Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:20

Прокурор Мирзиёев жазолашни ваъда қилган Бухородаги МХХчиларга узоқ муддатли қамоқ жазoлари сўради


Адолат тарозиси
Адолат тарозиси

20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий судида Бухоро вилояти собиқ МХХ бошқармаси ва прокуратурасининг бир гуруҳ раҳбарлари устидан ўтаётган ёпиқ суд мажлисида давлат қораловчиси айбланувчиларга нисбатан 15,5 йилдан 18,5 йилгача қамоқ жазоси сўраган. Бу Озодликка юборилган суд жараёнига оид ҳужжатлар, қолаверса ҳуқуқ фаоллари ва Тошкент ҳарбий гарнизонининг номи сир қолишини истаган мулозими билан суҳбатлардан маълум бўлди. Озодлик боғланган Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати суднинг ёпиқ ўтказилаëтгани боис бу ҳақда маълумот берилмаслигини билдирди.

Озодлик қўлга киритган айрим тергов ва суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, 08/26616-18-сонли мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг тергов гуруҳи томонидан шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси асосида олиб борилган.

Айбланувчилар жами 11 нафар бўлиб, улар устидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) ва 235-моддаси (Қийноқ) билан тергов ишлари қўзғатилган.

"Суднинг қора курсисида Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) Бухоро вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Рустам Азимов, бошлиқнинг ички хавфсизлик бўйича ўринбосари, полковник Азим Юнусов, тезкор вакиллар Инъом Маърупов ҳамда Баҳодир Ҳошимовлар ўтирибди," деди Тошкент ҳарбий гарнизони мулозими.

Шунингдек, гуруҳ аъзолари сифатида кўрилаётганлар қаторида Республика Бош прокуратураси қошидаги солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш Департаментининг Бухоро вилояти бўлими бошлиғи Равшан Ражабов, Бухоро вилояти прокуратураси терговчиси Расул Юлдашев, Бухоро вилояти ИИБ терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи ўринбосари Умид Бобомуродов ҳам бор.

Жиноят ишида Бухородаги Қоровулбозор қамоқхонаси "лохмач"лари сифатида таснифланган Рустам Жумаев, Умид Иноғомов, Жамшид Сафаров ҳамда Александр Ивановлар ҳам сўроққа тортилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати МХХ ва прокуратуранинг Бухородаги собиқ ходимлари устидан бораëтган маҳкама ёпиқ бўлгани учун маълумот берилмаслигини билдирди.

Суд жараёнидан воқиф яна бир ҳуқуқ фаоли Озодлик билан суҳбатда бухоролик ака-ука Ибодовларнинг қийноққа тутилгани ҳақидаги даъволарнинг жиноий иш марказида эканини билдирди.

Ака-ука Ибодовлар иши

Бухоро шаҳридаги “Ситора” автомобиль бозорида тадбиркорлик билан шуғулланиб келган 44 ёшлик Илҳом Ибодов ва унинг акаси 48 ёшлик Раҳим Ибодовлар 2015 йил 16 август куни савдо қоидаларини бузганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Бир ой ўтиб Бухоро Миллий хавфсизлик бошқармаси тергов изоляторидан Илҳом Ибодовнинг ўлиги чиқди.

Илҳом Ибодовнинг Озодликка етиб келган қамоқдан чиққан жасади суратларида мурданинг қорин ва бел қисмларида кўкарган жойлари ва оёғида жароҳатларини кўриш мумкин.

Марҳум Ибодов баданида қийноқ изларини кўриш мумкин
Марҳум Ибодов баданида қийноқ изларини кўриш мумкин

Бухоро вилоят суд-тиббиёт экспертизаси Илҳом Ибодов ўлими сабабларини ўрганиб, маҳбус тергов изоляторида юрак хуружидан вафот этган, деган хулосани чиқарди.

Илоҳом Ибодовнинг акаси Раҳим саккиз йилга қамалди.

28 ноябрь куни Хюман Райтс Уотч, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик, Норвегия Хелсинки қўмитаси ва Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси Ўзбекистон ҳукуматини ака-ука Ибодовларнинг қамоқхонада қийноқларга солиниши ҳолатини тергов қилишга чақирди.

2016 йил 1 декабрда Озодлик билан суҳбатлашган ака-ука Ибодовларнинг онаси Хурсанд Ражабова кичик ўғлининг қамоқхонадаги шубҳали ўлими юзасидан батафсил, холис ва шаффоф текширув ўтказиш ҳамда ўзбек қамоғида қолаётган яна бир ўғлини озод этишни сўраб Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат этганини билдирди.

"Уларни ҳам шу кўйга солдираман"

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 16 февраль куни Бухоро вилоятининг Пешкў туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда Миллий хавфсизлик хизмати (янги номи Давлат хавфсизлик хизмати) ни танқид қилди.

МХХга берилган чексиз ваколатни танқид қилган президент, тизим фаолиятини ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағонга солиштирган эди.

Мирзиёев МХХ фаолиятини 37-йилдаги қатағонга қиёслади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:44 0:00

Президент ака-ука Ибодовларнинг қийноққа солинганини тилга олмаган эса-да, унинг қўлида МХХнинг Бухородаги жиноятлари ҳақида етарли далиллар борлини айтди:

“Бухородан менда жуда кўп манба бор. Тадбиркорларни айбсиз қамагани, қандай қийнагани, расмлари ҳам бор менда. Ўша ишни қилган терговчиларнинг ҳаммасининг фамилияси бор. Худо хоҳласа, соғ-саломат юрсак, вақт келади, телевизорда кўрасизлар. Уларни ҳам худди шу куйга солдираман. Нима учун, адолат бўлиши керак. Йигирма йил бўлса, йигирма йил қамалади”, деди президент.

Бухородаги МХХ ва прокуратура мулозимлари устидан Олий ҳарбий суди ҳукми яқин кунларда чиқиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG