. Бу садақами, қарзми, қароқчиликми, ҳеч фаҳмим етмай қолди”.

Озодлик суҳбатлашган яна уч нафар фермер ҳам уларнинг пахтадан олган фойдасининг 10 фоизи мажбуран номаълум ҳисоб-китоб рақамига ўтказиб юборилганини тасдиқлади.

“Ихтиёрий ёрдам беринглар, деб айтилган”

Ёзёвон тумани фермерлар уюшмаси раиси Шарофиддин Исмонов Озодлик билан 7 декабрь кунги суҳбатда фермерларнинг бу иддаоларини инкор қилди:

- Йўқ, йўқ, нотўғри айтишибди. Ҳоким фермерларга имкониятинг бўлса бир жойдан бўлган, қўни-қўшнинг бўлган фермерга ёрдам бергин, бир йил ундай бўлади, бир йил бундай бўлади. Бир йилдан сўнг у сенга ёрдам бериши мумкин, деган. Мажбурлаш йўқ, бу ерда. Яна аниқлаштириб, эртага айтаман”.

Озодлик 8 декабрь куни яна Шарофиддин Исмонов билан боғланишга ҳаракат қилди, лекин у қўнғироқларга жавоб бермади.

Ёзёвон тумани ҳокимлиги
Ёзёвон тумани ҳокимлиги

Озодлик Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчивой Боййигитов ва унинг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Шуҳрат Тозаҳакимов билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо ҳоким ҳам, унинг ўринбосари ҳам қўнғироқларга жавоб бермади.

Фермерларнинг иддаосича, бу воқеаларнинг бевосита иштирокчиси бўлган Ёзёвон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Ҳожиакбар Тошпўлатов билан ҳам Озодлик боғланди. Аммо, ИИБ бошлиғи, телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG