Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Ўқитувчилар битирувчиларнинг иш билан таъминлангани ҳақида ҳужжат тўплашга жалб этилди


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Наманган вилоят, Янгиқўрғон туманидаги баннери.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Наманган вилоят, Янгиқўрғон туманидаги баннери.

Ўзбекистоннинг айрим вилоятларидаги мактабларда бу йил ўқишга киролмаган мактаб битирувчиларидан иш берувчидан ишга олингани ҳақида ҳужжат талаб қилинмоқда. Бу ишни назорат қилиш айрим мактабларда ўқитувчилар зиммасига юклатилган.

Андижоннинг Избоскан туманидаги мактаб ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда ўзи ва бошқа ҳамкасблари, туман ҳокимлигининг буйруғига биноан, асосий иши қолиб "битирувчиларнинг иш билан таъминлангани ҳақидаги ҳужжатларни тўплаш"га жалб этилганини айтди.

Бундан олдин айрим вилоят мактабларида ўқишга киролмаган битирувчиларнинг ота-оналаридан "фарзандимни иш билан машғул қилишга кафолат бераман", деган мазмунда тилхатлар ёздириб олинган эди.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги расмийси Озодликка мактаб ўқитувчиларига битирувчиларнинг иш билан таъминлангани ҳақида ҳужжат тўплашга ҳам, ота-оналардан фарзандларини ишга жойлаш тўғрисида тилхатлар олишга ҳам кўрсатма берилмаганини айтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йил июлида бўлиб ўтган видеоселектор мажлисда бу йил мактабларнинг қарийб ярим миллион битирувчисининг ярми бандлигини таъминлаш зарурлиги ҳақида гапирган эди.

Ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқламаcликни сўраган андижонлик муаллимнинг Озодликка айтишича, ўзи ва ҳамкасблари ўқишга киролмаган битирувчилар рўйхатини тузиб, уларни ишга жойлашга жалб этилган:

"Дарс ўтишга вақтимиз бўлмаяпти. Асосий ишимиз битирувчиларни иш билан таъминлашдан иборат бўлмоқда. Битирувчилардан ишга жойлашгани ҳақида ҳужжатларни тўплаяпмиз. Жойлашолмаганларига ҳар куни солиқ идорасида ўтириб, 10 минг сўмдан тўлов қилиб, ҳар бирига иш стажи очтиришга мажбур бўляпмиз. Чунки битирувчи ишсиз қолса бизга гап тегади".

Андижон вилоят, Марҳамат туманидаги мактаб ўқитувчиси ҳам битирувчиларни иш билан таъминлашга бу йил туман ҳокимлигидан алоҳида топшириқ бўлганини Озодликка айтди:

"100 фоиз ҳамма бола иш билан банд бўлиши шарт. Бирорта ҳам бола қолиб кетмаслиги керак. Қолиб кетса, юқоридагилар қўймайди, - дейди мактаб ўқитувчиси.

Ўқитувчилар бандлик бўйича тўпланган ҳужжатлар нусхасини Озодликка тақдим қилишди.

Андижоннинг Избоскан туманидаги 22-сон мактабда битирувчилар иш билан таъминлангани ҳақида ҳисобот.
Андижоннинг Избоскан туманидаги 22-сон мактабда битирувчилар иш билан таъминлангани ҳақида ҳисобот.

Озодлик, айрим ҳужжатларда битирувчиларининг шахсий маълумоти борлиги учун уларни очиқламайди.

"Навбатдаги ёлғон"

Озодлик билан суҳбатда бўлган баъзи мактаб битирувчиларининг ота-оналари талабни бажариш учун иш берувчидан меҳнат дафтарчасига номига бўлса ҳам муҳр бостириб, нусхасини топширишга мажбур бўлаётганликларини айтишади.

"Меҳнат дафтарчасига ишлаяпти, деган печат бостириб келдик. Битирувчиларнинг ҳаммаси фермер ёки чеварчилик цехларидан мана шунақа қилиб олиб боряпти. Аммо иш йўқ. Ҳужжат олиб бормасак ҳокимлик ўзи қурилишлардан ёки иш шароити оғир жойлардан иш топиб берар экан", - деди андижонлик мактаб битирувчисининг онаси.

Суҳбатдошнинг қўшимча қилишича, фермер ёки чеварчилик цехи билан шартнома тузган битирувчилар, одатда ишламайди, шартнома эса номига тузилади:

“Фермер ёки қандайдир фирмаси борлар ҳозир коронавирус карантини даврида ўзига пул тополмаяпти, қандай ойлик тўлайди? Бундан ташқари олинган ишчи учун нафақа жамғармасига қаердан тўлаб беради? Ҳаммаси сохта қилиняпти, ҳокимликка мана шунча битирувчи иш билан таъминланди, деб ҳисобот беришса бўлди”.

Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим ота-оналар бу каби амал ўтган йили ҳам бўлгани, ўқишга киролмаган битирувчилар иш берувчидан ишга олингани ҳақида меҳнат дафтарчасига муҳр бостириб, кейин Россияга кетиб қолганликларини айтишади.

Ота-оналардан тилхатлар

Бундан олдин Наманган ва Фарғона мактабларида йиғилишлар ўтказилиб, ота-оналардан "фарзандимни иш билан машғул қилишга кафолат бераман", деган мазмунда тилхатлар ёздириб олингани ҳақда Озодлик хабар берганди.

Наманганнинг Тўрақўрғон туманида фарзанди бу йил мактабни битирган Улуғбек Норқўзиев Озодлик билан суҳбатда шундай тилхат олингани ва ўзи ҳам шундай ҳужжатга имзо чекканини айтганди:

- Болалар бекор қолиб турли гуруҳларга қўшилиб кетмасин, Россияга кетиб қолмасин, дейишяпти-да. Шу ҳақда тайёр ёзилган тилхатни бериб чиқишди, боласининг исми, ўқийдиган синфини киритиб, "мен боламни ишга жойлашишига ўзим кўмаклашаман, иш топилмаса ўзим кичик бизнесни йўлга қўйиб, иш билан машғул қиламан", деб тилхат ёздириб олишди.

Наманганнинг Уйчи туманида яшовчи Халима Йўлдошева бу йил мактабни битирган қизига кредит олиб парник қилиш ёки чевархонага кириб ишлашини таъминлашни зиммасига олган.

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги расмийси Озодликка мактаб ўқитувчиларига битирувчиларнинг иш билан таъминлангани ҳақида ҳужжат тўплашга ҳам ота-оналардан фарзандларини ишга жойлаш тўғрисида тилхатлар олишга ҳам кўрсатма берилмаганини айтди.

Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, бу йил умумтаълим мактабларини 450 мингдан зиёд ўғил-қиз тамомлаган.

Шулардан 70 минг нафари олий ўқув юртларига, 90 минг мактаб битирувчиси касб-ҳунар коллежларига қабул қилинган.

Қолган битирувчи қаерга боради?

Ўзбекистон презденти Шавкат Мирзиёев 14 июлда бўлиб ўтган видеоселектор мажлисда айнан шу саволни кўндаланг қўйган эди.

– Қайси ҳоким бу масалада бош қотириб, битирувчилар билан шахсан учрашди? Ёш ўғил-қизларимиз эртага қаерга ва кимга иш сўраб мурожаат қилади? Ҳудудда улар учун иш ўринлари захираси шакллантирилганми? – деган эди Мирзиёев.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг шу йил август ойида эълон қилган ҳисоботига кўра, мамлакатда 2020 йилнинг биринчи ярмида ишсизлик даражаси 9,2 фоизни ташкил этган.

XS
SM
MD
LG