Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:35

Тоштурмадан чиққан фермер: Бизни кўриб, ҳатто конвойлар ҳайратда қолди!


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қарийб 54 миллион сўмлик қарзини ёполмагани учун 22 кун Тоштурма қамоқхонасида сақланган оққўрғонлик фермер Эркин Марипов ўзи каби пахтакорларнинг қамоққа ташланишига илк бор гувоҳ бўлганини айтмоқда. Деҳқон фикрича, фермерларни қамоққа ташлашни тўхтатиш, бунинг учун пахтачиликда Мирзиёев ташаббус қилган кластер тизимини давом эттириш, аммо қишлоқ хўжалигида экин экиш сиёсатини ўзгартириш керак.

Айтишича, қийноқлари ва маҳбусларга ноқонуний муносабат билан номи танилган Тоштурмада унга нисбатан босим ёки бирор қийноқ бўлмаган.

Аксинча, ёши катта деҳқонларнинг Тоштурмага тушаётганидан, ҳатто қамоқхона ходимлари ҳам ҳайратини яширмаган.

- Конвойлар ҳам ҳайрон қолиб кетди: "Отахон, нима иш қилгансиз шунчалик, сизни бу ерга олиб келиб тиқиб қўйишибди?" деб. Ранги-рўйим ўғри-муттаҳамга ўхшамайди-да энди (кулади). Фермерман, десам: "Фермерни ҳам қамайдими?" дейишди, - дейди Эркин Марипов.

Марипов 22 кунлик ҳибс давомида Тоштурмага ташланган бошқа фермерлардан ҳам хабар топгани, аммо уларни юзма-юз кўрмаганини айтади.

- Фермерлар бор экан, бир-бирига кўрсатмас экан, алоҳида-алоҳида сақлашаркан... Отахон, отахон, деб ҳурматимни жойига қўйишди, бирор ёмонлик кўрдим, деб айтмайман, - дейди фермер.

Йиғилиб қолган 54 миллион сўмлик қарз эса, Марипов фикрича, сувсизлик ва яна баъзи тушунмовчиликлар туфайли юзага келган.

- Менинг еримга сув яхши бормайди. Буни вақтида ҳамма ташкилотларга айтганман. "Пахта бўлмайди, буғдой экай мен", деб. Ҳаммаси билади... Лекин, 54 миллион сўм қандай йиғилиб қолди - ўзим ҳам тушунмай турибман, - дейди фермер.

Шунингдек, деҳқон шахсан президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Оққўрғон туманида бу йил синалаётган агрокластер тизимига ҳам ўз муносабатини билдирди.​

- Кластер жуда яхши нарса - вақтида ойликни берди, дори-дармонни ҳам вақтида берди. Лекин, сув бўлмаса - ҳеч нарса бўлмас экан-да... Шу ерни деб, қўлимда бор 5-6 сигирим ҳам йўқ бўлди, қамоқда ҳам ўтириб чиқдим, Худо душманимга ҳам кўрсатмасин!.. Аслида ерда ишлаш қийин эмас, фақат экинни тўғри жойга экиш керак - шу, - дейди икки йилдан бери фермерликдан даромад кўрмаганини яширмаган оққўрғонлик деҳқон.

Қуйида фермер билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Тоштурмадан чиққан фермер: Бизни кўриб, ҳатто конвойлар ҳайратда қолди!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:35 0:00
Бевосита линк

54 яшар оққўрғонлик фермер Эркин Марипов жами 53 миллион 948 минг сўмлик кредитини ёполмагани учун Тоштурмага ташлангани ҳақида Озодлик 20 ноябрь куни хабар қилган эди.

29 ноябрь куни Озодликка маълум бўлишича, фермернинг оиласи 18 миллион сўм пулни нақд тўлаб, буни тасдиқловчи ҳужжатни вилоят прокуратурасига тақдим қилгач, 24 ноябрь куни фермерни озод қилишган.

Тошкент вилоят ҳокимиятининг исмини ошкор қилмаган мулозимига кўра, октябрь ойи охиридан ноябрь ойи охирларига қадар Оққўрғон туманида "яна бир неча фермер" пахта режасини бажармагани ва катта миқдордаги қарзини ёполмагани учун ҳибсга олинган.

Аммо, бу йил мамлакатда сув танқислиги кучли бўлгани ва ҳашаротларнинг фавқулодда кўпайгани боис, қишлоқ хўжалиги оғир аҳволда қолгани кузатилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 31 июлида ўтказилган видеоселектор йиғилишида: "Ҳашаротларнинг қишдан чиқиш даражаси 50 фоиз бўлганда фавқулодда ҳолат, деб баҳоланади. Бу йил эса ҳашарот 1,5 баробар кўп. Бундан барча раҳбарлар тегишли хулоса чиқариши, айниқса, фермерлар ўз ҳосили учун масъулиятни кучайтириши шарт”, деб таъкидлади.

Бундан ташқари, қатор вилоятларда сув танқислиги ҳам кузатилди ва оқибатда, пахта йиғим-терими кеч қолгани ва ҳосилнинг оз бўлгани кузатилди.

Озодликка мурожаат қилаётган фермерлар эса, президент Мирзиёев фермерларга ёрдам бериш ҳақида гапириб турган ҳамда пахтачилик ва ғаллачилик жуда оғир келган бир пайтда муаммолар натижасига фақат улар жавобгар қилинаётганидан шикоят қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG