Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:40

Электрон чиқинди муаммоси тобора долзарб аҳамият касб этмоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ташлаб юборилган электрон жиҳозлардан иборат чиқиндининг иқтисод ва атроф-муҳитга солаётган таҳдиди ўсиб бормоқда. Турли ҳисобларга кўра, электрон чиқиндилар вазни шу кунгача қурилган барча тижорий самолётлардан оғир келади. Уларнинг қиймати эса аксар давлатларнинг ЯИМидан юқоридир.

Йилига жаҳон бўйлаб 50 миллион тонна э-чиқинди ташланади. Ташлаб юборилган смартфонлар, компьютерлар ҳамда уй-рўзғор жиҳозлари қиймати тахминан 62,5 миллиард доллар экани айтилади.

Ташлаб юборилган электрон чиқиндининг озгина қисмигина қайта ишланади. Аслида эса бундай ташландиқлар таркибида қайта ишлатиш мумкин бўлган металлар ҳамда нодир элементлар ҳам бор.

Жорий ҳафтада Давос шаҳрига тўпланган БМТ, Дунё иқтисодий форуми ҳамда Дунё барқарор ривожланиш бизнес кенгаши ходимлари электрон чиқиндига қарши курашиш бўйича илк глобал ташаббусни ўртага ташлашди.

Бирлашган миллатлар университети дастур директори Рюдигер Кюр:

- 2050 йилгача аҳвол ўзгармаса, йилига 120 миллион тонна э-чиқинди чиқарилади, - деди.

Ҳозирги кунда электрон жиҳозларнинг атиги 20 фоизи қайта ишланади. Миллионлаб тонна жиҳоз ахлатхонага ташланади, металл чиқиндиларга аралаштириб юборилади ёки камбағал давлатларга ноқонуний тарзда сотилади.

2016 йилнинг ўзида 435 минг тонна телефон ахлатга ташланган.

Кюрнинг айтишича, электрон чиқиндини тўплаш учун яхшироқ тармоқларни йўлга қўйиш ҳамда фойдаланувчиларга ўз жиҳозларини қаерга ташлаш ҳақида маълумот бериш яхши натижаларга олиб келиши мумкин.

Замонавий смартфонларда ўртача 60 элементдан фойдаланилган. Уларнинг аксари металлар бўлиб, улар электрон жиҳозларни ишлатувчи ширкатлар учун ўта зарурдир.

Батареяларда фойдаланилган нодир материаллар ҳамда камера линзаларини қазиб олиш тобора қимматга тушмоқда. Бундан ташқари, бир тонна мобил телефон ичида бир тонна олтин рудасидан кўра кўпроқ олтин бор. Кюр айни дамда рудаларни қазиб олиш нисбатан арзон бўлгани учун ишлаб чиқарувчилар электрон чиқиндини қайта ишламаётганини айтди.

Электрон чиқинди инсон соғлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ахлатхонага ташланадиган қаттиқ чиқиндининг атиги 2 фоизи электрон жиҳозлар бўлгани билан, улар ташлаб юборилган хавфли материалларнинг 70 фоизини ташкил қилади.

Покистон ва Нигерия каби ривожланаётган давлатлар эса электрон чиқиндини сотиб олади. Бунинг ортидан маҳаллий ишбилармонлар чиқиндини саралаб, сотиш мумкин бўлган жиҳозларни ажратади. Бу эса уларнинг соғлиғини хавф остига қўяди.

XS
SM
MD
LG