Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:35

Дилором Сайдаминова: Рақсга тушган эронлик қизнинг жазоланиши вахшийликдир!


Моида Хўжабрий
Моида Хўжабрий

Эронда Instagram тармоғига рақс тушаётгани акс этган видеони жойлаган 18 яшар қизга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва ТВда бадном қилинганини таниқли ўзбек бастакори¸ профессор Дилором Сайдаминова Озодлик билан суҳбатда "ваҳшийлик", деб атади. Ўтган ҳафта Эронда рақс тушаётган видеосини Instagram тармоғига жойлаган Моида Хўжабрийнинг ушлангани аëллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳларнинг жиддий танқидига сабаб бўлган эди.

Бу рақс Эрон жамиятини иккига бўлди

Теҳронлик Моида Хўжабрий ғарб мусиқасига рақс тушгани учун ушланиб ТВда тазарру қилишга мажбурланганига норозилик билдирган юзлаб қизлар айни тарзда рақсга тушиб видеосини ижтимоиий тармоқларга қўйишди.

Туркиялик раққоса ҳам норозилик тадбирига қўшилди
Туркиялик раққоса ҳам норозилик тадбирига қўшилди

Шу тариқа улар Эрондаги исломий дресс-код қуюшқонига қарши чиқишди.

Ўзбекистонлик таниқли бастакор¸ консерватория профессори Дилором Сайдаминова эронлик қизни “ваҳшийлик қурбони” деб атади:

- Нима қипти шу қизалоқ уйида рақсга тушса?! Бир чиройли қобилияти бор экан. Эрондаги мутаассибларнинг бу қизни ушлаб икки кун қамаб кейин телевизорда бадном қилгани ваҳшийликдир. Мен бир санъаткор¸ она ва оддий инсон сифатида бу ваҳшийликни қоралайман. Бундай ваҳшийлик яқин ўтмишимизда Ўзбекистонда ҳам бўлган. Нурхон каби санъаткор бўлишни истаган ëш ниҳолларни мутаассиб муллалар қатл қилган. Аммо жамиятимизда маърифат юксалгани учун бунга барҳам берилди. Бугунги Ўзбекистон дунëвий ва демократик йўлдан бормоқда. Рақс ҳам, балет ҳам, опера ҳам халқ эъзозида¸ деди суҳбатдош.

Ўзбекистонда ҳам "ғарбга тақлид" қораланади

Тошкентда кордебалет гуруҳига бошчилик қилаëтган 21 яшар Нигина Жабборова эронлик раққоса қизнинг куни¸ ўзбек раққосаларининг ҳам бошига тушишидан ҳавотири борлигини Озодлик билан суҳбатда яширмади:

- Моида Хўжабрийни Ғарб рақсига тушганликда айблашди. Бизнинг кордебалет гуруҳимизга ҳам бир неча марта шундай ëрлиқ ëпиштиришди. Тўйларда маҳалла оқсоқоллари булар қатнашмасин деб бизни чиқариб юборган пайти ҳам бўлди. Рақсга тушган аëлнинг бетонкада танасини сотаëтган аëлдан фарқи йўқ деган нотўғри тушунча шаклланган. Мен ўз труппам билан бугун оқшом Тошкентдаги ресторанда Моида Хўжабрийни қўллаб-қувватлаб¸ рақсга тушаман¸ деди Нигина Жабборова.

"Неожадид" блогер нимадан ҳавотирда?

Ўзбекистонлик блогер Сардор Салим ўзининг facebookдаги саҳифасида Моида Хўжабрий рақсга тушган видео ва ўз изоҳини жойлаштирди.

“Видеодаги эронлик қиз ўз уйида рақсга тушиб, Инстаграмга қўйгани учун икки йилга озодликдан маҳрум этилди. (Моида Хўжабрий устидан тергов кетмоқда, у судгача гаров пули эвазига қамоқдан чиқарилган -таҳр.) Эрон халқининг «маънавият ва маърифатига» зид эмиш. Энди савол...

Сир эмас, баъзи секуляр қатлам вакиллари орасида Ўзбекистонда динга «отриқча» эркинлик берилса, диндорлар бора-бора дунёвий қатламга айнан шундай зўравонлик ўтказади деган ҳадик мавжуд. Ҳижоб ва ҳоказо диндорликнинг ташқи кўринишга тазйиқ ҳам шундан.

«Улар динни тушунмайдида», "исломофоб" каби бесамар гаплардан бошқа, диндорларимизда мана шу ҳадикни кетказадиган конструктив мулоҳазалар борми?

Ёки, саволни бошқача қўйсак... диндорларимизнинг «орзу қилган келажаги» ҳақида тасаввур нималардан иборат?” дея савол қўяди блогер.

Саллали диктатор шарпаси

Биз блогер саволини таниқли санъатшунос олим Барис Чуховичга бердик.

Чухович “ўзбек жамиятида санъатга қарши чиқаëтган клерикал гуруҳлар таҳдиди мавжудлигини айтади:

- Фундаментализм ўзбек санъатига таҳдид солмоқдами, деган саволни¸ фундаментализм ўзбек сиëсатига хавф солмоқдами деб ўзгартирган бўлардим. Жамиятда мусулмонлар қатлами бор. Улардан бир қисми радикаллашаган. Радикаллашган қатламнинг қўли эхтимолий шароитларда баланд келиб қолиши мумкин. Хозир радикаллар иқтидорга келиши аломатлари йўқ¸ лекин бу аломатлар бирдан пайдо бўлиши мумкин. Агар салла кийган диктатор мамлакат раҳбарлигига келса рақс ва қўшиқларни тақиқлаш¸ паранжи кийдириш бўйича лойиҳаларни илгарига суришни истаган мулозимлар навбатга тизлишига ишонаман¸ дейди мунаққид.

Мунаққиднинг бу "прогнози"га Озодликда жавоб берган блогер Сардор Салим бу масалада икки вариант борлигини айтади:

- Воқеалар ривожининг икки варианти бор, фикримча. Элита ва диндорлар ақлини йиғиб олиб, мулоқот ва муроса қилса, икки томонга ҳам маъқул келувчи келажак қуриш имконияти бор. Ҳозиргидек давом этса, сиз айтган вариант ҳам имконсиз эмас. Эронда теократик режим ҳам шохнинг муросасизилиги натижасида вужудга келганку, - дейди блогер.

XS
SM
MD
LG