Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:32

“Халқ сўзи” Ҳамзани яна тошбўрон қилди


Ҳамза ҳақидаги бу карикатурани мақола муаллифи Шуҳрат Бобожон чизган
Ҳамза ҳақидаги бу карикатурани мақола муаллифи Шуҳрат Бобожон чизган

Жорий ҳафтада “Халқ сўзи” газетаси Тошкентдаги Ҳамза тумани номини ўзгартириш таклиф қилинган мақолани чоп қилди. Профессор Муҳаммад Қуронов қаламига оид ушбу мақолада адиб, маърифатчи ва драматург Ҳамза тимсолининг шўро тарихчилари томонидан сохта доҳийга айлантирилгани даъво қилинди.

Педагогика фанлар номзоди, профессор Муҳаммад Қуронов ёзган мақола “Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш – муҳим маънавий вазифа”, деб номланади.

Муаллифга кўра, шўро даврида нашр қилинган тадқиқотларда Ҳамза ҳақида рост гапдан кўра, ёлғон ва уйдирма кўп.

Мақолада Муҳаммад Қуронов мустақиллик йилларида Тошкент шаҳрида советларга оид номларнинг ўчирилиб, юзлаб топономик номлар қайта тикланганини олқишлайди.

“Халқ сўзи” Ҳамзани яна тошбўрон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:35 0:00
Бевосита линк

Бу мантиқдан келиб чиққан Қуронов Ҳамза тумани номини ҳам ўзгартириш вақти келганини таъкидлайди:

"Ҳамза ҳақида том-том китоблар ва фильмлар ишлашнинг ортида узоқни кўзлаган ғаразли мақсадлар ётган. Яъни, бундай сиёсат замирида “Маҳаллий халқлардан чиққан ёзувчи, зиёли инсон социализмга, Кремль юлдузларига мана шундай садоқат билан хизмат қилиши керак”, деган маккорона бир ғоя борлигини, ўйлаймизки, тушуниш қийин эмас”, дейди Муҳаммаджон Қуронов.

Олий Мажлис ҳамда Вазирлар Маҳкамаси нашри бўлган “Халқ сўзи” газетасидаги мақолада Ҳамза шахсияти ва унинг хизматлари шубҳа остига олинади.

Мақолага кўра, совет даврида чоп этилган китоблардан Ҳамза шахси ҳақида ҳақиқатдан кўра ёлғон кўпроқ ёзилган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Ҳамзага бўлган эътибор сусайгани кузатилди. Тошкентдаги академик театрдан Ҳамза номи олиб ташланди. Маданият соҳасидаги Ҳамза мукофоти бекор қилинди. Адабиëтшунослик асарларидан ҳам “Ҳамза ўзбек адабиëти асосчиси" деган жумла бадарға қилинди.

Таниқли шоир ва ёзувчи, драматург ва маърифатпарвар Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий хотирасини унуттириш ташаббуси ўзбек зиëлилари орасида мунозара келтириб чиқарди.

Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, профессор Рауф Қўзиевнинг айтишича, Ҳамза меросини унутиш мумкин эмас:

Ҳамза образи ўзбек киносида акс этган
Ҳамза образи ўзбек киносида акс этган

​- Ҳамза Ҳакимзода Ниëзий ҳеч қандай муболағасиз катта иқтидор эгаси ва катта ижодкор булган. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. У ўз даврининг илғор фикрловчи маърифатпарварлари қаторида мустаҳкам туради. Жадидлар ичида ҳам анча фаол эди. Агар у фожеали ҳалок бўлмаганида эди, советлар уни ҳам шубҳасиз қатл этган бўларди. "Абдулла Авлоний 1934 йилда ўз вафоти билан ўлиб, 37-йиллардаги жаллодлардан қутулган", дея циничный "ҳазил" килганди манга бир "погонли". Ўзбек театрининг туғилиши, сайëр труппалар ташкил этилиши, илк сценарийлар, сценография мактабининг дастлабки куртаклари, рақс санъатининг оммалаштирилиши ва ҳоказолар, Ҳамзанинг жасоратисиз у даврларда асло рўëбга чиқмас эди, - деб таъкидлайди профессор Қўзиев.

Совет ўтмиши билан "пўм чиққан" режим

Совет даври арбобларини унуттириш тадбирлари Ўзбекистонда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билангина чекланмагани кузатилади.

Ўзбекистонда генерал Собир Раҳимов номи ва ҳайкалларидан воз кечилгани ҳамда халқлар дўстлиги рамзи ҳисобланган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ҳайкали шаҳар ташқарисига бадарға қилингани бунинг далилидай туюлади.

Ўзбекистонлик сиëсатшунос Мирза Анвар Ҳамидов собиқ СССР замонини қўмсаш ҳисси пайдо бўлмаслиги мақсадида қилинаëтган бу сиëсий тадбирларни қоралайди:

- Ҳамзанинг ҳам, Собир Раҳимовнинг ҳам, Горький, Охунбобоев, Акмал Икромовларнинг ҳам номларини олиб ташлаш, биринчидан шарт эмас эди, иккинчидан, умуман керак эмас эди. Уларнинг номи бизнинг тарихимиздан ўрнини олиб улгурган, керак бўлса, топономик номга айланиб улгурган эди. Учинчидан, номни ўзгартириш орқасидан молиявий сарф-ҳаражатлар келиб чиқишини ҳам ҳисобга олиш керак. Қирғизистонда ҳалигача Москва, Кремль, Крупская, Панфиловк каби номлар сақланиб турибди. Ҳатто, Лениннинг ҳайкаллари ҳам олиб ташланмаган. Ном ўзгартириш, ҳайкалларни олиб ташлаш, у ёқдан бу ёққа саргардон қилиш - бу каримовча тентакона сиёсатнинг энг хунук кўриниши, - деб таъкидлайди сиëсатшунос.

Ўзбекистонлик журналист Хосият Бекмирзаева собиқ совет даври меросига муносабатни немислардан ўрганиш керак, деб ҳисоблайди:

- Берлинда Рейхстагда кўрган бўлсангиз керак, рус солдатларининг ёзувиям шундай ҳолича сақланиб турибди. Ҳар қандай тарих, тарихий шахс ҳадеб замонга мосланмай борича сақланиши керак, менимча. Ҳамза хоҳласак-хоҳламасак, ўзбек адабиётининг шаклланишида асосий роль ўйнаган. Чунки ундан аввал "шарқ адабиёти" ёки "туркий адабиёт" дейилган бўлса, жадидлардан кейин "ўзбек адабиёти" атамаси қўлланила бошлаган. Ўша замоннинг энг зўр одами мен учун Ҳамза. Ҳозирги маориф системасини ҳам шаклланишида унинг хизмати катта. Ўша пайтларда маориф системаси расво эди, ўқитиш системасининг ўзи йўқ эди. Лекин Ҳамзанинг адабий мероси замонга тўғри келмай қолган бўлиши мумкин, - дейди журналист Хосият Бекмирзаева.

Ҳужумкор Ҳамзанинг ўзи ҳужумга учради

Ҳамзанинг ислом динига қарши бўлгани, аëллар юзидан чимматни олдиргани баъзи олимлар тарафидан уни бугунги кун нуқтаи назаридан қоралаш ичун асос сифатида кўрилади.

Яна бошқа манбалар эса Ҳамзанинг чор мустабиди Романовга бағишлаб қасида ëзганликда айблашади.

Ҳамза ижодини чуқур ўрганган шоир Ëдгор Обид эса бошқача фикрда:

- Ҳамзанинг ҳаёти ҳам, ижоди ҳам ҳали етарли даражада ўрганилган эмас. Лекин қўлимизда борларининг ўзи унинг тарихий ўрни борлигига далил бўла олади. Шоир сифатида ҳам... Баъзи мутаассиблар айтгандай, Ҳамза кофир эмас ва кофирларга хизмат ҳам қилган эмас. Мураккаблаштириб юборишди ҳаммасини. Унинг номини ўчириб юришлари мумкин. Лекин адабиётдан ҳам, тарихдан ҳам факт сифатида ўчиришнинг имкони йўқ, - дейди Ëдгор Обид.

Шоирнинг бу гапини мантиқан давом эттирган профессор Рауф Қўзиев ҳам Ҳамзани тарихдан ўчириш имконсиз, деб билади:

- Маданиятпарвар, маърифатпарварлиги билан у эски тузумда роҳатда яшаб келганларнинг ғазабини келтиргани унинг ҳаëтини хавфга қўйган. У ўзи билган, танлаган йули, принципларига садоқатли бўлган, унда мардлик ва жасорат устун бўлган. Уни инқилобга хизмат қилган деб тамғалаш, номини, хизматларини, ўзбек, умуман Туркистон ўлкасида миллий театр санъатини шаклантириш ва оёққа қўйишдаги катта ҳиссасини инкор этиш билан уни тарихдаги ўчиришнинг ҳеч иложи йўқ. У инқилобга эмас, қолоқлиги туфайли доим кимларгадир малай бўлиб келган халқини ҳеч кимдан кам бўлмаган зиëли, маданиятли, билимли, илғор қилиш йўлига ўз умрини бағишлади. "Ҳамза унақа эди, бунақа эди, бузуқ эди, шунинг учун уни халқ тошбўрон қилди" деган афсоналар юрарди. Шу афсонани энг ашаддий тарғиботчиси бўлган мактабимиздаги бир ўқитувчимизнинг ўзини саккизинчи синфдаги қизни ҳомиладор қилиб қўйгани учун ишдан ҳайдашган эди. "А судьи сами то кто?" дейишади руслар, - дейди суҳбатдош.

Тошбўрон бўлган Ҳамза

Янги давр ўзбек адабиёти яловбардорларидан бири, етук шоир ва бастакор, драматург ва режиссëр, маърифатчи ва матбаачи, публицист ва жамоат арбоби Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1889 йилнинг 7 мартида Қўқон шаҳрида табиб оиласида туғилди.

Мадраса толиби бўлган Ҳамза шеърият баробарида жадид ғоялари билан қизиқди. Ҳаж ибодатини адо қилди.

Ҳамза 1929 йил 18 март куни Шоҳимардонда оломон тарафидан тошбўрон қилиб ўлдирилди.

1926 йилнинг 27 февралида унга «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвони берилган.

Ҳамза асарлари жаҳон халқлари тилларига таржима бўлган ва нашр этилган.

XS
SM
MD
LG