Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:48

Доллар арзонлади, гўшт қимматлади, бензин тақчиллашди


Ўзбекистон “қора бозори”да доллар курсининг тушиши, гўшт нархининг кескин тарзда кўтарилиши ва бензин тақчиллиги шу кунларда ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётган мавзуларга айланган. "Қора бозори"да ўтган ойда 8500 сўмгача сапчиб кетган 1 АҚШ доллари 11 август куни 7850 сўмга тушди, лаҳм гўштнинг килоси эса 40 минг сўмдан ошди. Мамлакат бўйлаб бензин тақчил, ҳайдовчилар унинг литрини 4 минг сўмдан олишга мажбур бўлмоқда.

Доллар

Ўзбекистон "қора бозори"да бир АҚШ доллари олти ой аввалги даражага тушди.
Ўзбекистон "қора бозори"да бир АҚШ доллари олти ой аввалги даражага тушди.

​Ўзбекистонда сўнгги ойларда тинмасдан кўтарилиб келган АҚШ доллари август бошидан туша бошлади.

Ўтган ой 8300-8500 сўм орасида бўлган АҚШ доллари сўнгги бир неча кун ичида 8 минг сўмлик довондан пастлаб, 7700 сўм​гача тушди.

Тошкентнинг Чорсу бозорида 11 август куни бир АҚШ доллари 7780 сўмдан олинди, 7850 сўмдан сотилди.

- Уч кун олдин 7700га ҳам тушганди, бугун озгина кўтарилиб, доллар ўзини жойини топди, деб умид қиляпмиз, - дейди Чорсу бозоридаги саррофлардан бири.

Иқтисодий таҳлилчилар ҳам, оддий одамлар ҳам долларнинг арзоналишиши сабабларини айта олишмади.

Ижтимоий тармоқда эса бу борада турлича фикрлар билдириляпти.

Кимдир долларнинг тушишини мавсумий омилларга боғласа, бошқалар мамлакатда GM автомобилларининг сўмда сотила бошлаганини бунга сабаб қилиб келтиришади.

- Чунки автомобилларни харид қилиш учун сўм топишлари керак. Улар долларда жамғариб қўйган пулини сўмга айлантиришга мажбур бўлишяпти, бунинг оқибатида сўмга талаб ортаяпти, - деб ёзди Facebook тармоғидаги Потребитель уз гуруҳининг Улуғбек Сафоев исмли фойдаланувчиси.

Ўзбекистонда доллар тушиши мавсумий эканини айтаётганлар ҳам кўп.

– “Қора бозор”да ҳар йили август ойида шундай тушиш бўлади. Атайлабдан бозорга катта миқдорда доллар ташлашади, одамлар қўлидаги нақд сўмларни йиғиштириб олиш учун қилинса керак бу, кейин яна кўтарилади, - дейди Facebook тармоғидаги Потребитель уз гуруҳининг Гулруҳ исмли фойдаланувчиси.

Гўшт

Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётган мавзулардан яна бири гўшт нархи кўтарилаётганидир.

Ўзбекистон бозорларида гўштнинг килоси 40 минг сўмдан тепада.
Ўзбекистон бозорларида гўштнинг килоси 40 минг сўмдан тепада.

“Қора бозор”да АҚШ доллари тушганига қарамай, бозорда нарх-наволар кўтарилмоқда. 1 кило суякли мол гўшти шу кунларда 29-34 минг орасида, лаҳм гўшт эса 40 минг сўмдан ошиб кетган.

Гўшт нархи ошишини маҳаллий ҳокимиятларнинг гўшт нархини 29 минг сўмдан оширмаслик ҳақидаги қарорлари ҳам тўхтатиб қололмаяпти.

Жиззахлик ҳаридорлардан бирининг Озодликка айтишича, бозорлардаги нархлар рўйхатида бир кило гўшт 29 минг сўм қилиб ёзиб қўйилган, лекин бундай нархда бозорда гўшт йўқ.

- 35-40 минг сўм. Ҳокимятдан текшириб келса 29 мингдан сотяпмиз, дейди. Лекин аслида яхши гўшт оламан десангиз 40 минг сўм, - дейди жиззахлик ҳаридор.

Ўзбекистоннинг айрим бозорларида эса, қассоблар ўз маҳсулотини ҳокимият белгилаган нархда сотишдан бош тортмоқда ва гўшт камайиб кетган.

Ўзбекистоннинг айрим бозорларида гўшт олиш учун узундан-узоқ навбатлар юзага келган.

- Президент ёки ҳокимиятдан кимдир келса нархни туширишади, кетиши билан кўтаришади, - дейди Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи нафақахўр Шоира Саидбекова.

"Президент келишига гўшт 26 минг сўмдан сотила бошлади"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:12 0:00

Андижоннинг Эски шаҳар бозорида гўшт ва гўшт махсулотлари билан савдо қилувчи тадбиркор Бунёдбекнинг Озодликка айтишича, ҳокимиятнинг гўшт нархини 29 минг сўмдан оширмаслик тўғрисидаги талабини бажариш учун сотувчилар маҳсулот сифатини шу нархга мослаган.

- Ҳозир гўшт ҳокимнинг қарори билан 29 минг сўмдан сотиляпти, одамлар бундан норози, чунки олаётган гўштини суякли, ёғли қисми кўпайди. Шу 29 минг сўмлик бир кило гўштнинг ярми суяк ва ёғ. Оддий қилиб айтганда одамлар 29 минг сўмга ярим килогина гўшт оляпти. Ундан кўра, аввалгидай 40 минг сўмга лаҳм гўшт олганимиз яхши эди, дейишади улар. Гўштни ҳокимият арзонлатди, сотувчилар сифатини шунга мослади, - дейди андижонлик тадбиркор.

Бензин

Шу кунларда республиканинг деярли барча вилоятларида, ҳатто Тошкент шаҳридаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин йўқ.

Интернет ижтимоий тармоқларида АЁҚШлар яқинида узундан-узун навбатлар юзага келгани акс этган фотосуратлар кўпайган.

Бензин заправкалари олдида навбатлар кундалик манзарага айланган
Бензин заправкалари олдида навбатлар кундалик манзарага айланган

Баъзи ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин тижорий нархларда сотилаётган бўлса-да, Тошкент шаҳрида ҳайдовчилар узундан-узун навбатларда қолиб кетаётганларидан норозилар.

Андижонлик ҳайдовчилар вилоятдаги автомобилга ёнилғи қуйиш шохобчаларининг биронтасидан бензин топишнинг иложи бўлмаётганини айтишади

- 2800 сўмлик бензин йўқ ҳисоб. Ҳамма 4000 сўмдан қўлдан оляпти. 4000 сўмга ҳам аралаштирилган бензин. Заправкалар ҳаммаси ёпиқ. Айримларида кечқурун 2800 сўмдан чиқиб қолиши мумкин, лекин йўқолиб қолади. Ҳозир 10та заправкага бордим, ҳаммасида йўқ, - дейди андижонлик ҳайдовчилардан бири.

Заправкалардагилар ҳайдовчиларга яқин орада бензин бўлмаслигини, машиналарни эса газга ўтказишни тавсия қилмоқда.

Пойтахт Тошкентда эса ҳайдовчилар заправкаларда бензин олиш учун кутиб қолаётганликларидан нолишмоқда.

- Бугун Юнусободда бензин олиш учун тўрт соат кутдим. 2800 сўмлик бензин кечқурун 6 гача тугаб қоляпти, - деб ёзди Facebook тармоғининг Водители Ташкента гуруҳидаги Тоҳир исмли фойдаланувчи.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда АЁҚШларда бензин тақчиллашиши одатий ҳолга айланди.

“Ўзбекнефтмаҳсулот” ширкатидагилар эса буни бензинга талаб кўплиги билан изҳлашади.

- Энди машина кўп, кўряпсизку, ҳар ойда ўттиз мингтадан машина чиқяпти, йилига ярим миллионга яқин машина кўпаймоқда. Ҳаммаси бензин олавергандан кейин тугайди-да. Бу ўлчовли нарсаку, - деган Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекнефтмаҳсулот” ширкати мулозими.

XS
SM
MD
LG