Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:51

Масофавий таълим: Фарзандини интернет билан таъминламаган ота-она жазоланиши мумкин


Онлайн дарс олаётган ўқувчи (сурат Халқ таълими вазирлиги сайтидан олинди)
Онлайн дарс олаётган ўқувчи (сурат Халқ таълими вазирлиги сайтидан олинди)

Онлайн мактаб тизимида боласини ўқитаётган ота-оналардан болаларини масофавий таълим учун зарур шароит - Интернет алоқаси, компьютер ёки мобил телефон билан таъминлаш талаб қилинмоқда.

Озодликка келган ҳужжат - 8 та давлат идораси томонидан қабул қилинган қарор ва унга тиркалган иловада мажбуриятларини бажармаган ота-оналар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси билан (жарима) жазоланиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.

Раҳбарлари ҳужжатга имзо чеккан вазирлик ва идоралар бу борада бирор расмий изоҳ бермади, айни пайтда инкор ҳам қилганлари йўқ.

Озодлик уларга йўллаган саволларига жавоб кутмоқда.

Аммо ушбу идораларнинг қуйи бўғинларида ишлайдиган ходимларга кўра, қўшма қарор жамоатчиликка очиқланмаган, балки вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлар ҳамда мактаб директорларига тарқатилган.

Бу ҳужжат ҳақида Озодликка ўз муносабатини билдирган ота-оналар ва мактаб ўқитувчилари уни бажариш имконсиз бўлган мантиқсиз талаб, дея баҳолашмоқда.

Қўшма қарор

8 та давлат идораси раҳбарлари томонидан қабул қилингани акс этган ҳужжат нусхасини, Озодликнинг Халқ таълими вазирлиги тизимида ишлайдиган манбаси 22 сентябрь куни йўллади.

Қўшма қарор нусхаси
Қўшма қарор нусхаси

Шу йилнинг 29 августида имзоланган ҳужжат "COVID-19 пандемияси даврида 2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш тўғрисида" деб номланган.

Ҳужжатда Халқ таълими вазири, Мактабгача таълим вазири, Соғлиқни сақлаш вазири, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, Ички ишлар вазири, Фавқулодда вазиятлар вазири, Миллий гвардия ва Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарларининг исм-шарифи ва имзоларини кўриш мумкин.

Қарорда 2020-2021 ўқув йилида мактабларда ўқиш жараёнини, COVID-19 пандемияси даври талабларига мос шаклда, ташкил қилиш тартиб-қоидалари ва бу тартибни сақлаш чоралари белгиланган.

Мактаб ва ота-онага қўйилган талаб

Қўшма қарор нусхаси
Қўшма қарор нусхаси

Ҳужжатда мактаблардаги ўқиш, ота-оналарнинг ҳоҳишига кўра анаъанавий, онлайн ёки аралаш шаклда олиб борилиши айтилган.

Ҳужжат мазмунига кўра, фарзандини уйида - масофавий таълим тизимида ўқитадиган ота-оналар - бунинг учун зарур шароитни яратиб бериши лозим.

Ҳужжатда қайд этилишича, маҳалла органлари уйма-уй юриб, ўқувчиларнинг уйда қандай дарс олаётганини ўрганиши, назорат қилиши, натижани мактаб раҳбариятига билдириши лозим:

Қўшма қарор нусхаси
Қўшма қарор нусхаси

"фуқаролар йиғини раислари уй шароитида масофавий таълим олаётган вояга етмаганлар ота-оналарга бериладиган тавсиялар тўгрисидаги 2-иловага мувофиқ эслатма варақасини тарқатади".

"Эслатма варақаси"да масофавий таълим учун уйда зарур шароит - YouTube, Телеграм, Facebook ижтимоий алоқа воситалари орқали онлайн дарс олиш ва бунинг учун Интернет алоқасига уланиш ва боланинг мобил телефон орқали синф раҳбари билан боғланиш имкониятини яратиб бериш ота-оналар зиммасида экани айтилган.

Қўшма қарорга тиркалган 2-илова
Қўшма қарорга тиркалган 2-илова

Эслатмада юқоридаги талаблар бажарилмагани тақдирда, болалар анъанавий таълимга жалб этилиши, мажбуриятини бажармаган ота-оналар эса Маъмурий жавобгарлик кодексининг 47-моддасига биноан (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик - таҳр.) жазоланишидан огоҳлантирилган.

Ушбу моддада "базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима ёки такрор содир этилгани тақдирда, 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган.

Ҳужжат очиқ манбаларда эълон қилинмади

Озодлик ҳозирча ушбу ҳужжатни бирор очиқ манбада учратмади.

Навоий, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларидаги бир неча ўқитувчи ҳамда мактаб раҳбарларининг айтишича, ҳужжат мактаб директорлари, 8 та давлат идораси қуйи бўғинлари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига тарқатилган.

Жумладан, Навоий вилояти Халқ таълими тизимида ишлайдиган ходимнинг Озодликка айтишича, ҳужжат бу вилоятдаги мактаб директорларига Телеграм каналларида тарқатилган.

"Мактаб директорлари маҳаллалар билан бирга иш олиб боряпти бу бўйича. Масофавий таълимдаги болаларнинг кунлик давомати, уйга вазифаларни бажариши Kundalik.com сайти орқали тўлиқ назоратга олинган. Биз шаҳар жойдамиз, Интернет алоқа яхши, шунинг учун ҳозирча давомат яхши. Лекин, қишлоқлардаги вазиятни билмадим тўғриси", деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозима.

Тошкент шаҳридаги ҳукумат идораларидан бирида ишлайдиган мулозим ҳам бу қўшма қарор матни жамоатчиликка ошкор қилинмагани, қуйи бўғинларга ижро учун берилганини айтди. Бу мулозимга кўра, ота-оналарга мўджалланган "Эслатма варақалари" ҳам таълим муассасаларига тарқатилган.

Озодлик бу ҳужжатни имзолаган 3 идора Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга Телеграм тармоғи орқали, Соғлиқни сақлаш вазири матубот котиби Фурқат Санаевга Телеграм тармоғи орқали, Ёшлар агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаевга Фэйсбук тармоғи орқали саволларни йўллади, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Ўқитувчи ва ота-оналар муносабати

Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги мактаб ўқитувчисига кўра, унинг мактабидаги ўқитувчиларнинг Телеграм тармоғидаги каналига бу ҳужжат 8 сентябрь куни ташланган.

Исми ошкор этилишини истамаган ўқитувчи ушбу ҳужжат билан ҳукумат масофавий таълим учун шароит ва бунинг учун зарур сарф-ҳаражатни, бу таълим турини, гўёки ўз ихтиёри билан танлаган ота-оналарга юклаб қўйган:

"Мен масалан ҳам ўқитувчиман, ҳам онаман. Бу ҳужжат билан масофавий таълимга кетадиган харажат ўқитувчи ва ота-онасининг ўзига юклаб қўйиляпти. Мен масалан, масофавий дарс ўтиш учун Интернетга ўзим пул тўлаяпман - қўл телефонимга 60 минг, уйимдаги телефонга 99 минг сўм. Менга ўхшаб, ота-она ҳам ҳамма ҳаражатни ўзи тўлаяпти. Тўғри, ҳозир бутун дунёда масофавий таълим. Лекин шароит, маошлар даражаси буни кўтармайдида. 6 ойдан бери карантин бўлса. Энди бунинг учун Маъмурий кодекс билан жарима тўлайсиз, деб жазо белгилаш - ҳақсизлик!"

Наманган вилояти Поп туманидаги ўқитувчи ҳам, шу кунда мамлакат бўйлаб йўлга қўйилган масофавий таълим - чекка қишлоқлар, туманлардаги аҳоли пунктлари учун асосий таълим усули бўлиб қолаётгани, айнан шу ҳудудларда бундай таълим турига шароит жуда оғирлигини айтмоқда.

"Биз ишлаб турган мактабда 1-4 синфлар дарс бошлади. Лекин, қолганлар масофавий таълим оляпти. Биздан ҳам ота-оналар билан ишлаш, уларни онлайн таълимга кўпроқ жалб қилиш сўралган. Лекин, қандай қилиб, ота-онадан болага Интернет олиб беринг, компьютер олиб беринг, деб талаб қиласиз, бунга бизнинг ҳаққимиз йўқ! Пандемия шароити бўлса, аҳвол оғирлигини кўриб туриб, сизга жазо бор, деб ота-онадан талаб қилолмайсизда! Масалан, мен ўқитувчиман, менда битта компьютер бор - 2-синф қизим, 5-синф ўғлим ва мен бирга шуни ишлатамиз. Интернетга 120 минг сўм кетади ойига", деди ўқитувчи, исмини окшор этмаслик шарти билан.

Самарқандлик яна бир ўқитувчи ҳам масофавий таълим бўйича ўқитувчиларга зиммасига юкланган мажбуриятдан норозилигини айтди.

Унинг айтишича, мактаблар Интернет алоқаси ва Wi-fi қурилмаси билан таъминланиши ваъда қилинган, лекин у ишлаб турган мактаб ўқитувчилари шу йил баҳорги чоракда ҳам, янги ўқув йилида ҳам Интернет алоқаси учун ўз ҳисобидан маблағ тўламоқда.

Айни пайтда у ҳам ота-оналар оғир танлов қаршисида қолгани, аксар оилалар бу борада юкланаётган мажбуриятни бажаришига кўзи етмаслигини айтди.

Унга кўра, ота-оналар бу таълим турини ихтиёрий-мажбурий тарзда, айримлар бошқа танлов имкони бўлмагани, айримлари эса боласига COVID-19 касаллиги юқишидан қўрққани учун танлаган:

"Бир тарафдан, ўзингиз танланг, деб ота-оналарга сўров эълон қилишди. Иккинчи тарафдан, мана ўзингиз танладингиз, энди Интернет, мобил телефон, компьютериниям олиб беринг, дейишяпти. Қишлоқ ва чекка туманларда мактабларнинг кўпи очилишга тайёрмас, масофавий таълимга ҳам шароит йўқ - қишлоқларда Интернет алоқаси қарийб йўқ. Ҳали совуқ тушса кўрасиз, свет узилади, телевизор ҳам ўчади", дейди исмини ошкор қилинишини истамаган самарқандлик ўқитувчи.

3 сценарий

Халқ таълими вазирлиги бу йил COVID-19 пандемияси даврида бошланган ўқув йилида ота-оналарга 3 сценарийдан бирини танлаш ихтиёри берилганини билдирган эди: анъанавий (мактабда), онлайн (уйда) ва аралаш (мактаб ва уйда) таълим усули.

Вазирлик айни мақсадда сўров эълон қилган ва ота-оналардан ўзларига маъқул таълим турини танлашни сўраган эди.

Халқ таълими вазири мамлакат бўйлаб умумтаълим мактаблари 14 сентябрь куни очилиши мумкинлиги ҳақида 25 август куни маълум қилган.

Бу ўринда мактабларда коронавирусга чалинган ўқувчи ва ўқитувчиларни остонадаёқ аниқлаб, тегишли чораларни кўра оладиган махсус гуруҳ - "COVID-19 фильтр" гуруҳи тайёр бўлиши шарт.

Бу гуруҳлар ҳар смена бошланиши олдидан ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиб, бинога киритади. Гуруҳларда 1 нафардан ҳамшира, санитар, ИИВ, Миллий гвардия ходими бўлиши лозимлиги айтилган.

Мактаб ҳудудида ҳар 30 ўқувчига камида битта қўлювгич бўлиши шарт.

22 сентябр ҳолатига мамлакат бўйлаб 10 мингга яқин мактабнинг 44 фоизи очилган, қолганидаги ўқувчилар масофавий шаклда дарс олмоқда.

XS
SM
MD
LG