Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:24

Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси 17 млн. сўм қарзи туфайли тўхтатилгани айтилди


Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозими Озодлик билан суҳбатда хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг жазолангани борасидаги иддаолари асоссизлигини билдирди. Мулозимга кўра, Отажоновнинг лицензия муддати тугаган холос.

Жаҳонгир Отажонов ўзининг ноҳақ жазолангани туфайли Андижон шаҳрида июнь ойига режалаштирган концерти барбод бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали билдирган эди.

Қўшиқчилар Жаҳонгир Отажонов ва Абдулла Қурбонов ўртасида май ойида бўлиб ўтган виртуал жанг ортидан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Абдулла Қурбоновни “санъаткор одобигa риоя қилмагани ва лицензия шартларида кўзда тутилган талабларни бажармаганлиги боис” 31 май кунги қарори билан жазолаган - лицензияси бекор қилинган эди. Айни пайтда Жаҳонгир Отажоновнинг ҳам лицензияси бекор қилингани маълум бўлган.

Айнан ўша куни хонанда Жаҳонгир Отажонов тармоқларда чиқиш қилиб лицензияси олиб қўйилганидан ташвиш билдирган ва тармоқнинг ўзбек сегменти юзерлари буни Абдулла Қурбонов билан боғлиқ низо оқибати сифатида талқин қилган эди.

Ўзбекистон маданият вазирлиги мулозими бу иддаоларга аниқлик киритди:

- Иккаласи бир кунда жазоланди деган гап нотўғри. Қўшиқчи Абдулла Қурбоновнинг лицензияси "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг 31 май кунги қарори асосида тугатилди. Хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензия муддати 28 майда тугади. Орада 3 кун бор. Мана қўлимда лицензия нусхаси турибди. Отажанов Жаҳонгир Сапарбаевич номига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати 2019 йилнинг 28 майигача деб ëзилган. Такрорлаб айтаман: Отажонов жазоланмади. Отажонов келиб пулини тўлаб лицензиясини чўздириши мумкин.

Мулозимнинг яна айтишича, хонанда Отажоновнинг “Ўзбекконцерт” давлат муассасасидан 76 миллион 631 минг 940 сўм қарзи бор:

- Отажонов машҳурлик рейтингининг иккинчи гуруҳи бўйича йиллик тўловни амалга оширмай келган. Ўзи ва етти нафар созандаси учун тўлаши керак бўлган тўловни 9 июнгача тўлаганидан кейингина янги лицензия олиш масаласи кўрилади,- деди мулозим.

Хонандалар Абдуллла Қурбонов ва Жаҳонгир Отажонов ўртасидаги низога “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси 30 май куни расман муносабат билдирган эди.

Расмий билдирувда “Жаҳонгир Отажонов ва Абдулла Қурбоновлар борасида юзага келган вазият хонанда Абдулла Қурбоновнинг сафардан қайтиши билан белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Бундан ташқари “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонанда Жаҳонгир Отажоновга муборак Рўзаи Рамазон ойида ижтимоий тармоқларда ножўя хатти-ҳаракатлар билан санъаткорлар ўртасида низо келтириб чиқаришга сабаб бўлувчи масхаромуз видеоларни тарқатмаслигини сўрайди”, дейилган эди.

Oзодлик қўшиқчининг қўл телефонига бир неча бора телефон қилиб туша олмади.

Шоу-бизнес юлдузи

41 яшар Жаҳонгир Отажонов Хоразмда созанда оиласида туғилган. Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Ортиқ Отажонов Жаҳонгир Отажановга амаки бўлади.

Жаҳонгир Отажонов Тошкентдаги Глиер номидаги мусиқа мактабини битириб Тошкент давлат консерваториясида таҳсил олган.

Ўз ижодий ҳаëти давомида ўнлаб оммабоп қўшиқлар ижроси билан танилган Оатжонов тез-тез шов-шувли жанжаллар фигурантига айлангани кузатилган.

Бундан олдин Жаҳонгир Отажонов Интернет ва мобил телефонларда тарқалган видеолавҳалар туфайли 2013 йили лицензиядан махрум қилинган эди.

Жаҳонгир Отажонов иштирокидаги фильм-концертда хонанда ҳовузда ўзини ҳар кўйга солиб, куйлаб рақс тушаётгани, иккинчисида тўйда ғужанак бўлганча ётиб куйлаётгани, учинчисида рақсга тушаётган аёлдан бўса олаётгани акс этган.

XS
SM
MD
LG