Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:24

"Аёллар – асосий қурбон". Нега дунё Толибон билан ҳамкорлик қилмоқда?


Толибон ҳукумати аъзолари.
Толибон ҳукумати аъзолари.

Толибон делегацияси БМТнинг Озарбайжонда ўтказилаётган COP29 халқаро иқлим саммитида иштирок этмоқда. Бу – толиблар 2021 йилда Афғонистонда ҳокимиятни босиб олганидан бери расман таклиф қилинган энг йирик анжумандир.

Аёлларни тамал ҳуқуқларидан маҳрум этаётганига қарамай, Толибон ҳукумати билан музокара олиб бораётган ва ҳамкорлик шартномалари имзолаётган давлатлар ва халқаро ташкилотлар сони тобора ортяпти. Мамлакатда яшаётган ва кўчиб кетишга мажбур бўлган афғонистонликлар бу воқеаларда радикал гуруҳни легитимлаштириш ҳаракатини кўрмоқдалар.

“Аёллар – асосий қурбонлар”

Фотима Толибон 2021 йилда ҳокимиятни босиб олганидан сўнг Афғонистонда қолган. У олти фарзандини ёлғиз катта қилмоқда, эри бир неча йил муқаддам ўлган. Аёл мамлакатдаги камсонли халқаро ташкилотлардан бирида ишлайди, аммо ҳозирги шароитда оиласи ночор аҳволда қолиши мумкин. Сўнгги уч йилда Афғонистонда аёлларнинг мактаб ва университетларга қатнаши, жамоат жойларида юзини очиб юриши, бегоналар тугул ҳатто бир-бирлари билан гаплашиши, маҳрам (қариндош эркак)сиз кўчага чиқиши ман этилди.

“Биз афғонларга, айниқса аёлларга қашшоқлик ва ғайриинсоний шарт-шароитга қарши курашда ёрдам керак”, дейди Фотима.

Толибон Афғонистонда мусиқага қарши курашни давом эттирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:58 0:00

Фотима мамлакатда кўплаб афғонлар фақат оиласини боқишу тамал ҳуқуқларини сақлаб қолиш ҳақида ўйлашини айтади. Аёлнинг айтишича, гуманитар ташкилотлар бераётган ёрдам етарли эмас. Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, 12 млн нафардан ортиқ афғон озиқ-овқат етишмаслигига дуч келмоқда – бу аҳолининг қарийб чорак қисми деганидир.

“Бизга ишлаш имконияти ва кўпроқ гуманитар ёрдам керак, айниқса толибларнинг асосий қурбонлари бўлмиш аёлларга зарур бу нарсалар. Халқаро ҳамжамияти таълим ва аёллар ҳуқуқлари соҳаларида бизни кўпроқ қўллаб-қувватлаши лозим”, дейди Фотима.

Кўп мамлакатлар Толибонни аёллар ва қизлар ҳуқуқларини чеклагани учун танқид қилган, ҳуқуқлар поймол этилар экан бу ҳукумат билан ҳамкорлик қилмасликка ваъда берган эди. БМТ аёллар ҳақларини тизимли чеклаш гендер апартеидга тенглаштирилиши мумкин, дея баёнот берди. Шунингдек, толиблар камида 800 кишини судсиз қатл этгани ўртага чиқди. Бироқ орадан уч йил ўтиб дунё мамлакатлари Толибон билан энергетика ва савдо шартномалари туза бошлади, халқаро ташкилотлар эса уларни турли анжуманларга таклиф этмоқда.

БМТ бошчилигида учрашувлар

Афғонистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш миллий агентлиги ходимлари БМТ томонидан Бокуда ташкил қилинаётган йирик халқаро иқлим саммитида иштирок этадилар. Толибон ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон ҳукумати уларни кузатувчи сифатида таклиф этганини билдирди. Озарбайжон расмийлари ушбу маълумотга изоҳ беришдан бош тортишди, бироқ Reuters манбаларига кўра, толиблар “чекка муҳокамаларда, эҳтимолки бирга-бир музокараларда ҳам” иштирок этишлари мумкин, аммо БМТнинг тўлақонли аъзоси сифатида эмас. Умуман, Боку саммити Толибон 2021 йилда иқтидорга келганидан бери унинг делегацияси иштирок этаётган биринчи энг йирик халқаро воқеа бўлади.

Қувғиндаги афғон ҳуқуқбонлари, фаоллари ва сиёсатчилари инсон ҳуқуқларини, айниқса аёллар ҳуқуқларини кенг кўламда поймол этаётган Толибонга нисбатан чора кўриш ваъдасини бажармаётгани учун халқаро ҳамжамиятни муттасил танқид қилиб келади.

“Қатор мамлакатлар ўз хатти-ҳаракатлари билан Толибонга билвосита ёрдам беряпти. Шу жумладан, айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам. Уларнинг хатти-ҳаракатлари террорчи Толибон режими кучайишига хизмат қилмоқда”, дейди афғон фаоли Тараннум Сайдий.

Германия депортацияларни эълон қилар экан, афғонлар келажакларидан хавотирда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:57 0:00

Унинг фикрича, халқаро ҳамжамият Толибонга халқаро майдон эшигини очишга уринмоқда. Бунинг ортида фойдали қазилмаларни қазиб олиш шартномаларини қўлга киритиш, минтақада разведка амалиётларини олиб бориш, қорадори айланмасини назорат қилиш, минтақадаги умумий геосиёсий вазиятни кузатиш ва бошқа манфаатлар ётади.

“Улар Афғонистонни келишувлар ва уруш мамлакатига айлантиришди”, дейди Сайдий.

2023 йилдаёқ БМТ Қатарда Афғонистон билан алоқаларни йўлга қўйиш бўйича туркум музокаралар ташкил қилган эди. Икки раунддан сўнг, 2024 йилиюнда музокараларга Толибон вакиллари ҳам қўшилди. Музокаралар асосан Афғонистонда хусусий бизнесни ривожлантириш ва гиёҳванд моддалар айланмасини назорат қилишга оид бўлди.

“Биз Афғонистон тинч бўлишини, қўшнилари билан муроса қилиб яшашини, суверен давлат ўлароқ халқаро ҳамжамият олдида, шунингдек қўшнилари ва ўз аҳолиси олдида зиммасига мажбуриятлар олишини истаймиз”, деган эди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

Музокаралар афғон фаоллари ва ҳуқуқбонлик ташкилотларининг танқидига учради. Боз устига, расмий кун тартибида аёллар ҳуқуқлари масаласи йўқлиги ва БМТ толиблар талабига кўра афғон фуқаролик жамияти вакилларини музокаралардан четлаштиргани маълум бўлди.

Афғонистоннинг аёллар ишлари бўйича собиқ вазири ва губернатор лавозимида ишлаган биринчи аёл бўлмиш Ҳабиба Сарабий ўшанда The Guardian нашрига берган интервьюсида: “Аслида БМТни афғон аёлларининг аҳволи қизиқтирмайди”, деган эди.

“Афсуски, халқаро ҳамжамият толиблар билан ҳамкорлик қилмоқчи, бинобарин уларни қизиқтирувчи масалалар Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари, демократия ва бошқа нарсалардан ҳамиша муҳимроқ бўлади”, деган эди у.

БМТнинг Афғонистон бўйича вакили ва Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбаева АР агентлиги билан суҳбатда “БМТга ҳеч шарт қўйган эмас”лигини таъкидлади, аммо кейинроқ БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича муовини Розмари Дикарло бу толиблар билан тўғридан-тўғри музокара олиб боришнинг ягона чораси бўлганини тан олди.

“Бу ўта оғир қарор бўлди. Бироқ, афсуски, де-факто ҳукумат бунақа форматда афғон фуқаролик жамияти билан бир стол атрофига ўтирмайди”, деди Дикарло.

Толиблар. “Қора рўйхатдан” чиқарилаётган ҳаракат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:49 0:00

БМТ мулозимаси, шунингдек, токи мамлакатда аёллар ҳуқуқлари бўғилар экан режимни тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини урғулади.

Музокаралардан сўнг Толибон расмий вакили ва делегация раҳбари Забиҳуллоҳ Мужоҳид Х ижтимоий тармоғида БМТ тарафидан музокарада иштирок этганлар “банклар ва иқтисодий йўлларга доир” чекловларни олиб ташлашга ваъда беришгани ҳақида ёзди. Аммо, чекловлар бекор қилиниши учун Толибон ҳукуматига қандай талаблар қўйилгани мавҳумлигича қолди.

Россия ва Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик

Афғонистондаги халқаро ташкилотларнинг собиқ ходими Файсал Шир ҳозирда Франция иммиграция хизматида ишлайди. У толиблар иқтидорга келгач, таъқибга йўлиқиш хавфи туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган. Файсалга кўра, Толибон билан музокаралар ва иқтисодий келишувлар мамлакатдаги қатағонларни ва ҳуқуқлар оёқости бўлишини тўхтатмайди, қайтага режимга куч бағишлайди.

“Улар иложи борича кўпроқ фойдани чўнтакка уришмоқчи. Чунки бу майда келишувлар эмас, фойдали қазилмалар, қорадори айланмаси ва халқаро савдо йўлларига доир йирик битимлар тузиляпти”, дейди у.

Афғонистонда Россиянинг ҳам ўз манфаатлари бор. Толибон тан олинмаган Ичкерияни қўллаб-қувватлагани ортидан 2003 йилда Россияда расман террорчи ташкилот деб топилган эди. Аммо Кремл энг камида 2018 йилдан бери толиблар билан фаол музокара қилмоқда. Россия дипломатлари аёлларга нисбатан сиёсат туфайли толибларни очиқ танқид қилишса-да, “суверен ҳукумат”нинг ички ишларига аралашмасликларини айтадилар.

Россияда расман “террорчи” мақомида эканига қарамай, толиблар музокара қилиш учун бу мамлакатга бир неча бор келишди. 2024 йилнинг баҳорида афғон делегацияси Петербург халқаро иқтисодий форумида қатнашди. 2024 йил октябрда эса Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашув доирасида Путиннинг Афғонистон бўйича вакили Замир Кабулов Россия яқин орада Толибонни террорчилар рўйхатидан ўчиришини эълон қилди.

ФХХ (ФСБ) директори Александр Бортниковга кўра, мазкур қарор Россия ва Толибоннинг “Ислом давлати” гуруҳининг афғон қаноти – “Вилояти Хуросон” жангариларига қарши курашидаги умумий манфаатлари билан боғлиқ. Эслатиб ўтамиз, “Вилояти Хуросон” 150 киши ўлиб, 550 дан ортиқ кишининг яраланган “Крокус Сити Холл”га ҳужум ташкилотчиси сифатида кўрилмоқда.

Сентябр ойида Қирғизистон Толибонни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Бишкек ўз қарорини минтақавий мулоқотни сақлаш ва энергетика, кончилик, инфратузилма лойиҳалари ва саноат соҳаларида алоқаларни ривожлантириш истаги билан изоҳлади.

Қирғизистондан олдинроқ, июнда Қозоғистон Толибонни ўзининг террорчи ташкилотлар рўйхатидан ўчирди. Остона толиблар ҳокимиятни босиб олганидан бери Кобулга бир неча бор делегациялар жўнатган, толиблар билан савдо-сотиққа доир музокаралар олиб борган. Толибон делегацияси 2023 йилнинг ёзида Остонада ўтказилган бизнес-форумда иштирок этди, унда томонлар ўзаро товар айланмасини 3 млрд долларга етказишга келишиб олишди. Шунингдек, Қозоғистон Толибон билан Афғонистон темир йўлларига техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзолаган.

“Ун ва буғдой каби анъанавий маҳсулотлардан ташқари, қозоқ металли, минерал ўғитлар, жавдар, зиғир етказиб бериш ҳам бошланди. Қозоқ ширкатлари вакилларининг Кобулга сўнгги ташрифидан сўнг энергетик ичимликлар ва ун маҳсулотлари етказиб беришда илк қадамлар қўйилди. Қолаверса, бизда ишлаб чиқарилган кунгабоқар ёғига қизиқиш билдирилмоқда. Фаол иш олиб бориш мумкин бўлган соҳалар ҳали етарли”, деган эди Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин.

Толибон канали Марказий Осиёда сув урушига сабаб бўлиши мумкинми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00

Афғонистон билан энергетика ва фойдали қазилмалар соҳаларида ҳамкорлик кўп мамлакатларни қизиқтиради. Россиянинг Афғонистондаги тадбиркорлик маркази раҳбари Рустам Ҳабибуллинга кўра, 2024 йилда икки мамлакатнинг ўзаро товар айланмаси 1 млрд долларга етган, бунинг катта қисмини газ ва нефт маҳсулотлари ташкил қилган.

Москва 2022 йилдаёқ Толибон ҳукумати билан газ, ёқилғи ва буғдой етказиб бериш бўйича битим тузган эди. Ушбу келишув манзарасида Туркманистон ва Қозоғистон Россия нефти ва газини Жанубий Осиё мамлакатларига транзит қилишда фойдаланиш учун йирик логистика хабини қуриш тўғрисида Толибон билан қўшимча битим имзолади. Туркман ҳукумати ушбу газ қувури ўз мамлакати учун ҳам муҳим даромад манбаи бўлишига умид қилмоқда.

Августда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов расмий ташриф билан Кобулга борди, ташриф доирасида томонлар энергетика, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорлик қилишга доир 2,5 млрд долларлик шартномалар имзолашди. Арипов – толиблар ҳокимиятни эгаллаганидан бери Кобулга расман ташриф буюрган энг юқори мартабали мулозим бўлди.

Толибон Россия, Эрон, Хитой, Покистон, Ўзбекистон ва бошқа қўшни мамлакатлар билан фойдали қазилмаларни қазиб олишга доир бир неча юзта битим тузганини айтмоқда.

Толибоннинг ҳамкорлари орасида Хитой алоҳида ўрин тутади. Пекин толиблар иқтидорга келишгани заҳоти улар билан алоқаларга йўлга қўйган эди. Хитой Толибон ҳукуматини расман тан олмаган бўлса-да, биринчи бўлиб ушбу мамлакатдаги элчисини тайинлаган. Ўтган давр мобайнида томонлар конларни ишга тушириш, мис ва литий экспорт қилиш бўйича юзлаб миллион долларлик шартномалар имзолади. 2023 йилда Толибон ва Хитойнинг CAPEIC нефт-газ ширкати Амударё ҳавзасида нефт қазиб олишга доир 25 йиллик шартнома тузди. 2024 йилда Хитойнинг Кобулдаги элчиси Чжао Син Пекин Афғонистонга божсиз савдо шартларини таклиф этишга тайёрлигини маълум қилди.

Толибон минтақавий халқаро ташкилотларга аъзо бўлишга, лойиҳаларда иштирок этишга хоҳиш билдирмоқда. Хитой ва Покистон Толибон сўровига биноан, Афғонистоннинг Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги (“Бир макон, бир йўл” лойиҳасининг бир тармоғи)да иштирок этишига розилик берди. Бу Афғонистон транспорт-савдо инфратузилмасига катта инвестициялар тикилишини англатади.

Толиблар Афғонистони БРИКС саммитига қўшилишни ва ШҲТга аъзо бўлишни истамоқда. Россия ҳукумати Афғонистон иқтисодиёти барқарорлашгач мамлакатнинг ШҲТга кириши тезлашажагини, айни чоғда бу толиблар ҳукумати расман узил-кесил тан олинади, дегани эмаслигини айтди. Шундан хулоса қилиш мумкинки, Россия ва регионал кучлар Толибонга тамомила ишонганича йўқ, дейди Кобул университети собиқ профессори Ҳалил Аҳмад Надим.

“АҚШ Гуантанамога қамалган собиқ толибларни алмаштириш бўйича музокаралар олиб бораётган пайтда Қатарда Толибонга офис очиб берганди. Шундан сўнг толиблар 2020 йилда ҳокимиятни топшириш борасида АҚШ билан келишган. Табиийки, бу ишлардан сўнг Россия Толибонга оппа-осон ишониб кетолмайди, ҳали-бери уни расман тан олмайди”, дейди эксперт.

“40 миллион афғон – бу фақат толиблар дегани эмас”

Афғонистоннинг Канада ва Франциядаги собиқ элчиси Умар Самад 2021 йилда мажбуран ватанини тарк этган. У дунё худди совуқ уруш давридаги каби икки геосиёсий лагерга бўлинди ва бу Украина ҳамда Яқин Шарқдаги урушлар манзарасида яққол сезилмоқда, деб ҳисоблайди. Толиблар йирик давлатларнинг Афғонистон учун рақобатлашганини ва мамлакатнинг геосиёсий аҳамиятини яхши эслашади, шу боис ҳам улар ўртасида мувозанат сақлашга уринишмоқда, дейди дипломат.

“Минтақа мамлакатлари Толибон билан бирга ишлашни хоҳлаяпти, бугунги воқелик шунақа. Ҳар бирининг ўз манфаатлари бор, ҳар бири фойдали битим тузишни истайди”, дейди Умар Самад.

2020 йилда АҚШ ҳукумати қарийб 20 йил Афғонистонда бўлган қўшинларини узил-кесил олиб чиқиб кетишга қарор қилди. Ўшанда Вашингтон Толибон билан тўғридан-тўғри музокара қилган. Кобул университети собиқ профессори Абдул (хавфсизлик нуқтаи назаридан исми ўзгартирилган – таҳр.) Қўшма Штатлар Толибон ҳокимиятни босиб олажагини ва келишув шартларига риоя қилмаслигини тушунган эди, дейди.

“АҚШ сиёсатидаги ўзгаришлар қўққисдан бўлиб қолгани йўқ, улар Афғонистонни тарк этишлари зарур эди, – дейди Озодлик суҳбатдоши. – Украинадаги урушни ҳам ёддан чиқармаслик керак: толиблар Афғонистонни ўз назоратига олганидан кейиноқ Россия босқини бошланди. Бир пайтнинг ўзида икки урушга инвестиция қилиш имконсиз”.

Толиблар мамлакатга сармоя жалб қилишга муваффақ бўлаётганига қарамай, коррупция, ишсизлик ва қашшоқлик даражаси ҳануз жуда юқори. Афғонлар ушбу битимлардан асосан толиблар режими фойда кўраётганидан, инсон ҳуқуқлари масаласи эса четга суриб қўйилганидан норози бўлишмоқда.

“40 миллион нафар афғон – бу фақат толиблар, дегани эмас. Энг аввало, афғон аёллари ва қизлари ўта қашшоқликда ва ғайриинсоний шарт-шароитда яшаётганини унутмаслик керак. Уларга халқаро ҳамжамият эътибори ва гуманитар ёрдам зарур”,- дейди собиқ элчи Умар Самад.

Форум

XS
SM
MD
LG