Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Расмий ишсизлик даражаси камайди. Ишсиз қолган ўқитувчилар сони очиқланмаяпти


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 14 ноябрь куни эълон қилган ҳисоботида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакатда ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этганини эълон қилди.

Бу маълумот айни идоранинг жорий йил биринчи ярми якунларига оид август ойида эълон қилган ҳисоботидаги кўрсаткичдан 2,1 фоизга камдир.

Аввалги ҳисоботда вазирлик ишсизлик даражаси 13,2 фоизга етганини COVID-19 билан изоҳлаган эди. Янги ҳисоботда касаллик ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Меҳнат вазирлиги ишсизлик даражаси пасайганини эълон қилган бир пайтда ўрта-махсус таълим тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар туфайли юзлаб ўқитувчилар ишсиз қолаётгани маълум бўлди.

Нонга ҳам пули қолмаган ўқитувчи

Наманганлик Шоҳиста Саломова (исм ўзгартирилган) 45 ёшда. Турмушга берган қизидан бошқа фарзанди йўқ. Ўзи ёлғиз яшайди. 2020 йилнинг 1 июнигача бу аёл Намангандаги касб-ҳунар коллежларидан бирида ўқитувчилик қилган.

Олти ойдан бери ишсизман.

“Охирги марта майнинг ойлигига қўшиб бир миллион сўмдан беришди. Ишдан бўшаганимиз учун компенсация пули экан, ўша бир миллион. Ўшандан бери ,мана ,олтинчи ой ишсизман”, - деди ўқитувчи аёл.

Озодликка мурожаат қилган Шоҳиста Саломова билан 16 ноябрда боғланганимизда у уйига эндигина келиб тургани, эрталабдан буён иш излаб икки идорага борганини айтди:

“Аввал меҳнат биржасига бордим, кўчиб кетган экан. Кейин ҳокимликка бордим. Мен излаган одам бугун ишга келмабди”.

Ишонсангизлар нонгаям пулимиз қолмади.

Шоҳиста Саломова Озодликка йўллаган мурожаатида “Ишонсангизлар нонгаям пулимиз қолмади. Ўзбекистонда жуда кўп ўқитувчилар оч, пулсиз, чорасиз қолди”, деб ёзган.

Бу хат ортидан қилинган мулоқот чоғида Шоҳиста Саломова коллежлар тугатилганидан сўнг у билан бирга ишлаган ўқитувчиларнинг бир қисми – дипломи умумтаълим мактабларига тўғри келадиганлари – мактабларга ишга жойлашгани, бироқ аксарият ўқитувчилар ишсиз қолганини айтди.

Ишсиз қолган ўқитувчи кўп

“Мен мактабга ишга жойлашишим учун малака ошириш курсларини битиришим керак экан, курслар эса пуллик экан, тўлашга пулим йўқ”, деди Шоҳиста Саломова.

Наманганлик ўқитувчиникига ўхшаш гапни Тошкент вилоятидаги собиқ коллеж, ҳозирда касб-ҳунар мактаби директоридан ҳам эшитдик. “3 ойлик малака ошириш курсларида ўқиш учун 4 миллион сўм тўлаш керак”, - деди директор.

Бироқ Озодликда бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати кун давомида қилинган қўнғироқларга жавоб бермади. Яна бир савол - коллежлар тугатилиши туфайли қанча ўқитувчи ишсиз қолди, деган саволга ҳам ҳозирча расмий жавоб йўқ. Бундай жавобни битта вазирликдан олиш ҳам имконсиз – юзлаб коллежлар йўналишига қараб вазирлик ва идоралар тасарруфига ўтказиб берилган.

Наманганлик Шоҳиста Саломова қанча ҳамкасби ўзидай ишсиз қолганини билмайди. Тошкент вилоятилик касб-ҳунар мактаби директорининг айтишича, у бошқарган собиқ коллежнинг 50 дан ортиқ ўқитувчисидан 15 нафари ишсиз қолган. Қолганларининг бир қисми мақоми ўзгартирилган коллежнинг ўзида, бир қисми эса ўрта мактабларга ишга қабул қилинган. Мамлакат бўйлаб 1214 та касб-ҳунар коллежи бор эди.

Дипломи умумтаълим мактаблари учун яроқсиз бўлганлар ишсиз қолаётган бир пайтда ўзларини ишли, деб ҳисоблаётган ва сентябрдан буён касб-ҳунар мактабларида ишлаётган ўқитувчилар ҳам “яширин ишсизлар армияси жангчиларидир”: уларни расман ишга қабул қилишга изн берадиган ҳужжат 11 ноябрда қабул қилингани тўғрисида Озодлик хабар қилди.

"Ёзувчи" ўқитувчилардан қўрқишади"

Соҳа газетаси – “Маърифат”нинг Фарғона вилоятидаги мухбири Шарифа Муродованинг айтишича, коллежлардан бўшатилган ўқитувчининг мактабга ишга олиниши учун дипломи мавжудлиги етарли эмас. Журналист вилоят туманларидан бири халқ таълими бўлими мудири муовинининг куни кеча ўзаро суҳбатда “ёрилиб” айтганини эслаб, бундай деди:

Эй, бу бир нима бўлса, дароов порталга ёзади. Бу билан ишлаб бўлмайди дейишди.

“Коллежда ишсиз қолган ўқитувчи иш сўраб райОНОга кирган. Тарихчи. Аммо унга дарс йўқ, бизга тарих ўқитувчиси керак эмас”, дейишган. Кейин мен дўстона вазиятда, журналист эмас, таниш сифатида райОНО мудири муовинидан нимага бу йигитни ишга олмаяпсизлар, десам "эй, бу бир нима бўлса, дарров порталга ёзади. Бу билан ишлаб бўлмайди” дейишди”.

Вазирлик ишсизликни 3 ойда 2 фоизга "камайтирди"

Коллежлар тугатилиши туфайли ишсиз қолганлар ҳамда сентябрдан буён касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда де-факто ишлаб, штатлар жадвали йўқлиги туфайли икки ярим ойдан буён маош олмаётганларни Меҳнат вазирлиги ишсизлар сифатида қайд этганми, йўқми – номаълум.

Бироқ бу вазирликнинг умумий вазиятдан хабари бордай. Бу идора 14 ноябрда Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 11,1 фоизни ташкил этганини, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 2,1 фоизга камайганини хабар қилди.

Вазирлик бундай хулосага сентябрь ойида Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан 108 та шаҳар ва туманда ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига асосан келганини маълум қилди. Вазирлик ҳисоботида жуда кўп рақамлар келтирилган, улар билан мана бу ерда танишиш мумкин.

Меҳнат вазирлиги жорий йилнинг биринчи ярмида ишсизлик даражаси 13,2 фоизни ташкил этганини августда хабар қилган ва бу ҳолатни “СOVID-19 пандемияси даврида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган карантин чора-тадбирлари меҳнат бозорига сезиларли даражада таъсир кўрсатди”, дея изоҳлаган эди.

Бироқ куни кеча эълон қилинган ҳисоботда СOVID-19 ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Гўёки касаллик енгилди ва натижада июнь, июль, август ойларида мамлакат бўйлаб 468,5 минг киши ишли бўлиб қолди.

Меҳнат вазирлигининг бу маълумотига ишониш ўзига хос “эътиқод масаласи” – ё ишонасиз, ёки ишонмайсиз, чунки қайта ҳисоблаб, текшириб кўриш имконсиз.

Ишонасизми?

Бу саволни “Маърифат” газетасининг Фарғона вилоятидаги мухбири Шарифа Муродовага бердик. Мана унинг жавоби:

Карантин туфайли қишлоқларда ҳар йили устачиликка чиқиб кетадиган эркаклар уйда қолиб кетди.

“Карантин туфайли қишлоқларда ҳар йили устачиликка чиқиб кетадиган эркаклар уйда қолиб кетди. Одамларда пул йўқлиги учун уй қура олмади, уйини ремонт қилолмади. Эндигина трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлаган тадбиркорлар чегаралар ёпиқлиги учун ишини тўхтатди. Чунки ўша маҳсулотларни қўшни давлатларга олиб чиқиб кетишарди. 20-30 киши ишлайдиган трикотаж цехлари, кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цехлар ҳам ишини тўхтатди. Ҳозир ҳам баъзилари иш бошлагани йўқ”.

Ишонасизми, деган саволимизга жавобан драматург Санжарали Имомов Биринчи президент даврида эшитгани бир гапни эслаш билан жавоб берди:

“Каримов даврида вазирлигу ҳокимиятларда масъул лавозимларда ишлаган бир танишим сохта бўш иш ўринлари қандай яратилишини айтиб берган эди. Иш бошлаётган тадбиркор ҳокимиятга лицензия олгани келса, масъул шахс тадбиркордан "Иш бошлагач, неча кишини иш билан таъминлай оласан?"деб сўрайди. Тадбиркор, масалан, "Уч ёки беш одамни ишга оламан, кейинчалик иш ривожланиб кетса, насиб этса элликтагача одамни ишга оламан", деб айтади. Шунда ҳокимиятдаги одам "Унда сен 50 кишига иш ўрни яратяпман", деб ёзиб бер", деб талаб қўяди. Тадбиркор лицензиядан маҳрум бўлмаслик учун мажбуран ёзиб беради. Бу ўша пайтда туман ва вилоят ҳокимиятларида оммавий кўзбўямачиликка айланган. Худди йўқ пахтани қўшиб ёзгандек. Бу лўттивозлик бош вазир Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари пайтида бўлган. Демоқчиманки, бу соҳтагарчилик ўша пайтдан шу кунимизга қадар урф, анъана бўлиб келяпти”.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилларда "қоғозда йилига 1 миллион иш ўрни яратилгани" ҳақидаги ҳисоботлар ёлғон бўлганини тан олган ва расмийларни бу каби кўзбўямачиликдан воз кечишга чақирган.

Бунинг ортидан расмий ҳисоботлардаги иш ўринлари "бир неча юз минг"га қисқарди.

Айни пайтда президент вазирлик ва ҳокимиятларни етарли даражада иш ўринлари яратмаётгани учун танқид қилиб келади.

Ўтган ҳафта пандемия бошидан буён 400 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари хорижий давлатлар, асосан, Россиядан ватанларига қайтарилгани маълум қилинди.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, сўнгги расмий ҳисоботдаги ишсизлар сонининг камайиши Россиядан қайтган меҳнат мигрантларининг бир қисми кам иш ҳақи тўланадиган ишларни эгаллагани ё-да ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтганлари ҳисобига бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG