Киши ДНКси унинг кўзи ва соч ранги, диабетга чалиниш ёки юқори холестеролга эга бўлиш эҳтимолини белгилайди. Кўпчилик умр узоқлиги ҳам генетикага боғлиқ эканлигига ишонади. Аммо 400 миллиондан ошиқ одамни ўрганган янги изланиш натижаларига кўра, аслида бундай эмас.
Genetics журналида чоп этилган мақолада ёзилишича, умр узоқлиги асосан ҳаёт тарзига боғлиқ бўлиб, ДНКнинг унга бўлган таъсири 10 фоиздан оздир.
Ancestry.com оила тарихи сайти тадқиқотчилари қариш биологиясини ўрганиб келаётган Calico Life Sciences ширкати билан ҳамкорликда генетика ҳамда умр узоқлиги ўртасидаги алоқани ўрганиб чиққан.
Хусусан, улар 439 323 145 нафар шахснинг шажарасини анализ қилганлар. Бундай шажаралар кишининг туғилган куни ва жойи, ўлган куни, оила аъзолари ва қариндошлари каби маълумотларни ўзида жамлайди.
Тадқиқотчилар математик ҳамда статистик ҳисоблар ёрдамида XIX асрда ҳамда XX аср бошида туғилган шахсларни ўрганиб чиқишган. Тадқиқот натижаларига кўра, умр узоқлигининг 20 ёки 30 фоизинигина генлар белгилайди. Жинси бошқа-бошқа бўлган қариндошлар ўртасида бу кўрсаткич 15 фоиз эканлиги аниқланган.
Қизиғи, эр-хотин умри узоқлиги ўхшаш бўлиши аниқланган. Ҳатто жуфтликлар умри узоқлиги ўртасидаги фарқ ака-ука ёки опа-сингиллар ўртасидаги фарқдан ҳам оз бўлиши кузатилган.
Ушбу ҳолат эр-хотин бир хил муҳитда яшаши, ўхшаш яшаш тарзига ҳамда парҳезга амал қилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Олимлар жуфтликлар умри узоқлигининг ўхшаш бўлиши кишининг моддий аҳволи билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин, деган фикрни илгари сурмоқдалар. Уларнинг айтишича, бадавлат шахслар ўзларига мос жуфт излагани учун уларнинг умр узоқлиги мутаносиб бўлади.
Турмуш ўртоғини танлаш омили эътиборга олинганда, генетиканинг умр узоқлигини белгилашдаги роли атиги 7 фоиз эканлиги аниқланган.
Мақола муаллифларидан бири ҳамда Ancestry.com сайтининг етакчи илмий ходими Кэти Болл CNN агентлиги билан суҳбатда “генетик компонент мавжуд бўлса-да, мазкур изланиш ҳаётингиздаги бошқа унсурлар катта таъсирга эга эканлигини кўрсатди”, деди.