Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:41

ДХХ ҳануз қудратли, ҳурфикрлилик йўқ - HRW Ўзбекистонда авторитар тузум сақланиб қолаётганини танқид қилди


Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қилмоқда - 29 декабрь, 2020
Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қилмоқда - 29 декабрь, 2020

Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ўтказилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга қарамасдан, сиёсий тузум "асосан, авторитарлигича қолмоқда".

Бу ҳақда ташкилотнинг 2020 йилда дунёдаги инсон ҳуқуқларининг аҳволига бағишланган ҳисоботида айтилади.

Унда, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид янги қонунчилик ташаббуслари олқишланган бўлса-да, президент айтган ислоҳотлару қонуний ўзгаришлар ваъдалигича қолаётгани таъкидланган.

Пандемия йилида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги чеклангани, журналист ва жамоатчилик фаоллари босим остида қолгани, Озодлик радиоси сайти ҳануз блоклангани ҳам алоҳида хавотир уйғотган жиҳатлардан.

Халқаро майдонда эса, сайловда ютқазган президент Дональд Трамп сиёсати АҚШ ҳамда дунё давлатларидаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун "фалокат бўлди", дея баҳоланган.

Авторитар режим

Human Rights Watch (HRW) ташкилот ҳисоботининг илк сатрларидаёқ Ўзбекистондаги бугунги сиёсий режимга "асосан авторитарлигича қолмоқда" дея баҳо берилади.

"Ўзбекистондаги бугунги сиёсий режим асосан авторитарлигича қолмоқда"

“Кўплаб ислоҳот ваъдалари ҳануз бажарилмади. Минглаб одам, асосан мўътадил диндорлар, қамоқхоналарда сохта айбловлар билан сақланмоқда. МХХ (ҳозирда ДХХ-таҳр.) кескин танқидчиларни қўлга олишда ҳануз катта қудратга эга ва мамлакатда том маънодаги ҳурфикрлилик йўқ”, дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, 2019 - 2020 йил давомида ҳам, қамоқларда маҳкумларга нисбатан қийноқ ва зўравонлик қўллангани, журналист ва фаоллар таъқибга олингани, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари расман рўйхатга олинмагани, мажбурий меҳнатга ҳам барҳам берилмаганига оид ҳолатлар қайд этилган.

Парламент сайлови

HRW ҳисоботи бошида 2019 йилнинг 22 декабрида ўтган парламент сайловларига алоҳида тўхталган.

Сайловнинг “нисбатан яхшиланган қонунчилик ва мустақил овозларга нисбатан тоқатлилик билан” ўтгани, аммо ҳануз асл рақобат муҳитининг етишмаслиги ҳамда сайлов талабларига тўлиқ риоя қилинмагани айтилади.

“Рўйхатга олинган 5 партиянинг барчаси ҳозирги ҳукумат маъмуриятига мойил кўрилади ва сайловга айнан ўшалар қўйилган. Бироқ бирорта мухолиф партия ёки мустақил номзод сайловга қўйилмади”, дейилади ҳисоботда.

Озодлик бу сайловларга бағишланган махсус дастур ҳозирлаган ва дастурда иштирок этган сиёсий таҳлилчи ҳамда фаоллар, HRW йиллик ҳисоботида қайд этилган муаммоларни алоҳида санаган эди.


Сиёсий маҳбуслар ва реабилитация


HRW ҳисоботида 2016 йилнинг сентябри – Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён – 50 дан ортиқ сиёсий мотивдаги айбловлар билан қамалган маҳбус, хусусан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналист ва мухолифат вакилларининг озод этилгани олқишланган.

Шунингдек, юзлаб диндор маҳкумлар озод этилгани келтирилган, аммо кўплаб собиқ маҳкумлар ҳануз реабилитация қилинишини кутаётгани айтилган.

Жумладан, ўтган йил августида навоийшунос олим Акром Маликов ва Рустам Абдуманноповлар, мустақил диндор, дея таърифланган Руҳиддин Фахрутдинов, мустақил ҳуқуқ фаоли сифатида таърифланган Искандар Худойберганов, ноҳақ айблов билан 10 йил қамоқда ўтиргани суд қарори билан тан олинган ҳуқуқ ҳимоячиси Чўян Маматқуловларнинг номи саналган.

АҚШ Конгрессининг Инсон ҳуқуқлари бўйича эксперти, муқаддам HRWнинг Ўзбекистондаги вакили бўлган Стив Свердлоунинг фикрича, Ўзбекистонда марҳум президент Ислом Каримов давридан бери сақланиб келган чекловларнинг туб моҳияти ҳануз ўзгаргани йўқ:

- Ўзбекистон қонунчилигидаги чекловлар ҳануз жуда жиддий. Шунингдек, Ўзбекистон қамоқ ва ҳибсхоналарида ҳануз диний эътиқоди учун қамалган, қийноққа тутилган маҳбуслар кўпчиликни ташкил қилади. Бу инсонлар тақдири билан боғлиқ кўплаб ҳал қилинмаган масалалар бор. Эҳтимол, бундай маҳбуслар сони ҳануз минглабни ташкил қилар.

Стив Свердлоунинг қайд этишича, Ўзбекистонда ҳануз бир гуруҳ одамни диний мотивдаги айбловлар билан қўлга олиш ёки судлаш жараёнлари ёпиқ ҳолда давом этмоқда, аммо бундай амалиёт кўлами анча торайган.

Жосуслик ишлари


Шунингдек, бу ҳисоботда 2016 йилдан буён Ўзбекистон махсус хизматлари томондан жосусликда айбланиб, қамоққа ташланган яна бир тоифа маҳкумлар алоҳида хавотир билан қайд этилади.

"Ўзбекистон махсус хизматлари, 2018 йилда бу тузилма ваколатини қисқартириш қарорига қарамасдан, жуда катта қудратни сақлаб қолди, бу қудратни ҳукуматнинг танқидчиси кўрилган шахсларни таъқиб қилиш ва қўлга олишда қўллашда давом этди. Улар ҳукумат душмани кўрилган шахсларни қўлга олиш ва уларни давлатга хиёнат қилиш каби айбловлар билан айблашда давом этди", дейилади ҳисоботда жумладан.

Булар собиқ дипломат Қодир Юсупов, Мудофаа вазирлиги нашрида ишлаган журналист Владимир Калошин, ҳарбий зобитлар Равшан Қосимов ҳамда Алишер Очилдиевлардир.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 157-моддаси билан бошқа давлат фойдасига жосусликда айбланганлар сони эса мамлакатда 11 нафарга етди. Уларнинг асосий қисми президент Ш. Мирзиёев даврида озодликдан маҳрум этилди.

Ҳисоботда бу шахслар устдан суд мажлисларининг ёпиқ ўтгани, қамоққа ташлангач, уларнинг яқинларига кўрсатилмагани ва тегишли тартибда тиббий ёрдам олмаётгани ҳақида оиласи ҳамда адвокатларининг шикоятлари тилга олинган.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов фикрича, президент Мирзиёев даврида кузатилган "шпионлик ишлари" икки ҳолат билан боғлиқ:

- Биринчиси, Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилиши билан унинг ходимларида, бу хизмат ҳамда ўзларининг мамлакатга кераклигини тасдиқлашга ундовчи мотив пайдо бўлди. Ишнинг уйдирилганини яшириш эса қийинмас, чунки бунақа ишлар бўйича суд ва тергов жамоатчилик учун ёпиқ бўлади. Махфийлик, деган баҳона билан исталган мантиқсизлик, исталган нопрофессионал ишни яшириш мумкин. Бундан ташқари, бунақа кичкина фигураларни орқасида қўллайдиган куч ҳам йўқ. Терговчилар юқори лавозимдаги шахсларга тегиниб кетишдан ўзини жуда эҳтиёт қилишади. Иккинчи сабаб эса, бу хизматнинг коррупциялашганидир.

Қийноқлар масаласи


HRW ҳисоботида 2019 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этгани ижобий қадам сифатида келтирилган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг майида Ўзбекистон ҳукумати, қийноқ даъволарига оид терговлар ҳамда қийноқ қурбонларини реабилитация қилиш каби масалаларни кўриб чиқадиган Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси тузиш режасини эълон қилгани ҳам эслатилган.

Озодлик ўтган йил давомида қийноқ қўллангани ва бу ҳолатлар Ўзбекистон ИИВ томонидан тан олинганига оид ҳолатларни ёритиб борди.

Ўтган йилда ҳибсхона ёки қамоқда қийноқ қўлланганига оид ҳолатларни маҳаллий интернет нашлари ҳам ёритгани ва уларнинг мурожаатларига ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийлари жавоб беришга урингани қайд этилди.

Аммо HRW ҳисоботида, Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясига оид Факультатив протоколни ҳануз ратификация қилмагани айтилган.

Ушбу протоколни имзолаган давлатлар, мустақил халқаро институтларга қамоқхона ва ҳибсхоналарга кириш ҳамда вазиятни мустақил ўрганиши учун рухсат бериши керак бўлади. Ўзбекистонда эса қамоқхоналар ҳануз мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари учун ёпиқлигича қолмоқда.

Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилган.

Covid-19 чекловлари

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 15 мартида коронавирусга чалинган илк бемор аниқлангач, мамлакат раҳбарияти вирус ёйилиши олдини олишга қаратилган кенг чора-тадбирлар дастурини қўллади.

HRW ҳисоботида бу тадбирлар орасида, Covid-19 тарқалишига оид ёлғон ахборот учун жазо жорий этилиши ва бу жазонинг мамлакат қонунчилигига киритилгани танқид қилинган.

Ўзбекистонда пандемия бошидаёқ 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Маъмурий жавобгарлик кодексига “Ёлғон маълумотлар тарқатиш” тўғрисидаги 189-2-модда қўшилди.

Унда оммавий ахборот воситалари ёки интернет орқали "ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни била туриб тарқатиш" тақиқланди ва бунинг учун "фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача, мансабдор шахсларга эса қирқ бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима” белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, яъни 257-1-моддасида қайд этилган жиноятни содир этганлик учун БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори - таҳр.) нинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш назарда тутилган.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, яъни 54-моддасида қайд этилган ҳуқуқбузарликни содир этганлик ҳолати бўйича — фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Бундан ташқари ҳисоботда, пандемия пайтида онлайн таълимга ўтказилган 8 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчисини сифатли таълим билан таъминлашда муаммолар бўлгани, БМТ агентликлари ҳукуматни мактабларда тоза сув ва санитария воситалари таъминоти муаммоларини ҳал қилишга чақиргани қайд этилган.

Шунингдек, карантин марказларида ва ковид шифохоналарида мобил телефон ва бошқа алоқа воситаларининг олиб қўйилиши нотўғри бўлгани айтилади.

Озодликка бу борада кўплаб шикоятлар келган ва пандемия чекловлари амал қилган даврда Озодлик, бугунги ҳисоботда қайд этилган муаммоларни муттасил ёритиб борди.

Матбуот эркинлиги


HRW ҳисоботида, 2020 йилда медиа фаоллик ошгани, аммо шунга қарамасдан ахборот воситалари ҳукумат йўриғидан четга чиқолмагани таъкидланган.

Ўзбекистондаги ахборот воситаларининг асосий қисми ҳануз давлат назоратида экани, ички цензура кучлилиги, эркин ёзган журналистлар эса ҳануз таъқибга учраб, баъзан ҳибсга олиниши қайд этилган.

“2019 йилнинг декабрида Ўзбекистонда аввал тақиқланган вебресурслар, жумладан Buzzfeed, SoundCloud мусқий платформаси, Wayback Machine интернет архивига қўйилган блок олиб ташланди. Аммо айни вақтда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ресурслар, шу жумладан, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари, Инсон ҳуқуқлари халқаро ҳамкорлиги, Норвегиядаги Хелсинки қўмитаси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми ҳамда Озодлик радиоси сайти ёпиқ турди”, дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда ўзбекистонлик мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевга нисбатан илгари сурилган айблов, унинг Қирғизистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳам алоҳида эслатилган.

23 октябрь куни Ўзбекистон ДХХ журналистга нисбатан очилган жиноят иши ёпилгани ва унинг ҳаракатланишига қўйилган чеклов олиб ташланганини маълум қилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Жинсий озчилик ва гендер тенглик

HRW ҳисоботида 2020 йил давомида ҳам гейлар, лесбиянлар, бисексуал ва трансгендерлар таъқибда бўлгани, уларнинг жамиятдаги “чуқур гомофобия” ҳамда дискриминация қурбони бўлиб қолгани тилга олинган.

Аёллар ҳуқуқлари борасида эса, мажбурий ва эрта никоҳ, оилада зўравонлик ва бундай зўравонликка учраган аёллар ҳимоясининг заифлиги жиддий муаммолар сирасида санаб ўтилади.

“Оилада зўравонликка оид хабарларнинг Covid-19 пандемияси боис эълон қилинган карантин пайтида ошгани кузатилди”, дейилади ҳисоботда.

Мажбурий меҳнат

2020 йил давомида Ўзбекистонда мажбурий меҳнат амалиёти кузатилгани, ҳатто болалар меҳнати аввалги йилдан кўпроқ қайд этилгани келтирилган.

Жумладан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Ўзбек форуми"нинг, 15 сентябрдан бошланган пахта теримида ёш болаларнинг ўтган йилгидан кўпроқ жалб этилиши кузатилгани, афтидан, “мактаблар карантинга ёпилгач, болалар оила даромадини оширишда ёрдам бериши учун далага олиб чиқилган”, деган хулосаси келтирилган.

“Ўзбекистон пахта саноатида болалар меҳнатини тугатиш учун жуда жиддий ҳаракат қилди, бироқ бу соҳада фуқаролар мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳануз кенг кўламда давом этмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Халқаро Меҳнат ташкилотининг қайд этишича, 2019 йилда бу ташкилот Ўзбекистонда пахта теримига мажбурлашга оид 102 мингта ҳолатни аниқлаган.

Озодлик 2020 йил пахта кампанияси даврида мажбурий меҳнатга оид, Ўзбекистонда кузатилган ўнлаб ҳолатни ёритди.

XS
SM
MD
LG