Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:40

Ўзбек ёшлари “Кўк кит” таҳдидидан огоҳлантирилди


Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига “Кўк кит” тузоғига тушиб қолмаслик лозимлиги уқтирилмоқда. Ўзбекистонда уяли алоқа компаниялари “ёлланма совчилик” билан шуғулланаётгани танқид қилинди. Жаҳонгир Отажонов Юлдуз Усмонованинг “Хоразмлик қизларга” қўшиғига жавоб ёзди.

________________________________________________________________

Ўзбекистонда уяли алоқа компаниялари енгилтакликда айбланди

Ўзбекистондаги уяли алоқа компаниялари томонидан мижозларга келин ёки куёв топиб бериш ҳақида йўлланаётган хабарномалар миллий қадриятларга тўғри келмайди, бу енгилтакликдан ўзга нарса эмас (“Оила даврасида”, 2 март). Айни пайтда уяли алоқа операторлари маҳбуб ёки маҳбуба топиб бериш ёки романтик учрашувлар уюштириш ваъдаси билан SMSлар юбориши оддий ҳолга айланган. Мақолада уяли алоқа ширкатлари “ёлланма совчилар”, улар таклиф этаётган хизматлар эса “уч центлик муҳаббат” деб аталган. “Бундай ҳаёсиз, бепарда эълон ва таклифларни мижозларга тарқатиш бизнинг шарқона урф-одатларимиз, миллийлигимиз ва маданиятимизга мутлақо тўғри келмайди”, деб ёзилади мақолада.

Ўзбекистонлик ёшлар “Кўк кит” ҳамласидан огоҳлантирилмоқда

Ўзбекистонлик ёшлар ижтимоий тармоқлардаги “Кўк кит” ўлим гуруҳи тузоғига тушиб қолмаслиги керак (“Ҳуррият”, 1 март). Виртуал оламда 2013 йилда пайдо бўлган ва айни пайтда яшин тезлигида оммалашиб бораётган мазкур ўйин иштирокчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўпайиб бормоқда. Ўлим гуруҳи қоидаларига кўра, онги манипуляция қилинган иштирокчи 50 та шартни бажаради ва пировардида ўз жонига қасд қилади. Қайд этилишича, мазкур хавфли ўйин туфайли 2016 йили Россияда 320, Қирғизистонда 95 ва Қозоғистонда 90 нафар ўсмир ўз жонига қасд қилган. Бир неча кун аввал Ўзбекистон телевидениесининг “Пойтахт” ахборот дастурида ИИБ вакили Тошкентда 5 нафар ўқувчининг виртуал ўйин таъсирида ўз жонига қасд қилишининг олди олингани ҳақида хабар берган эди.

Жаҳонгир Отажонов Юлдуз Усмонованинг можароларга сабаб бўлган қўшиғига жавоб ёзди

Хонанда Жаҳонгир Отажонов Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг можароларга сабаб бўлган “Хоразмлик қизларга” номли қўшиғига жавоб ёзди (“Даракчи”, 2 март). Бу ҳақда хонанданинг ўзи концерти олдидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган. “Ўшанда Юлдуз Усмонованинг қўшиғи кўнглимга қаттиқ текканди. Ушбу жавоб қўшиқни яратганимга анча бўлган, бироқ айрим сабабларга кўра тақдим этилмаганди”, деган Ж.Отажонов. Ю.Усмонованинг 2005 йили куйлаган қўшиғидаги “Хоразмлик қизлар босди Тошканни” каби мисралари маҳаллийчилик сифатида баҳоланган эди. Ж.Отажонов жавоб ўлароқ ёзган қўшиқда эса “Ҳасад қилманг Хоразмнинг қизларига, Юлдуз тугул ой чиқолмас тизларига” каби сатрлар бор. Ю.Усмонованинг ёрдамчиси Шуҳрат Нуралиев “Жаҳонгир жавоб қўшиғи билан ўзига пиар қилмоқчи”, дея муносабат билдирган.

XS
SM
MD
LG