Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:50

Ислом Каримов: “Гомосексуализмдан ўзбеклар жирканади”


Ғарбда бир жинс орасидаги никоҳ нормал ҳисобланади.
Ғарбда бир жинс орасидаги никоҳ нормал ҳисобланади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов¸ “гомосексуализм ўзбеклар учун жирканч” деб таъкидлаган. Бу гапни Ислом Каримов, WikiLeaks эълон қилган каблограммага кўра, 2006 йили Сеулда¸ Жанубий Корея Президенти Но Мун Ҳëн билан суҳбат пайтида айтган.



Каримовдан бу иқтибосни WikiLeaks порталига таяниб, жинсий озчиликларга оид хабарларни бериб борадиган Gaystarnews нашри тарқатди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жон Пурнел тарафидан 2006 йили Вашингтонга юборилган каблограмманинг WikiLeaks тарафидан эълон қилинган матнида бу суҳбат тафсилотлари келтирилган.

WikiLeaks эълон қилган каблограммада Жанубий Корея Президенти Но Мун Ҳëннинг демократия борасидаги гапига Ўзбекистон президентининг муносабати сўзма-сўз келтирилган.

"Демократиянинг ғарбча тарзи 85 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонга тўғри келмайди”, деб таъкидлаган президент сўзида давом этиб¸ “Гомосексуализм ўзбеклар учун жирканч ва демократиянинг америкача русуми ўзбек маданиятининг аҳлоқий тозалигини таҳқирлайди", деб айтгани ҳам WikiLeaks эълон қилган каблограммадан ўрин олган.



Шунингдек АҚШ дипломатларига доир махфий ёзишмада Каримовдан иқтибос сифатида келтирилган мана бу жумла ҳам бор:

“Хорижий сармоя – бу яхши, бироқ демократиянинг ғарбча шакли, бизнинг ахлоқий тозалигимизни бузади”,- дейилади АҚШ элчиси Жон Пурнел томонидан 2006 йилнинг апрелида тайёрланган депешеда.

Ўзбек қонуни гомосексуализмга қарши

Ўзбекистон жиноят кодексида "бесоқолбозлик" деб аталган гомосексуализм ўртача оғирликдаги жиноят сифатида малакаланади.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 120-моддасига кўра, гомосексуализм билан шуғулланган фуқаролар 3 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

2003 йилда журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Руслан Шарипов гомосексуализмда айбланиб, беш ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

2009 йили Тошкентда ВИЧ-инфекцияси ва ОИТСга қарши кураш олиб борган фаол Максим Попов ҳам етти йилга ҳукм қилинган эди. Максим Попов фоҳишалик ва гомосексуализмни тарғиб қилишда айбланди.

2012 йил декабрида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниянинг Хоразм вилоят бўлими рахбари, 36 яшар журналист Ботир Султонов ўз кабинетида бесоқолбозлик билан шуғулланганликда айбланиб, қамоққа олинган эди.

Айни пайтда, гомосексуализмда айблаб, қамоққа олиш Ўзбекистонда исталмаган шахсларга қарши ишлатиладиган восита суфатида ҳам таснифланади.

Гомосексуал алоқаларда айбланишдан қўрққан тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Олег Сарапулов мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлганини Озодлик билан суҳбатда айтди.

Урчиган гомофобиия

Гомофобия¸ яъни жинсий озчиликларга салбий муносабат Ўзбекистонда кенг тарқалганлиги айтилади.

Европарламент ҳужжатларида ирқчилик¸ ксенофобия ва антисемитизм билан ëнма-ëн қўйилган гомофобиянинг ўзбек зеҳниятига кенг илдиз отгани сабабларини бухоролик блоггер Гуласал Камолова, бу зеҳният ўзагидан ўрин олган диний тарбия билан изоҳлади.

- Ўзбекистон президенти айтган ҳолат¸ яъни гейлардан жирканиш ўзбек жамиятининг аксарида мавжуд. Ўзбекистон президенти 85 фоизи мусулмон дея айтган жамиятнинг бу 85 фоизи гейларга салбий муносабатда дейиш мумкин. Гомофобия сабабларини Ислом аҳлоқига уйғун шаклланган менталитетдан қидириш керак дейди¸- бир жинсли муносабатлар ҳақидаги қатор мақолалар муаллифи.

Гуласал Камоловага кўра, аксар ўзбекларнинг эркак ва аëл гейларга бўлган муносабатида фарқ бор.

- Голубой (бесоқолбоз-таҳр.) эркаклардан ошкора нафратланишади. Лесбиянкаларга (аёл гомосексуаллар-таҳр.) эса бир оз тоқатли муносабат бор. Ҳатто бир иккита эркаклар лесбиянларни яхши кўришини ижтимоий тармоқларда ëзишмоқда¸- дейди Гуласал Камолова.

Суҳбатдошга кўра¸ ўзбек гейлари Интернетдаги ижтимоий тармоқларда фаол.

Гомосексуалистларнинг жамоат нафратидан қўрққани боис турли никлар орқасига яшириниб интернетда фаолият юритиши айтилади.

-Ўзбек гейлари¸ гомосексуал ва лесбиянларнинг мамлакатда битта ҳам уюшмаси йўқ. Улар ўта эҳтиëткор ва қўрқиб ҳаракат қилишади¸- дейди ўзбекистонлик блоггер Гуласал Камолова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:45 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG