Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:50

Жиззах ҳокими гўшт нархини 39 минг сўмдан оширмасликни буюрди


Ўзбекистон бозорларига сотувга олиб келинган гўшт аҳволи.
Ўзбекистон бозорларига сотувга олиб келинган гўшт аҳволи.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев 21 январь куни имзолаган ҳужжатда вилоят ҳудудидаги бозорларда сотиладиган тўққиз турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг “энг юқори чегараланган нархлари” белгиланди.

Гўшт¸ балиқ¸ тухум¸ гуруч¸ картошка¸ пиëз ва сабзи нархлари нархи ошиши олдини олишга қаратилган ҳоким қарори¸ ундан хабар топган тадбиркорларнинг Озодликка айтишича¸ бозор иқтисоди қонунларига зиддир.

Жиззах вилояти ҳокимлиги ва вилоят Рақобат бошқармасининг Озодлик гаплашган расмийлари ҳоким қарорига изоҳ беришни истамади.

Ҳоким қўл қўйган “Тарқатиш варақаси”

Озодликка Жиззах вилояти давлат ҳокимияти тизимида ишловчи мулозимдан келган ҳужжат нусхасидан кўрилишича¸ “Тарқатиш варақаси”ни вилоят ҳокимлигининг Иқтисодиëт ва тадбиркорлик масалалари мажмуи котибияти ҳозирлаган.

Жиззах ҳокими Салиев 21 январь куни тасдиқлаган нархлар рўйхати.
Жиззах ҳокими Салиев 21 январь куни тасдиқлаган нархлар рўйхати.

21 январь куни ҳоким Салиев имзолаган ҳужжатга¸ Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 мартдаги ЭДО-03-30-13 сонли йиғилиш баëни (протоколи) асос бўлган.

(Бу йиғилиш баëнига оид "Ўзбекозиқовқатзаҳира” уюшмаси сайтида келтирилган маълумотдан¸ унинг “аҳолини асосий озиқ-овқат товарлари билан таъминлаш мақсадида” бу маҳсулотлар нархини ҳукумат томонидан белгилаш кўзда тутилгани тушунилади.)

Жиззах вилояти ҳокими тасдиқлаган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатида мол ва қўй гўшти нархини январь ойи давомида тадбиркорлар расталарида 39 мингдан¸ товуқ гўштини 20 минг сўмдан¸ тухум нархини 700 сўм¸ гуручнинг энг қимматини 12 минг сўм¸ картошкани 2500¸ пиëзни 1000 ва сабзини 2500 сўмдан оширмаслик топширилган. Айни пайтда¸ рўйхат остида нархларнинг мавсумга қараб ўзгариши ҳам ëзиб қўйилган.

Бу нархларни назорат қилиш¸ ҳоким қарорига биноан¸ вилоят Молия¸ Солиқ ва Рақобат бошқармалари¸ шунингдек Жиззах вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмасига топширилган.

Расмий изоҳ берилмади

Озодлик 21 январь куни вилоят ҳокимининг мазкур қарорига изоҳ сўраб¸ ҳоким ëрдамчиси¸ ҳокимнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари ва иқтисодиëт мажмуи котибияти расмийлари билан боғланди.

Уларнинг барчаси¸ бу ҳужжатдан хабари йўқлигини айтиш иддаоси билан Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочди.

Вилоят Рақобат қўмитасининг Озодлик гаплашган расмийси¸ бу қарорни “истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш” деган иддао билан изоҳлашга уринди¸ аммо ҳокимнинг нега 2019 йил 21 январига келиб бундай топшириқ берганидан бехабарлигини билдирди.

“Бозор иқтисодиëтига зид қарор”

Озодлик билан шахси сир тутилишини сўраб гаплашган тадбиркорлардан бири¸ 21 январь кунги ҳоким қарорини шундай баҳолади.

Бозор иқтисодига асосланган Ўзбекистонда нархларнинг давлат томонидан белгиланиши бозор иқтисоди моҳиятига зиддир. Мен ишлаб чиқарган маҳсулотимга нима учун ҳукумат нарх белгилаши керак? Бозор нархларини талаб ва таклиф ўртасидаги нисбат шакллантиради. Дейлик¸ мен бозордан ем-хашакни фалон пулга олиб мол боқсамда¸ ҳоким уни таннархидан арзонга сотасан деб буйруқ берса¸ мен бозорга гўшт олиб чиқмайман. Ë Хоразмдан гуруч опкелиб Жиззахда сотадиганларнинг ҳам ўзига яраша харажати бор – уларга ҳам фалон сўмдан оширмайсан¸ деб буйруқ берса¸ эртага зарарига ишламайдику – олиб келишни йиғиштиради”¸ дейди бу тадбиркор.

Озодлик суҳбатлашган вилоят иқтисодий тизими мулозими¸ ҳокимнинг бозор нархларини маъмурий-буйруқбозлик билан назорат қилиш уриниши тескари натижа бериши ва бозордаги асосий озиқ-овқат нархларининг сунъий равишда кўтарилишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтади.

Гўшт Тошкент ë Фарғонада қиммат бўлса¸ Жиззах эмас¸ ўша қимматроқ жойга олиб борадида! Бунақа қилиб бозорни назорат қилиш Каримов даврида бор эди. Ҳар йили бизга асосий озиқ-овқат нархларининг чегараси белгиланган рўйхат келарди¸ лекин у кўпроқ давлат таъминоти тизимларига тааллуқли эди. Мирзиëев келганидан бери Жиззахда бунақа чеклов биринчи кузатилаяпти. ҚҚС(қўшимча қиймат солиғи) ўзгарганидан кейин нарх-наво кескин ошиб кетишидан қўрқишаяпти¸ шекилли”¸ дейди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исмини очиқламаган жиззахлик мулозим.

Қарор қандай ижро этилади?

21 январь куни Озодлик суҳбатлашган оддий жиззахликлар шаҳар бозорида бир кило мол ва қўй гўшти нархининг 40-42 минг сўм эканини билдирди.

Бу нархнинг ҳоким буйруғи билан қандай қилиб 39 мингга туширилиши ҳақидаги саволга маҳаллий ҳокимият мулозими¸ унинг ижроси топширилган солиқчиларнинг бозордаги савдогар ва тадбиркорларга эскича босим ўтказишни бошлашини тахмин қилади.

Бу нарса Мирзиëев келганидан сўнг йўқолгандек бўлган эди. Бозорни маъмурий буйруқбозлик билан назорат қиламан¸ деб ўйлаган ҳоким бу назоратни Каримов давридаги каби фақат маъмурий босимни кучайтириш орқали амалга ошириши мумкин. Бу эса¸ Мирзиëев келганидан бери тадбиркорларни ҳимоя қилиш ҳақида қўл қўйган ўнлаб қарор ва фармонлар моҳиятига зид бўлади”¸ дейди иқтисод тизими мулозими.

Озодлик ҳозирча Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 6 март кунги йиғилиши баëнига асосан¸ асосий истеъмол маҳсулотлари нархининг ҳокимлар томонидан чеклаб қўйилган-қўйилмагани ҳақида маълумотга эга эмас.

2017 йил июнь ойида гўшт нархининг кескин қимматлаши олдини олиш мақсадида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов гўшт нархини 29 минг сўмдан оширмаслик ҳақида буйруқ берган эди.

Абдураҳмонов ва бошқа ҳокимларнинг бозордаги нархларни сунъий ушлаб туриш уринишлари оқибатида хусусий қассобхоналар бир неча кунга ëпилиб¸ супермаркетлардаги гўшт расталари бўшаб қолгани кўрилган эди.

XS
SM
MD
LG