Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

ЛГБТ жамоаси Мирзиёевга мурожаат қилиб¸ "бесоқолбозлик"ни Жиноят кодексидан олиб ташлашни сўради


Ню-Йорк гей парадида Ўзбекистон байроғини кўтарганлар ҳам иштирок этди.
Ню-Йорк гей парадида Ўзбекистон байроғини кўтарганлар ҳам иштирок этди.

Ўзбекистондаги ЛГБТ жамоасининг бир гуруҳ фаоллари президент Шавкат Мирзиёевга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мамлакат Жиноят Кодексидан “бесоқолбозлик” моддасини олиб ташлашни сўраб мурожаат қилди.

Озодликка ўзларини Ўзбекистон гейлар, лесбиянлар, бисексуал ва трансгендерлар жамияти аъзоси деб таништирган бу фаоллар ўзбек жамиятида кучайиб бораётган гомофобиянинг коррупция ва инсон ҳақлари топталиши учун қулай заминга айланганини таъкидлади.

Озодликка Ўзбекистон ЛГБТ жамияти фаолларининг президент Мирзиëевга юборилган ëзилган мурожаати нусхаси юборилди.

Ҳозирги кунда консерватив ва гомофоблашаётган жамият ЛГБТ жамиятининг вакилларини тутиб, уларнинг таҳқирланган, дўппосланган видеоларини ижтимоий тармоқларга қўйиб боришмоқда. Шунингдек, интернет нашрларида гей бўлгани учун қамалгани ҳақидаги хабарлар ҳам чиқаяпти. Биз мана шундай воқеа-ҳодисалар ҳақидаги манбаларни тўплаб, Human Rights Watch ташкилотига юбормоқчимиз. Мақсадимиз - ЖКдаги 120-модданинг олиб ташланишига эришиш. Албатта¸ бу модда қамоқ, самосуд ҳамда коррупцияга йўл очмоқда. Бизнинг мурожаатларимиз БМТ минбаридан Мирзиёевга етиб борар деган умидимиз бор”, дейилади мурожаатномада.

Озодлик билан хавфсизлик хавотирлари боис шахсини очиқламай гаплашган мурожаат муаллифларидан бири ЛГБТ вакиллари мурожаатнома орқали Ўзбекистон президенти диққатини ўз муаммоларига қаратиш эканини айтди.

- Кам сонли бўлганимиз учун гомофоблашаётган кўплаб инсонларга ижтимоий тармоқларда, ЛГБТ вакиллари нега мавжуд эканлиги ҳақида, илмий асосга эга манбалар билан тушунтиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳозирги кунда ЛГБТ вакилларини овлаш авжига чиққан, уларнинг номидаги "уят"ни олиб ташлаш учун пул сўралиши кўп кузатилмоқда. Биз эса таҳқирланган, самосуд қилинган инсонларни топишга, уларга руҳан далда беришга имкон борича ҳаракат қилмоқдамиз, деди жамоа аъзоларидан бири.

Озодликка гапирган фаолга кўра¸ ижтимоий тармоқ ва мессенжерда ўзбекистонликларни “гей ва лесбиянларни овлаш ва жазолаш” миссиясига даъват қилаëтган гуруҳлар пайдо бўлган.

"Ўзларини жинсий озчиликка қарши "ахлоқ полицияси" сифатида тақдим этаëтган бу гуруҳ аъзолари ЛГБТ вакилларини “овлаб”, улар “иқрорлари” акс этган видеотасвирларни Интернетда тарқатиш¸ уларни шантаж қилиб¸ пул ундириш билан шуғулланмоқда"¸ дейди Озодлик суҳбатдоши.

ЛГБТ вакили ўзлари тузган жамият “ўқимишли, фалсафий билимга эга, тилларни билувчи, дунёқараши кенг ёшлар”дан иборат эканини айтади.

- Асосий мақсадимиз - Жиноят Кодексидаги 120-модда¸яъни “бесоқолбозлик” моддасининг олиб ташланишига эришиш. Биз ҳам Ўзбекистонда барча каби ҳақ ҳуқуқларга эгамиз. ЛГБТ ҳуқуқлари ҳам ҳимоя қилинсин. Ўзбекистон матбуоти ҳам бизни таҳқирланиш ҳолатларини ёритсин. Ҳозирги кунда жуда кўплаб давлатлар ва кўплаб халқаро ташкилотлар ЛГБТ ҳуқуқларини олдинги ўринга қўйган бир пайтда¸ Мирзиёевнинг 120-моддани олиб ташлаши уларнинг ҳақиқий олқишига сазовор бўлади. Бу нарса Ўзбекистонда барча соҳада эркинлик ва ҳуқуқлар тикланаётганига яна битта мисол бўларди. Биз эса¸ Ўзбекистон келажаги учун кўплаб ишларга ҳисса қўшган ҳолда, Мирзиёевнинг барча ислоҳотларини қўллаб-қувватлар эдик. Ўзбекистонда диний бағрикенгликни ҳурмат қилган ҳолда, масъулият билан ёндашар эдик, деди Ўзбекистон ЛГБТ жамияти вакили.

18 июль куни маҳаллий матбуотда¸ Тошкентда икки эркакнинг жинсий алоқада бўлганликда айбланиб¸ ҳибсга олингани хабар қилинди.

Айтилишича¸ Тошкентнинг Чилонзор тумани 3-кварталидаги квартиралардан бирида ушланган бу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 120 моддаси (“Бесоқолбозлик”) асосида жиноят иши очилган.

Ўзбекистон Жиноят Кодексида "бесоқолбозлик" сифатида таснифланган гомосексуализм ўртача оғирликдаги жиноят саналади ва гомосексуализм билан шуғулланган фуқаролар 3 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасининг жинсий озчилик ҳуқуқлари бўйича 2017 йилда эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон гомосексуализм жиноят даражасига кўтарилган давлатлар қаторидан жой олган.

Қароргоҳи Брюссель шаҳрида жойлашган Гей ва лесбиянлар халқаро уюшмасига кўра, постсовет ҳудудида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов ўз чиқишларидан бирида “гомосексуализм ўзбеклар учун жирканч” деган эди.

2018 йилнинг май ойида Ўзбекистон БМТнинг ЛГБТ ҳуқуқлари бўйича 11 та тавсиясини қабул қилмаган эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов¸ бу ҳақда берган изоҳида¸ рад этилган тавсияларнинг Ўзбекистон Жиноят кодекси 120-моддасига (Бесоқолбозлик) зид эканини сабаб қилиб келтирган эди.

Шавкат Мирзиёевнинг ҳозирча бу масалада фикр билдиргани жамоатчиликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG