Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:54

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботи: Ўзбекистонда мажбурий меҳнат кўлами ўзгармаган


Тошкент вилояти пахта далаларида бюджет ташкилоти ходимлари пахта термоқда, 25 октябрь, 2019 йил.
Тошкент вилояти пахта далаларида бюджет ташкилоти ходимлари пахта термоқда, 25 октябрь, 2019 йил.

АҚШ Давлат департаменти 25 июнь куни Вашингтонда тақдим этган ҳисоботда Ўзбекистон одам савдосига қарши кураш бўйича ҳануз "минимал стандартлар"га эришмагани, мамлакатда мажбурий меҳнат даражаси 2018 йилдагига нисбатан камаймагани айтилган.

Ҳисоботни тақдим қилар экан АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистон ҳукумати одам савдоси ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича белгиланган минимал стандартларга эришмаган эса-да муаммони ҳал этиш йўлида ҳукумат сезиларли чора-тадбирларни амалга ошираётганини таъкидлади:

"Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда ҳукуматлар халқни пахта саноати ва бошқа соҳаларда ишлашга мажбур қилиши узоқ тарихга эга. Ўзбекистоннинг ушбу муаммони ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа мамлакатлар учун янги стандартларни ўрнатмоқда", – деди тақдимот чоғида Давлат котиби.

Дунёдаги 187 давлат ва ҳудудлардаги одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича ҳаракатлар акс эттирилган ҳисоботда Ўзбекистон икки йилдан бери "Tier 2" махсус кузатув гуруҳидаги давлатлар қаторида қолмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, ҳукумат томонидан одам савдоси билан шуғулланишда гумон қилинганларга нисбатан қонунни қўллаш амалиётини сўнгги 5 йил давомида сустлаштирган, одам савдоси бўйича жиноят ишлари сони камайган.

"Шу боис, Ўзбекистон иккинчи йил ҳам "Tier 2" махсус кузатув рўйхатида қолди", дейилади ҳисоботда.

АҚШ Давлат департаменти ўз ҳисоботида Ўзбекистон ҳукуматини "пахта-йиғим терими даврида пахта етиштириш бўйича квоталарни йўқотиш, пахтакорларнинг иш ҳақларини ошириш ва теримчиларнинг меҳнат шароитини яхшилаш каби чоралар орқали пахта теримида мажбурий меҳнатни тугатиш ҳаракатларини давом эттириш"га чақирган.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг ихтиёрига зид равишда 2019 йилда ҳам пахтага мажбурлангани ҳақида Озодлик хабар берган.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши қонунлар қабул қилинганига қарамай¸ айрим вилоятларда ўқитувчи ва шифокорларнинг ҳам маҳаллий ҳокимлар томонидан мажбурий меҳнатга жалб этилгани кузатилди.

XS
SM
MD
LG