Хотин-қизларга қарши зўравонлик дунё бўйлаб кенг тарқалган бўлиб, кўпинча етарли даражада хабар қилинмайди.
Кенг тарқалган жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонлик фаоллар аёллар ҳуқуқларига глобал ҳужум деб атаган ҳодиса кўринишидир.
Бу ҳеч қаерда Афғонистондагидек яққол кўринмайди. Толибон аёлларни ижтимоий ҳаётдан бутунлай ўчириб ташлади, уларнинг асосий ҳуқуқларини қаттиқ чеклади.
Толибон ҳукумронлиги остида Афғонистон ўсмир қизларнинг мактабга бориши тақиқланган дунёдаги ягона мамлакатга айланди.
"Мен шифокор бўлиб, ўз мамлакатимга хизмат қилишни хоҳлардим," деди афғон ўсмир қиз Марзия “Озодлик” радиосига. "Тўққиз йил ўқидим, лекин ҳаммаси бекор кетди. Энди уйда ўтирибман."
2021 йилда ҳокимиятни қўлга олган Толибонни ҳеч бир давлат тан олмаган. Бироқ, тобора кўпроқ мамлакатлар, шу жумладан, Ғарб давлатлари ҳам унинг ҳукумати билан савдо, хавфсизлик ва иммиграция масалалари бўйича ҳамкорлик қилмоқда.
"Агар дунё Толибон аёллар ва қизларга нима қилаётганини кўриб, елка қисиб, ўтиб кетса ва бунинг ўрнига бошқа масалаларда Толибон билан ҳамкорлик қилишга эътибор қаратса, бу глобал раҳбарлар учун аёллар ва қизлар ҳуқуқлари қанчалик аҳамиятсиз эканлигини кўрсатади," деди Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW)нинг аёллар ҳуқуқлари бўйича директор ўринбосари Хизер Барр.
Толибон ҳукмронлиги даврида мажбурий, эрта ва болалар никоҳлари кўпайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таъкидлашича, сўнгги уч йил ичида мамлакатда болалар никоҳлари тахминан 25 фоизга ошган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари айтишича, ҳалокатли иқтисодий ва гуманитар инқироз ҳамда аёлларнинг таълим ва касбий истиқболларининг йўқлиги бу кескин ўсишни кучайтирган.
"Мен 14 ёшимда турмушга чиқдим ва 15 ёшимда биринчи фарзандимни кўрдим," деди Шаҳзода «Озодлик» радиосига. "У қиз эди. Мен у билан жуда қийналдим. Тирик қоламан деб ўйламагандим. Бу мен учун ниҳоятда оғир эди."
"Танлаш эркинлиги"
Қўшни Эронда аёлларга кўплаб ўқиш йўналишлари, спорт мусобақалари, эрининг розилигисиз паспорт олиш ёки чет элга чиқиш тақиқланган.
Мамлакатнинг исломий кийиниш қоидаларини бузган аёллар эса жарима ва 10 йилгача қамоқ жазосига тортилади.
Тобора кўпроқ эронлик аёллар мамлакатнинг диний тузумига қарши чиқиб, мажбурий ҳижоб ёки исломий бош кийимдан бош тортмоқда.
"Ҳижоб Эронда аёлларга зулм рамзидир," дейди Эронда яшовчи 20 ёшли аёл “Озодлик” радиосига. "Бу мато биздан тортиб олинган ҳуқуқни ифодалайди. Бу мен нимани кийишни хоҳласам, ўшани танлаш эркинлигидир."
2022 йилда Эрон бўйлаб бўлиб ўтган мисли кўрилмаган норозилик намойишларида зиддиятли ҳижоб масаласи марказий ўринни эгаллади. Намойишлар ҳижоб қонунини бузганликда айбланиб ҳибсга олинган ёш аёл Маҳса Аминийнинг қамоқда вафот этиши сабаб бошланган эди.
Намойишлар ҳижоб қонунини бузганликда айбланиб ҳибсга олинган ёш аёл Маҳса Аминийнинг ҳибсда ўлими билан бошланганди.
Ҳокимият намойишчиларга шафқатсиз зарба берди ва ҳижоб кийиш қоидаларини янада қаттиқроқ жорий қила бошлади.
Шу билан бирга, Эронда ҳар йили ўнлаб аёллар оиланинг "шаънини" сақлаб қолиш баҳонасида ўзларининг эркак қариндошлари, жумладан, эрлари, оталари ва ака-укалари томонидан ўлдирилади.
Нью-Йоркда жойлашган "Stop Femicide Iran" нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, 2023 йилда Эронда 150 дан ортиқ аёл аёлларга қарши қотиллик қурбони бўлган.
Сиёсий ирода
Гендер асосидаги зўравонлик ҳатто аёлларнинг ташқи кўриниши, ҳаракатланиш эркинлиги ва ишлаш ёки ўқиш ҳуқуқи чекланмаган мамлакатларда ҳам кенг тарқалган.
БМТнинг 2023 йилдаги тахминига кўра, ҳар 10 дақиқада бир аёл турмуш ўртоғи ёки оила аъзоси томонидан ўлдирилган. Жаҳон ташкилоти маълумотларига кўра, деярли ҳар учта аёлдан бири ҳаётида камида бир марта зўравонликка дучор бўлади.
Косовода сўнгги 14 йил ичида камида 58 аёл ўлдирилган.
20 ёшли Эрона апрелда, ажрашганидан деярли бир йил ўтиб ўлдирилган. Унинг собиқ эри қотилликда айбланмоқда.
Эронанинг онаси Милиҳатининг фикрича, қизи кўп йиллар давомида оилавий зўравонликдан азият чеккан.
"У уйга қайтиб келар ва ҳеч қачон унинг олдига қайтмаслигини айтарди, лекин нимадир содир бўларди-ю, у яна қайтиб кетарди," дейди у “Озодлик” радиосининг Косово хизматига.
Босния ва Герцеговинада бир эркак ўзининг собиқ рафиқасини ўлдираётганини Istagram’да жонли эфирда намойиш қилди ва охир-оқибат қуролни ўзига қаратди.
2023 йил август ойида содир этилган бу қотиллик жамоатчиликда шок ва ғазабни келтириб чиқарди ҳамда мамлакатдаги аёлларга нисбатан зўравонлик муаммосини яна бир бор кўрсатиб берди.
Мамлакатнинг шимоли-шарқида яшовчи Майда тахминан бир йил олдин ажрашган ва зўравон эридан шикоят қилган.
"У олдимга келиб, бўйнимдан ушлади. Болаларим буни кўриб, йиғлаб юборишди. Мен уларга Мен яхшиманъ дедим, лекин кейин у мени урди," дейди Майда «Озодлик» радиосининг Болқон хизматига.
Кейин, дейди у, эри уни ва болаларини ўлдириш билан таҳдид қилган. "Мен унинг нимага қодир эканлигини биламан, шунинг учун полицияга бориб, шикоят қилишга қарор қилдим," дейди у.
Охир-оқибат, у чеклов буйруғини олишга муваффақ бўлди. Аммо у ўзини ҳали ҳам хавфсиз ҳис қилмаяпти. "У куннинг исталган вақтида келиб, хаёлига келган ишни қилиши мумкин," дейди у.
Мутахассислар таъкидлашича, гендер асосидаги зўравонлик олдини олиш мумкин ва муаммони ҳал қилиш кўпинча сиёсий иродага боғлиқ.
"Булар ҳал қилиб бўлмайдиган сирли муаммолар эмас – улар ҳукуматлардан аёллар ва қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чин дилдан содиқ бўлишни ва бунинг учун зарур бўлган ресурслар, тизимлар ва тажрибани яратишни талаб қилади," дейди HRW вакили Барр.
Форум