Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:52

Ёшлар Иттифоқида штатлар ёппасига қисқартирилмоқда. Туманларда 5 ходимнинг 4 нафари бўшатилмоқда


Ёшлар иттифоқи уч йил аввал ташкил топганида мингга яқин ходимига эга эди.
Ёшлар иттифоқи уч йил аввал ташкил топганида мингга яқин ходимига эга эди.

Ташкил топганидан уч йил ўтиб Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг вилоят ва туман бўлимларида "катта қисқартиш" бошлангани маълум бўлди.

Ташкилот Марказий кенгашининг Озодлик қўлга киритган 25 август кунги 66-сонли қарорига кўра, вилоят бўлимларининг 60, туман бўлимларининг қарийб 80 фоиз ходими қисқаришга тушган.

Иттифоқнинг қисқаришга тушган ходимлари Озодликка ҳозирги кунда "эшикма эшик юриб" иш қидираётганликларини айтишди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Озодлик суҳбатлашган масъулларидан бири қисқартишлар июль ойида Ёшлар ишлари агентлиги тузилгани билан боғлиқлигини айтди.

Масъулга кўра, қисқартишга тушган ходимлар шу агентликка ишга киришлари мумкин, лекин бунинг учун улар бошқатдан танловдан ўтишлари керак бўлади.

Ёшлар иттифоқининг Жиззах вилоят, Зарбдор туман бўлимида ҳам 5 ходимлан тўрт нафари қисқартишга тушган.

Улардан бири, 26 ёшли Наргиза (исми унинг хоҳишига кўра ўзгартирилди).

- Шу ой бошида "ишга чиқмайсизлар, қисқаришга тушдингизлар. Раис қолади, қолганларга жавоб" дейишди. Огоҳлантириш хати ҳам беришмади. Ҳозир кўчада ишсиз қолдик. Эшикма-эшик юриб иш қидиряпмиз. Янги тузилган Ёшлар агентлигига бизни олишмас экан, янги одамлар керак бизга дейишяпти. Иттифоқ Марказий кенгаши ҳам бизга ёрдам қилолмаяпти, - деди Наргиза.

Хоразмлик Шохруҳ ҳам Ёшлар иттифоқида уч йил ишлаб қисқаришга тушганлардан бири. У бундай деди:

- Бизда кўтарилишга имконият бор деб айтишганди. Уч йил аввал ташкилот тузилганида яхши имтиёзлар ваъда қилинганди. Шунга ишониб, ишга киргандим. Қаҳрамон ака пайтида (Қаҳрамон Қуронбоев, ЁИнинг аввалги раиси) имокниятлар кенг эди. Мактаб, коллежлардаги ёшлар етакчиларини биз бошқариб турардик. Ёрдам қилардик. Сўнгги ойларда ташкилот чўкиб қолди. Кўтарилиш ўрнига жарга қуладик. Каримов "Камолот"и 25 йил турди, буниси 3 йил ҳам туролмади.

Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг Озодлик суҳбатлашган расмийларидан бири тизимда штатлар қисқариши сабаб айрим ходимлар билан хайрлашишга тўғри келишини айтди:

- Июль ойида Ёшлар ишлари агентлиги тузилгани сабаб тизимли ўзгаришлар бўляпти бизда. Баъзи ваколатлар шу агентликка ўтиб, бизда қисқариш бўляпти. Ҳар бир туманда битта одам қолади, у ҳам раис. Вилоят бўлимларида 20 одам ишлаган бўлса 7 таси қолади. Бу фаолиятимизни оптималлаштириш учун қилиняпти, - деди Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг исми очиқланишини истамаган масъули.

Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашининг 25 август кунги 66-сонли қарорига мувофиқ, вилоят ва туман бўлимларида ходимларнинг қарийб 80 фоизи қисқаришга тушган.

"Ёшлар иттифоқи"ҳудудий бўлимида ўнлаб одам қисқартишга тушган.
"Ёшлар иттифоқи"ҳудудий бўлимида ўнлаб одам қисқартишга тушган.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи 2017 йил июль ойида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилганди.

Бир йил ўтиб, 2018 йилда бўлган Ёшлар қурултойида Мирзиёев Ёшлар иттифоқи фаолиятини танқид қилди.

"Камолот" ёшлар ҳаракати негизида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини туздик, ёшлар билан ишлашда янги тизим ва ёндашувларни жорий этяпмиз. 30 июнда мамлакатимизда биринчи марта "Ёшлар куни"ни кенг нишонлаб, янги ижобий анъанани йўлга қўйдик. Аммо ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжуд Жумладан, катта мақсадлар билан тузилган Ёшлар Иттифоқи ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишда етарлича эътибор бермаяпти. Ташкилот ўтказаётган айрим тадбирлар дабдабабозлик, ўзини "кўз-кўз" қилишга ўхшаб қоляпти", — деган эди Мирзиёев.

Шу йилнинг 30 июнида президент Мирзиёев Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлигини тузиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Янги ташкилот марказий идораси учун 75 штат бирлиги, вилоят ва туманлардаги бўлимларида эса 766та штат бирлиги бўлиши фармонда айтилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Марказий кенгашида 100 дан ортиқ ходимдан қанчаси ишидан айрилиши, қанчаси қолиши маълум эмас.

- Вилоят ва туманларда ишсизлик муаммосини ҳал этиши керак бўлган Ёшлар иттифоқи қисқартишлар эвазига ишсизлар сафини тўлдирмоқда, - деди ЁИнинг Жиззах вилоят, Зарбдор туманидаги бўлимида уч йил ишлаб, лавозимидан айрилган Наргиза.

Ёшлар иттифоқида, уч йил аввал ташкил топган пайтда, мингга яқин ходим ишлар эди.

Ташкилот Ёшлар ишлари агентлигига айлантирилгач, нима учун кадрлар бу қадар кенг кўламда қисқартирилмоқда? Ишдан бўшатиладиганларни бошқа иш билан таъминлаш масаласи билан янги ташкилот шуғулланадими?

Озодлик бу саволларни 9 сентябрь куни Ёшлар иттифоқи ва уни негизида тузилаётган Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевга унинг ёрдамчиси орқали йўллади.

Лекин 10 сентябрь, куннинг биринчи ярмига қадар Саъдуллаевдан ҳам, унинг ёрдамчисидан ҳам дарак бўлмади.

Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон ҳали СССР таркибида бўлган 1991 йили аввалги Комсомол ташкилоти ўрнида ташкил топган ва 1996 йилгача амал қилган. 1996 йил апрелида эса, Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримов фармони билан "Камолот" жамғармаси тузилган.

"Камолот" жамғармаси 2001 йилда Ёшлар ижтимоий ҳаракатига айлантирилганди.

XS
SM
MD
LG