Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:55

2019 йилда табиий газ туфайли атмосферага рекорд кўламда карбонат ангидрид гази чиқарилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

2019 йилда табиий газдан фойдаланиш кўлами кенгайгани туфайли глобал миқёсда атмосферага чиқарилган CО2 – углерод диоксиди (карбонат ангидриди) кўлами рекорд даражага етди. Бир неча мамлакатда иқлим билан боғлиқ фавқулодда вазият эълон қилингани ҳамда жаҳон бўйлаб кўмир ёқиш кўлами озайгани бунинг олдини ололмади.

Глобал углерод лойиҳаси (The Global Carbon Project) жорий йилда атмосферага чиқарилган CО2 гази миқдори ўтган йилга солиштирганда 0,6 фоизга кўпроқ бўлишини маълум қилди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилдаги ўсишдан озроқ, аммо глобал исиш жараёнини секинлатиш учун етарли эмас.

Рецензия қилинган уч илмий мақола муаллифлари CО2 кўламидаги ўсиш сабаби табиий газ ва нефть эканлигини хулоса қилишди.

Углерод диоксиди кўлами бўйича ҳисобот муаллифларидан бири, Шарқий Англия университети профессори Коррин Ле Квер атмосферадаги CО2 концентрацияси миллионига 410 бўлак даражасига етиши кутилаётганини айтди. Бу эса сўнгги 800 минг йил ичида кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

Ўтган ҳафтада БМТ глобал ҳарорат кўтарилишини 1,5 даражагача чеклаш учун 2030 йилгача ҳар йили глобал карбонат ангидрид кўлами 7,6 фоизга озайиб бориши кераклигини айтди. БМТ, шунингдек, 2010 йиллар қайд этилган тарихдаги энг иссиқ ўн йиллик бўлганини билдирди.

Саноат даври бошланганидан бери глобал иқлим бор-йўғи 1 фоизга кўтарилган бўлса-да, 2019 йилда иқлим ўзгариши бир неча кучли тўфон, қурғоқчилик, ўрмон ёнғини ва сув тошқини содир бўлишига ҳисса қўшди.

Глобал углерод лойиҳаси тадқиқотчиларининг айтишича, 2019 йилда атмосферага чиқарилган заҳарли газлар кўлами секинроқ суратда ўсди, аммо йил якунида бу кўрсаткич 2015 йилга солиштирганда 4 фоизга юқорироқ бўлади. 2015 йилда Парижда жорий аср охирига қадар глобал исишни, саноатлашувдан олдинги давр билан солиштирганда, Цельсий шкаласи бўйича 2 даража (Фаренҳейт шкаласи бўйича 3,6 даража), рисоладагидай ҳолатда эса 1,5 даража (2,7 Фаренҳейт) ўсиш билан чеклашга келишиб олган эди. Шу кунгача ўртача ҳарорат деярли 1°C исиб улгурди ва зикр этилган келишувдаги мақсадга эришиш учун жуда оз имконият қоляпти.

Глобал углерод лойиҳаси ҳисоботида ёзилишича, атроф-муҳитни энг кўп ифлослантирувчи ёқилғи кўмир бўлиб, сўнгги икки йил ичида ундан фойдаланиш 10 фоизга қисқарган. Аммо Хитой ва Ҳиндистон каби давлатлар фаолияти ҳамда табиий газдан фойдаланиш кўлами ошгани учун атмосферага чиқариладиган заҳарли газларнинг умумий кўламида катта ўзгариш кузатилмаган.

CICERO халқаро иқлим тадқиқотлари маркази директори Глен Питерс:

- Кўмирга солиштирганда табиий газ тозароқ қазилма ёқилғи ҳисобланади. Аммо табиий газдан хоҳлаганча фойдаланиш сайёрани кўмирга қиёслаганда секинроқ иситади, холос, - деди.

XS
SM
MD
LG