Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:46

Мажлисбозлик хроникаси. Банк ходимлари мажлисбозликдан силласи қуриганини айтмоқда


Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери ҳар бир соҳа муаммоларига бағишланган махсус видеоселектор йиғилишлари ўтказиш урф бўлди.
Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери ҳар бир соҳа муаммоларига бағишланган махсус видеоселектор йиғилишлари ўтказиш урф бўлди.

Ўтган ҳафталар давомида Озодликка бир-биридан мустақил тарзда мурожаат қилган банк тизимининг Самарқанд ва Тошкент вилоятларидаги айрим масъул ходимлари ҳокимлик ва банк соҳаси раҳбарларининг “муттасил мажлисбозлиги”дан шикоят қилди.

Банк ходимларининг ишонишича, “мажлисбозлик” уларнинг профессионал иш фаолияти ва саломатлигига “энг кўп зиëн етказаëтган омил” бўлмоқда.

Самарқанддаги банк масъулларидан бири ўз сўзи исботи сифатида Озодликка вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан банк мутасаддиларига юборилган телефонограммалар нусхасини тақдим қилди.

Телефонограммалардан сўнгги бир ой ичида иш пайти ва ҳатто ундан кейин ҳам ўтказилган мажлисларга оид чақирувнинг бутун вилоятдаги молия-иқтисодиëт соҳаси раҳбарларига тааллуқли экани кўрилади.

Бундай чақирувлар юборилган банк тизими мулозимларига кўра¸ ҳар бири 3-4 соатга чўзиладиган мажлисларда бирор жўяли масала муҳокама қилинмайди.

Уларнинг таъкидлашича, ҳар гал айни гап такрорланадиган бу йиғилишларда қатнашмаслик “баҳоси” ишдан ажраб қолишдир.

Айни шундай шикоят билан Озодликка мурожаат қилган Миллий банкнинг Тошкент вилоятидаги айрим ходимлари¸ банкнинг вилоят раҳбари ҳар кун тонгги 6-7да мажлис чақиртириши¸ 100 кмча масофадаги районлардагиларнинг ҳам эрта тонгда бу мажлисга етиб келиши шарт қилиб белгиланганини билдирди.

Озодлик Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Миллий банки раҳбариятидан бу шикоятларга муносабат ола олмади.

Масъулларнинг хизмат ва мобил телефонига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

“Самарқанддаги молия-иқтисод сектори мажлисбозлик туфайли “фалаж бўлиб қолди”

Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ самарқандлик банк тизими ходимлари ана шундай фикрни билдирдилар.

Улар бундай эътирознинг ишдан ажраш билан тугаш эҳтимоли боис¸ ўз мансаб ва шахсларини очиқламасликни сўрадилар.

Суҳбатдошлар мажлисбозлик суръат ва кўламини кўрсатиш мақсадида вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари томонидан юборилаëтган расмий хабарномалар нусхасини Озодликка тақдим этди.

Бу хабарномалардан мажлисларнинг¸ асосан¸ президент қарор ва фармонлари ижроси масаласига бағишлангани кўрилади.

Масалан¸ бир ой ичида “бюджет тушумлари” масаласида кетма-кет иккита мажлис ўтказилган ва уларда бутун вилоят бўйича прокурорлардан то Ëшлар иттифоқи мутасаддиларигача қатнашиши шарт қилиб белгиланган.

Ҳокимнинг иқтисодиëт бўйича 1-ўринбосари жонга тегди ҳар куни йиғилиш қилиб. Вазирлар Маҳкамаси томонидан йиғилиш қилиш тартиби ишлаб чиқилган. Президент йиғилиш қилманглар¸ деди. Шу одам, ишга келгандан буëн йиғилиш қилавериб, ҳаммани ишдан қолдираяпти. Йиғилишда гапирган гапининг тутуруғи йўқ. Ҳар сафар бир гапни такрорлайверади. Юзлаб одамнинг вақтини олиб 4,5 соат ушлаб ўтиради”¸ - деди бундай мажлисларга бориши шарт қилиб белгиланган самарқандлик банкирлардан бири.

Озодлик суҳбатдошлари¸ бундай мажлисбозлик оқибатида банкка иши тушиб келган оддий аҳоли ва тадбиркорлар ишини битириши лозим мутасаддиларни топа олмай сарсон бўлаëтгани¸ президент қарорларининг ижроси тезлашиш ва соддалашиш ўрнига¸ бюрократия занжирида тобора мураккаблашиб¸ чўзилиб бораëтганини айтади.

Самарқанд вилоят ҳокимининг тадбиркорлик масалалари бўйича 1-ўринбосари ëрдам қилиш ўрнига тадбиркорларни сарсон қилмоқда. “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури бўйича берилаëтган кредитларни менинг рухсатимсиз бермайсизлар”¸ деб президент қарори ижросини тўхтатаяпти”¸ деди банк мутасаддиси.

У вилоят ҳокими 1-ўринбосари котибияти мудири Қаюм Хушбаковнинг Самарқанд вилоятидаги туман ҳокимларининг иқтисодиëт ва тадбиркорлик масалалари учун масъул 1 -ўринбосарларига Telegram мессенжери орқали юборган хабарини илова қилди.

Telegram орқали юборилган топшириқ фотонусхаси.
Telegram орқали юборилган топшириқ фотонусхаси.

Бу хабарда¸ юридик шахсларга кредит бермоқчи бўлган банк раҳбариятидан лойиҳани шахсан вилоят ҳокимининг ўринбосари тасдиғидан ўтказиш талаб қилинади.

Тадбиркорлар кредит олиш учун ҳужжатларни расмийлаштириб¸ мулкини гаровга қўйиб, Ураковнинг кайфиятига қараб ўтирибди. Бу одам эса мажлисбозликдан бўшамайди. Лекин кредит ололмаëтган тадбиркор ҳокимликдан эмас¸ банкдан норози. Бунақа ахмоқчилик бошқа жойда борми-йўқми билмайман¸ лекин Самарқанд вилоятида вазият шундай”¸ дейди Самарқанддаги банк тизими масъулларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

“Ҳокимлик банк раҳбарини¸ банк раҳбари эса ўз ходимларини мажлисма мажлис овора қилмоқда”

Ўзбекистондаги энг йирик банклардан бири Миллий банк ходимлари Озодликка биринчи марта мурожаат қилаëтгани йўқ.

Миллий банкнинг Тошкент вилоятидаги ходимларининг ҳафта охирида дам олиш ўрнига мажбурий меҳнатга чиқарилаëтгани ҳақидаги шикоят 22 май куни SizdanTelegram саҳифасида эълон қилинган эди.

Бу шикоятга илова қилинган модемограмма деб аталган ҳужжатда банк бошқаруви ўринбосари Алимовнинг бутун вилоятдаги банк ходимларини 11-12 май кунлари “ўт-ўланлар ва чиқиндилардан” тозалаш ишларига чиқишга буюрган¸ чиқмаганларни мукофот пулисиз қолишидан огоҳлантирган эди.

Бу хабар ортидан Меҳнат кодексини очиқчасига бузган банк раҳбариятига жиддий огоҳлантириш берилган ва мажбурий меҳнатга чиққанимиз учун¸ ўтиб кетган число билан ҳақ тўлаш йўлга қўйилган эди. Аммо бу огоҳлантирув натижаси узоққа чўзиламди. Биз банкирларни “ҳашар”га чиқариш давом этмоқда. Энг ëмони¸ Тошкент вилоят Миллий банки раҳбари ҳар кун эрталаб мажлис ўтказади. Баҳона - президентнинг “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижросини муҳокама қилиш. Битта қарорни яна қанча муҳокама қилиш мумкин! Тошкент катта вилоят¸ 100 кмлик масофадан туман филиаллари раҳбарлари¸ юристлари эрта тонгдан Тошкентга – мажлисга келиши керак. Озгина кечикканлар ҳақорат эшитади¸ мукофот пули кесилади”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган "Ўзмиллийбанк"нинг Тошкент вилоятидаги масъулларидан бири.

Банк ходимларининг Озодликка айтишича¸ бу тизимда асосий даромад ойлик эмас¸ балки мукофот пули бўлгани учун¸ мажлисга кечикканлик¸ “ҳашар”га чиқмаганлик учун мукофот пулининг бекор қилиниши¸ банк ходимини ойлик даромадсиз қолдириш билан тенгдир.

Озодликка тақдим этилган телефонограммадан¸ жорий йилнинг 7 июнь кунги мажлиснинг иш куни тугаганидан бир неча соат ўтиб¸ кечқурунги 21:30 га чақиртирилганини кўриш мумкин.

Ўзмиллийбанкнинг Тошкентдаги масъуллари¸ меҳнат қонунчилигига зид белгиланган равишда иш соатларидан кейин мажлис ўтказиш бу вилоятда муттасил давом этаëтганини билдирди.

Миллий банкнинг Тошкент вилояти раҳбари томонидан юборилган буйруқ нусхаси.
Миллий банкнинг Тошкент вилояти раҳбари томонидан юборилган буйруқ нусхаси.

Миллий банкнинг тунги ва эрта тонгги мажлисларига қaтнаши шарт бўлган масъуллари¸ иш кунининг ярим тунгача давом этаëтгани¸ уйига тунги 1-2 ларда бораëтган банк раҳбари эрталаб соат 5-6 да яна мажлисга деб йўлга чиқиши¸ ўзларни ҳам жисмонан¸ ҳам руҳан толиқтирганини таъкидлайди.

Икки йилдан бери бошимиз мажлисбозликдан чиқмайди. Нормал иш соатлари йўқ¸ дам олиш куни йўқ. Бунақа ритмдан ҳаммамиз ҳолдан тойганмиз. Ëқмаса кетинглар¸ дейди. Кетсак¸ қараб турган иш бўлмагани учун¸ кўпчилигимиз чидаб юрибмиз. Иш сифати¸ унуми ўта паст¸ банк бўлиб банк ишини қилолмасак¸ оддий одамлар ҳам¸ тадбиркорлар ҳам биздан норози.Бизни эшитадиган эса йўқ”¸ дейди Миллий банк масъулларидан бири.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йил 28 май куни иш билан боғлиқ стресс¸ сурункали дам олмасдан ишлаш оқибатида туғиладиган “силла қуриши¸ ўта кучли толиқиш”ни ўз тарихида биринчи марта “руҳий касаллик” сифатида эътироф этди ва ҳукуматлар¸ иш берувчиларга бундай касалликка элтувчи муҳитга барҳам беришни тавсия қилди.

Мажлисбозлик муаммоси

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакат бўйлаб мажлис ўтказиш¸ хусусан¸ президент ва Бош вазирнинг видеоселектор мажлислари ўтказиш урфга кирди.

Бутун мамлакат бўйлаб минглаб давлат хизматчиси ва тадбиркорлар асосий вақтини соатлаб давом этган бу мажлисларда ўтказадиган бўлди.

Кўп ўтмай¸ мажлисбозликнинг янги муаммога айланганини англаган ҳукумат раҳбарларининг ўзи уни камайтириш ҳақида гапира бошлади.

Хусусан¸ 2017 йилнинг 9 август кунги видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев:

Бош вазир А.Арипов ва Бош прокурор И.Абдуллаевга мажлисбозлик, қоғозбозлик ва ҳисоботбозликни кескин камайтириш, давлат идоралари фаолиятида маълумот алмашишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича ҳукумат қарорини ишлаб чиқиб, ижросини алоҳида назоратга олиш вазифаси юкланди”, деди.

2018 йил 25 август куни Бош вазир Абдулла Арипов¸ мажлислар тартиби ва самарадорлигини ошириш мақсадида улар сонини кескин камайтириш ҳақида топшириқ берган эди.

Мажлисбозликдан халқ ва давлат хизматчилари ўзининг тоқати тоқ бўлгани ортидан президент 2018 йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида:

Биз марказда ва жойларда ортиқча мажлисларни кескин камайтириб, кўпроқ амалий ишлар ва аниқ натижа билан шуғулланишимиз керак. Нега деганда, одамлар қуруқ мажлисбозликдан чарчади”¸ деган эди.

XS
SM
MD
LG