Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:34

Human Rights Watch Мирзиёевга ислоҳталаб соҳаларни эслатди


Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёвни мамлакатдаги "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор аҳволни яхшилаш йўлида аниқ қадамлар қўйиш"га чақирди. Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган нуфузли ташкилот Ўзбекистон ҳукумати келгуси беш йил ичида ислоҳот ўтказиши зарур бўлган муҳим соҳаларни бирма-бир санаб ўтди.

Human Rights Watch санаб ўтган тўққизта соҳага сиёсий маҳкумларни озод қилиш ва диний эркинликларга риоя қилишдан тортиб БМТ ҳуқуқ соҳаларидаги агентликлари билан ҳамкорлик қилиш киради.

Сиёсий маҳкумларни озод этиш: сиёсий важларга асосланган айбловлар билан ушлаб турилганлар, жумладан сиёсий фаоллар, ҳуқуқбонлар ва журналистларни "дарҳол ва ҳеч қандай шартларсиз озод этишни таъминлаш ва уларга тинч фаолиятни давом эттиришга изн бериш.​

БМТ масъул идоралари билан ҳамкорлик қилиш: ҳукуматнинг халқаро институтлар, хусусан Бирлашган Миллатлар инсон ҳуқуқлари механизмлари билан ҳамкорлик қилмасликка қаратилган сиёсатини ўзгартириш, БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 14 нафар экспертига Ўзбекистонга сафар қилишга изн бериш.​

Қийноқларни тугатиш: Ўзбекистонда кенг тарқалган қийноқлар ва таҳқирлашларни тугатишга қаратилган чора-тадбирларни олиш ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига мамлакатда ишлаши ва қамоқхона муассасаларидаги вазиятни кузатишга изн бериш.​

Матбуотдаги чекловларни олиб ташлаш: ҳақиқий матбуот эркинлигини, жумладан қатор веб сайтларга давомли чекловларни ва журналистларни таъқиб этишни тўхтатиш, маҳаллий ва халқаро матбуот ташкилотларга рўйхатдан ўтишга изн бериш ва хорижий журналистларга аккредитация бериш.

Фуқаровий жамиятни эркинлаштириш: мустақил гуруҳлар ва фаолларни таъқиб этишни тўхтатиш ҳамда маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ҳукумат аралашувисиз фаолият юритишга изн бериш, жумладан, Ўзбекистонда фаолияти тугатилган ёки фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган ташкилотларни қайтадан рўйхатга олиш, халқаро нодавлат ташкилотлари вакилларига виза ва акредитация бериш.

Диний эркинликларни таъминлаш: Ўзбекистоннинг диний эркинликлар соҳасида олган масъулиятларига риоя қилиш, жумладан "экстремизм" айбловлари билан қамоққа олинган диндорларни озод қилиш ҳамда ибодат қилиш ва диний таълим олишга қўйилган чекловларни юмшатиш.

Жинсий озчиликларга қарши дискриминация ҳолларига чек қўйиш: ўзаро келишилган жинсий алоқаларга нисбатан жиноий моддаларни олиб ташлаш ва ЛГБТ (жинсий озчиликлар) жамоатига қарши гомофобия ва таҳқирлашларни тугатиш.

Мажбурий меҳнатни тугатиш: пахта секторида мажбурий меҳнатни тугатиш, ҳақиқий мустақил мониторингга изн бериш, мустақил ноҳукумат ташкилотларга пахта теримини баҳолашда иштирок этишга изн бериш, пахта секторида ҳукумат сиёсатини кузатувчи мустақил фаолларга босимларни тўхтатиш.​

Андижон қирғини юзасидан мустақил терговга изн бериш: 2005 йил 13 майда Андижондаги намойишлар чоғида содир этилган ўлдиришлар юзасидан мустақил, халқаро текширувлар ўтказиш ҳақидаги кўплаб ҳукуматлар тавсияларини тан олиш, Андижон воқеалари юзасидан танқидий текширув ўтказишга изн бериш.

Шавкат Мирзиёев сайловолди кампанияси чоғида ҳукуматнинг ватандошлар ўнгидаги масъулиятини оширишга ваъда берган асосий соҳалар, жумладан иқтисодиёт ва адлия тизимда ислоҳот ўтказиш заруратини эътироф этганди.

Human Rights Watch ўз мактубини Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон президент сайловидан беш кун ўтиб йўллади.

Унда "жиддий чекловлар ва фундаментал инсон ҳақларининг таъминланмагани сайловларни эркин ва адолатли ўтказишга имкон бермагани" таъкидланади.

Human Rights Watch мактуб сўнгида Шавкат Мирзиёевдан ўз ходимларини Ўзбекистонга сафар қилишларига изн беришни сўради.

(Озодлик ушбу хабар тафсилотини ўрганишда давом этмоқда)

XS
SM
MD
LG